Линклар

Шошилинч хабар
12 май 2025, Тошкент вақти: 18:53

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

18:50 27.11.2023

Босиб олинган Қримда кучли бўрон

Қора денгизда давом этаётган кучли бўрон туфайли аннексия қилинган Қримда 500 мингга яқин одам электр энергиясиз қолди. Бу ҳақда 26-ноябр, якшанба куни Россия томонидан тайинланган Қрим “раҳбари”нинг маслаҳатчиси Олег Крючков ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

Унинг маълумотларига кўра, энг кўп яриморолнинг Қора денгиз, Саки, Белогор, Симферопол, Октябр, Бахчисарой ва Ленин туманлари жабрланган. Посейдон мониторинг тизими маълумотларига кўра, Қримнинг жанубий ва жануби-шарқий қирғоқларидаги тўлқинлар 8-9 метрга этади.

Маҳаллий Телеграм каналларида шамол томларни йиртиб ташлаётгани, дарахтлар ва электр устунларини қулатаётгани, шунингдек, денгиз суви босган уйлар ва йўлларнинг видеолари чоп этилмоқда. Россия ва Украина оммавий ахборот воситалари Қора денгиздаги бўронни сўнгги юз йилликдаги энг кучлиси деб атамоқда.

Ярим оролнинг Россия томонидан тайинланган “ҳокимият”ига кўра, ёмон об-ҳаво туфайли Саки-Евпатория автомобил йўли бутунлай тўсиб қўйилган ва сув босган уйларнинг 150 нафар аҳолиси Евпаториядан эвакуация қилинишига тўғри келган. Аннексия қилинган Қримнинг "раҳбари" Сергей Аксенов 27 ноябрни дам олиш куни деб эълон қилди. Аввалроқ худди шундай қарор Севастополнинг "ҳокимияти" томонидан қабул қилинган эди.

18:48 27.11.2023

Херсон ва Харков яна ўққа тутилди

Охирги 24 соат ичида Россия армияси Херсон вилоятига 236 та снаряд узиб, 56 марта ўққа тутди, деди вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Александр Прокудин.

"Душман Херсон шаҳрига 16 та снаряд отди. Россия ҳарбийлари минтақадаги аҳоли пунктлари турар-жойлари, Херсондаги маъмурий бино, тиббиёт муассасаси ва дўконга зарба берди", деди Прокудин.

Александр Прокудиннинг сўзларига кўра, отишма натижасида бир киши жароҳатланган.

Сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинлари Харков вилоятидаги камида тўққизта аҳоли пунктини ўққа тутди, деди вилоят ҳарбий бошқармаси бошлиғи Олег Синегубов.

18:46 27.11.2023

Россия ва Украина ҳарбийлари баёнотлари

Россия Мудофаа вазирлиги якшанба кунги брифингда уларнинг кучлари Украина шарқидаги Купянск, Красний Лиман ва Донецк йўналишларида Украина ҳужумларини қайтарганини маълум қилди.

Россия ҳарбий-ҳаво кучлари, шунингдек, учта украиналик қирувчи самолётни уриб туширди ва 17 та ҲАЙМАРС ракетаси ва 53 та учувчисиз аппаратни тутиб олганини даво қилди.

Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлиги якшанба куни соат 11:00 атрофида унинг қўшинлари Азов денгизи сувлари устида Украинанинг иккита С-200 зенит-ракеталарини аниқлаган ва йўқ қилганини маълум қилди.

Украина томони бу даъвога ҳозирча жавоб бермади.

Шу куни Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Украина кучлари фронтда Россия қўшинлари билан 46 та жангда қатнашганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Россия қўшинлари, қурол-яроғ ва ҳарбий техника тўпланган ҳудудларга учта зарба берганини билдирди.

Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга эмас

16:27 26.11.2023

Дронлар Россия шаҳарларига ҳужум қилмоқда

Якшанбага ўтар кечаси Россия марказий ҳудудлари устида камида 20 та дрон уриб туширилди. Мудофаа вазирлиги хабарномасига кўра, дронлар Москва, Тула, Калуга, Смоленск ва Брянск вилоятларига ҳужум қилган.

Тулада дрон кўпхонадонли уйга урилиб, балконга шикаст етказган ва бир неча дераза ойнасини тўккан. Ойна синиқларидан уч киши жароҳат олган.

Shot телеграм-каналига кўра, зарар кўрган хонадон жойлашган подъездда яшовчи 60 киши кўчирилган. Уларга меҳмонхонадан ва болалар уйидан жой берилган.

Москва мэри Сергей Собянин дронлар нишони Москва шаҳри бўлганини айтди. Пойтахтдаги Домодедово ҳамда Внуково аэропортлари вақтинча ишини тўхтатди.

Россия Мудофаа вазирлиги тунги воқеаларни “Киев режимининг террорчилик ҳужумини амалга оширишга уриниши” деб атади. Украина томонидан расмий изоҳ бўлганича йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG