Линклар

Шошилинч хабар
13 май 2025, Тошкент вақти: 16:44

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

17:43 23.11.2023

Давлат Думаси депутати Миронов херсонлик қизчани асраб олган

“Адолатли Россия” партияси етакчиси Сергей Миронов ва унинг рафиқаси Инна Варламова Украинанинг Херсон вилоятидан олиб келинган қизчани ўзиники қилиб олган, исми ва фамилиясини ҳам ўзгартирган.

Журналистларнинг маълум қилишича, 2022 йил август ойи охирида Инна Варламова Мироновнинг Давлат Думасидаги биринчи ўринбосари Яна Лантратова билан бирга Херсон вилоятига келган. "Ҳромадске" нашрининг хабар беришича, маҳаллий ишғол ҳокимияти уларга икки бола - 10 ойлик Маргарита Прокопенко ва икки ёшли Иля Вашченкони олиб кетиш учун ишончнома берган.

Варламова ва Лантратованинг ташрифи давомида Маргарита Херсон болалар касалхонасида бронхитдан даволанаётган эди, деди касалхонанинг педиатрия бўлими бошлиғи Наталя Лютикова журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, Мироновнинг рафиқаси Херсон ишғол қилинганидан кейин маҳаллий болалар уйининг бошлиғи этиб тайинланган Татяна Завалская билан касалхонага келган.

Ушбу ташрифдан сўнг, Лютикованинг сўзларига кўра, Завалская ҳар куни қўнғироқ қилиб, болаларни бўшатишни талаб қилиб, "ўша аёл уларни танлаган ва уларни Москвага олиб боради" деб тушунтирган.

Маргарита ва Иляни болалар уйидан олиб кетишган ва "текшириш, кейинги даволаш тактикасини аниқлаш ва реабилитация қилиш" баҳонасида Москвага олиб келишган.

2022 йил ноябр ойида Москва вилоятининг Подолск шаҳар суди Инна Варламова манфаатдор шахс бўлган болани асраб олиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқди. Суд қароридан бир ой ўтгач, "Муҳим ҳикоялар" га кўра, Миронов ва Варламова Маргаритани асраб олишди, шунингдек унинг исмини ва туғилган жойини ўзгартирдилар.

Тўлиқ миқёсли босқин бошланганидан кейин Россия болаларни Украинадан оммавий равишда олиб чиқиб кетишни бошлади.

Жорий йилнинг март ойида Украина Интеграция вазирлиги 19, 5 минг бола Украинадан Россияга ноқонуний олиб келинганини билдирган эди.

Июл ойи охирида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан олиб келинган меҳрибонлик уйларидаги 300 га яқин бола рус оилаларига жойлаштирилганини айтди.

Бундан олдин Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Белова Мариуполдан олиб кетилган украиналик ўсмир Филипп Головняни "асраб олди". У унинг оиласида асраб олинган ўнинчи фарзанд бўлди.

Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилгани учун Гаагадаги Халқаро жиноят суди Владимир Путин ва Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Судда таъкидланганидек, Россия Федерацияси Президенти бунинг учун шахсий жавобгарликни ўз зиммасига олишига ишониш учун "етарли асослар" мавжуд.

00:48 22.11.2023

Кумачово қишлоғида портлаш: рус актрисаси вафот этди

Украина ҳарбийлари 19 ноябр куни Ракета кучлари ва артиллерия кунини нишонлаш учун йиғилган россиялик аскар ва зобитларга “қасос зарбаси” берганини даъво қилмоқда.

Зарба натижасида Севастополдаги 810-Россия денгиз пиёдалари бригадасининг 25 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган.

Ноябр бошида Россия армияси Запороже вилоятида тақдирлаш маросимига йиғилган Украина ҳарбийларига ҳужум қилган эди. Оқибатда 19 киши ҳалок бўлган эди.

Россия манбаларига кўра, ҳужум (гуёки ҲАЙМАРС қурилмасидан отилган ракеталар билан) аслида Ракета кучлари куни шарафига ўтказилган концерт вақтида содир бўлган, аммо бу ўрмонда эмас, Донецк вилояти Старобешевский туманининг Кумачово қишлоғидаги дам олиш марказида содир бўлган. Россия каналлари ҳалок бўлган ҳарбийлар ҳақида ёзмади, фақат ҳужум натижасида клуб саҳнасида қўшиқ айтаётган актриса Полина Менших ҳалок бўлганини таъкидлади.

00:39 22.11.2023

Россиянинг Херсонга авиазарбаси: икки киши ҳалок бўлди

Россиянинг душанба ва сешанба кунлари Херсондаги турар-жой ҳудудларига берган зарбалари оқибатида икки киши ҳалок бўлди, бир киши яраланди, дея хабар беради вилоят ҳукумати.

Вилоят ҳарбий бошқармаси тарқатган видеода автотураргоҳда ёниб кетган машиналар акс этган.

Сешанба кунги ҳужумларда бир киши жароҳатланган.

Херсон бир йил аввал рус босқинидан озод қилинганидан бери деярли ҳар куни Россиянинг ракета ва ҳарбий дрон зарбаларига учрамоқда.

00:37 22.11.2023

"Россия Киевдаги амалдаги “режим” билан ёнма-ён яшай олмайди"

Родион Мирошник - Луганск ТВ ва радиоканали собиқ бош директори.
Родион Мирошник - Луганск ТВ ва радиоканали собиқ бош директори.

Бу гапларни 21 ноябр, сешанба куни юқори мартабали россиялик дипломат Родион Мирошник маълум қилди.

"Украинадаги воқеалар, махсус ҳарбий операция воқеаларига келсак, биз Россия ва Россия фуқаролари хавфсизлигини Украинадан келиб чиқадиган таҳдидлардан ҳимоялаш ҳақида гапириб келмоқдамиз. Украина ҳудудида мавжуд бўлган ҳозирги режим бутунлай заҳарли бўлиб чиқди ва биз у билан бирга яшаш вариантларини ҳали кўрмаяпмиз. Шунинг учун ҳамма нарса Президент Путин айтганидек кетмоқда - уни Россия Федерацияси ва яшовчилар учун хавфли бўлган ташқи таъсир ва ташқи бошқарувдан озод қилиш учун максимал денацификация ва демилитаризация қилиш керак. Бу хавф бартараф этилсагмна махсус ҳарбий операция мақсадларига эришилади”, деди Россиянинг махсус топшириқлар бўйичаэлчиси Родион Мирошник.

Родион Мирошник Москвада журналистларга Россия Украина кучларини мағлуб этиш учун “қанча керак бўлса шунча вақт” АҚШ бошчилигидаги НАТО ҳарбий иттифоқига қаршилик кўрсатиши мумкинлигини билдирди.

Президент Владимир Путин 2022 йил февралида Украинага қўшин киритди, бу Европада қуруқликдаги йирик ҳарбий можарога ва Совуқ Урушдан бери Россия ва Ғарб ўртасидаги энг жиддий қарама-қаршиликка сабаб бўлди.

Россия 2014 йилда аннексия қилган Қримни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, ҳозирда Россия Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудининг 17,5 фоизини назорат қилади. Украинанинг бу йилги қарши ҳужуми Россия кучларига қарши сезиларли натижа бермади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG