Россия Киевга бир кечада 75 та камикадзе дрони билан ҳужум қилган
Россия шанба кунига ўтар кечаси Украинага рекорд сондаги ҳужумчи дронлари билан ҳужум қилди, дея билдирди Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари штаби.
Хабарда айтилишича, Россия кучлари жами "Шаҳед-131/136" типидаги 75 та ҳужумчи дронни Украинага учирган, шулардан 74 таси ҳаво мудофаа тизимлари ёрдамида йўқ қилинган. Россия томони ҳужум ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти ва мери Виталий Кличко бу рейдни уруш бошланганидан бери қайд этилган рекорд ҳужум деб атади. Ҳаво ҳужуми олти соатдан ортиқ давом этди, деди Кличко.
Украина пойтахтининг Соломенский, Печерский, Голосеевский, Днепр ва Подолский туманларига (Подолский - Киев маркази) дронлар қолдиқлари тушган.
Киев расмийларига кўра, ҳужум оқибатида беш нафар киши (шу жумладан 11 ёшли бола) ҳалок бўлган. Кўп қаватли уйларга енгил зарар етган.
Соломенский туманида учувчисиз учоқ парчаларнинг қулаши оқибатида болалар боғчасида ёнғин содир бўлди, қўшни уйларнинг деразалари шикастланди, деб ёзди Кличко телеграммада.
Беш қаватли турар-жой биносида вайронагарчилик туфайли икки аёл иккинчи қаватда қолиб кетган ва кейин эвакуация қилинган.
Киевнинг Днепр туманида кўп қаватли уйнинг юқори қавати зинапоясига учувчисиз учоқнинг кичик бўлаги қулаган, ёнғин бўлмаган ва жабрланганлар йўқ, деди Кличко.
Голосеевский туманида, унинг сўзларига кўра, дроннинг бир парчаси тўрт қаватли турар-жой биносига тушган, ҳеч ким жабрланмаган.
Украина Ўзбекистоннинг қатор фуқаролари ва ширкатларига санкция жорий этди
Украина президенти Владимир Зеленский 147 нафар жисмоний ва 303 та юридик шахсга нисбатан санкциялар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Улар орасида Ўзбекистондаги Akkermann Cement CA, «Оҳангаронцемент» АЖ, шунингдек, 1984 йилда туғилган Насиба Нарзиева ва 1980 йилда туғилган Шоҳрух Носирхўжаев ҳам бор.
Чекловлар активларни блокировка қилиш, мол-мулкни тасарруф этишни тақиқлаш, савдо операцияларини чеклаш, иқтисодий ва молиявий мажбуриятларни тўхтатиб туриш, қимматли қоғозлар билан операцияларни тўлиқ ёки қисман тақиқлаш каби кўплаб чораларни ўз ичига олади.
Фармонда таъкидланишича, Украина Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар ваколатли органларини ушбу санкциялар қўлланилиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.
АҚШ ҳам 12 апрель куни юқорида номи қайд этилган Ўзбекистон ширкатлари ва фуқароларни, шунингдек, миллиардер Алишер Усмоновга яқин кўрилган шахсларни Россияга жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берган жисмоний ва юридик шахслар рўйхатига киритган эди. Улар:
Гулбаҳор Бурхановна Исмаилова —Ўзбекистон, Россия ва Кипр фуқароси, Алишер Усмоновнинг синглиси. Акаси билан The Sister Trust компаниясини бирга бошқаради. Исмоилова Европа Иттифоқи, Швейцария ва Буюк Британия санкциялари рўйхатига ҳам киритилган. Зуннур Исмоилов билан биргаликда Тошкентдаги Федорович номидаги клиник санаторий асосчиларидан бири;
Гулноз Зуннуровна Кочарова — Ўзбекистон, Россия ва Кипр фуқароси. Кипр Almenor Holdings директори сифатида рўйхатга олинган;
Шоҳрух Олимжонович Носирхўжаев — Ўзбекистон фуқароси. У БААдаги Hamriyah Steel («Металлоинвест»га тегишли) пўлат прокат заводининг бош директори;
Нарзиева Насиба Эркиновна — Ўзбекистон фуқароси, Шоҳрух Носирхўжаевнинг рафиқаси;
Саодат Бурхоновна Нарзиева — Ўзбекистон фуқароси, Алишер Усмоновнинг синглиси ва Насиба Нарзиеванинг онаси.
Бундан ташқари АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига, жумладан, «Охангаронцемент”га санкциялар жорий этгани тўғрисида маълум қилинган эди.
Алишер Усмонов Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги сабаб уруш бошланганидан бери бир неча бор ҳалқаро санкцияларга тушди.
Запорожьега борган “Россия 24” давлат телеканали мухбири Борис Мақсудов ҳалок бўлди
“Россия 24” давлат телеканали мухбири Борис Мақсудов Украинанинг Запорожье вилоятида дрон ҳужуми натижасида олинган жароҳатлардан вафот этди. Бу ҳақда россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв хабар берди.
Бир кун олдин Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Запорожье вилоятининг ишғол остидаги ҳудудларига борган россиялик журналистлар гуруҳи дрон ҳужумга учраганини эълон қилди.
Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, Мақсудов шрапнел жароҳатлари олган ва “зудлик билан тиббий муассасага эвакуация қилинган”.
Вазирлик унинг ҳаётига ҳеч қандай хавф йўқлигини билдирганди.
Финляндия Россия билан чегарасидаги ўтиш пунктларини ёпмоқда
Финляндия жума куни ярим тундан бошлаб Россия билан чегарадаги барча ўтиш пунктларини ёпиб қўйишини билдирди.
Бу Финляндиянинг Россия атайлаб уюштираётган бошпана изловчилар оқимини тўхтатишга қаратилган ҳаракатларининг бир қисмидир.
Хелсинки Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан апрел ойида НАТО ҳарбий иттифоқига қўшилганидан Москва ғазабда.
Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтонен: “Россия одамларни Финляндия чегарасига яроқсиз ҳужжатлар ёки йўқолган ҳужжатлар билан чегарага олиб келаётгани ва махсус транспорт ташкил этаётгани ҳақида бизда далиллар бор", деди.
Шу ой бошидан бери Европа Иттифоқига ҳақиқий саёҳат ҳужжатларисиз 600 дан ортиқ одам Россия орқали Финляндияга келган.
Бунинг ортидан Хелсинки Россия чегарасидаги бир нечта ўтиш жойларини ёпишга мажбур бўлди.
Рейтер қўлга киритган ушбу видеода Россия-Финландия чегараси яқинида бир неча гуруҳ одамларнинг чегара йўналиши бўйлаб юришлари акс этган.
Европа Иттифоқининг “Frontex” чегара агентлиги Хелсинки сўровига жавобан кейинги ҳафтада Финляндияга қўшимча офицерлар ва жиҳозларни жойлаштиришни режалаштираётганини айтди.
Барча ўтиш жойлари 23 декабрга қадар ёпилади.