Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2025, Тошкент вақти: 04:23

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

16:47 19.11.2023

Россия икки кечадан бери Киевга дронлар билан ҳужум қилмоқда

Россия бир неча ҳафталик танаффусдан сўнг кетма-кет икки кечадан бери Киевга устма-уст дронлар билан ҳужум уюштирмоқда, дея маълум қилди Украина пойтахти ҳарбий маъмурияти.

“Якшанба (19 ноябр) куни, саҳарга яқин душман дронлари гуруҳ-гуруҳ бўлиб, турли тарафдан Киевга ҳужум қилди, айни чоғда улар йўналиш бўйлаб ҳаракат векторини тез-тез ўзгартириб турди”, деб ёзди “Телеграм”да Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко.

Украина ҲҲК хабарига кўра, Россия учирган 20 та “Шаҳед” камикадзе дронларининг 15 таси ҲҲМ тизимлари ёрдамида Киев, Полтава ҳамда Черкас вилоятида осмонида йўқ қилинган.

Попко “жиддий вайронагарчилик” ёки қурбонларга оид маълумот тушмаганини айтмоқда. Мулозим айтишича, Киев шаҳрида ва унинг атрофида 10 га яқин дрон уриб туширилган.

Reuters агентлиги ушбу маълумотларни мустақил манбалар орқали текшира олмади. Россия томони эса изоҳ бергани йўқ.

14:34 18.11.2023

Россия бўйлаб озиқ-овқат дўконларида - нархлар кескин кўтарилди

Украинадаги уруш ва Ғарб томонидан киритилган сон-саноқсиз санкциялар туфайли инфляция кун сайин ошиб бормоқда.

Икки фарзанднинг онаси Даря Стпенова эри топадиган 50 000 рубл – ойига тахминан 550 долларга кун кечиришга ҳаракат қилмоқда.

"Бир фарзандим беш ёшда, яна бири янги туғилган. Шу беш йил ичида ҳамма нарса кескин қимматлади. Ҳозир памперслар нархи икки-уч баравар, болалар овқатлари нархи эса тўрт баравар ошиб кетди", дейди Степанова.

2022 йил феврал ойида уруш бошланганидан бери рубл АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизланди. Бу эса импорт моллари нархининг ошишига олиб келди.

Бу холат 2024 йилда бўлиши кутилаётган сайловлар олдидан бўляпти.

Владимир Путин камида 2030 йилгача ҳокимиятда қолиш учун президентликка яна ўз номзодини қўйиши кутилмоқда.

Расмий статистикага кўра, 15 миллиондан ортиқ россиялик қашшоқлик чегарасида яшайди.

Айрим иқтисодчилар сайловдан кейин Россияда рубл яна ҳам тушиши инфляция яна ҳам юқорилашини башорат қилмоқда.

14:32 18.11.2023

Харковда ер ости мактаблари қурилмлоқда

Россия ҳаво ҳужумлари таҳдиди остида қолган Украина шарқидаги Харков вилояти расмийлари болаларга хавфсиз билим олишлари учун мустаҳкам ер ости мактабларини қуришни бошлади.

Россия билан чегарадош Украинанинг бу вилоятидаги мактабларда ўқиш онлайн тарзида ўтказилмоқда.

Янги қурилажак ер ости мактаблари болаларга ўқишни анъанавий тарзда давом эттириш имконини беради.

“Бу қурилмалар С-300 ракеталари зарбаларига дош бера олади. Ер ости мактаблари ҳар бири 500 болага мўлжалланган. Бу ерда ҳожатхоналардан тортиб, сув таъминоти, мустақил электр таъминоти, дизел генераторлари, канализация ва энг муҳими болалар таълим олишлари учун зарур бўлган барча шароитлар бўлади”, дейди харковлик архитектор Виталий Коротков.

Харков тез-тез рус ракеталари, учувчисиз учоқлари ва артиллерияси томонидан нишонга олинади.

Россия босқинида вилоятда 817 та мактаб зарар кўрган ёки буткул вайрон бўлган.

14:25 18.11.2023

Украина кучлари Бахмут йўналиши ва Днепрнинг чап қирғоғида "силжиш"га эришган

Украин ҳарбий штаби ўз аскарлари Бахмут яқинида рус хандақларини эгаллаб олаётгани акс этган видео тасвирларни эълон қилди.

Видеода украин ҳарбийлари бронетранспортёрда ўрмон бўйлаб ҳаракатланиб, рус аскарларини ҳужумга тутатгани кўринади.

Тасвирлар қачон ва айнан қаерда олинганини тасдиқлаш имконсиз.

Россия қарийиб 20 ойдан бери давом этаётган урушнинг энг қонли саҳнаси бўлган Бахмутни шу йилнинг май ойида эгаллаб олди.

Украина эса июн ойида мамлакат жануби ва шарқидаги босиб олинган ерларни, жумладан Бахмутни қайтариб олишга қаратилган қарши ҳужумни бошлади.

Днепрнинг чап қирғоғида "муваффақиятли ҳаракатлар"

Жанубий жабҳада эса Украина ҳарбийлари Днепрнинг шарқий қирғоғида "муваффақиятли ҳаракатлар" ҳақида расман гапира бошладилар.

Херсон вилоятидаги Днепрнинг чап қирғоғида жойлашган Украина армиясининг мақсадларидан бири ўнг қирғоқдаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун россиялик ҳарбийларни ортга қайтаришдир, деб ёзади “Украинска правда” нашри Украина Бош штабига таяниб.

“Украина мудофаа кучлари Днепр дарёсининг чап қирғоғида Херсон йўналишида бир қатор муваффақиятли ҳаракатларни амалга оширди”, — дейилади мақолада.

Уруш бошланганидан бери Украина 15та рус кемасини йўқ қилган

Украина ҳарбий-денгиз кучларининг расмий вакили Дмитрий Плетенчук уруш давомида украиналик ҳарбийлар Россиянинг 15 та ҳарбий кемасини йўқ қилган. Яна 12 та рус кемасига шикаст етказишга муваффақ бўлганини маълум қилган.

Украинанинг АҚШдан ҳарбий ёрдам олиши декабр ойининг ўрталарига қадар қолдирилиши мумкин

Катта эҳтимол билан, АҚШ Конгресси музокараларни якунлаши ва Украинага янги ёрдам кўрсатишни декабр ойи ўрталарида, президент Жо Байден Киевни қўллаб-қувватлаш учун биринчи марта 61 миллиард доллар сўраганидан деярли икки ой ўтиб тасдиқлаши мумкин, деб ёзади Блумберг нашри.

Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирбининг АҚШ Украинага ёрдам бериш учун ресурслари тугаб бораётгани ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, икки партиянинг ўзаро тўқнашуви Конгресснинг янги йилдаёқ ёрдам масаласини кўриб чиқишига олиб келиши мумкин, деб ёзади агентлик. Сенат спикери Чак Шумернинг айтишича, Украинага ёрдам бериш масаласи Шукроналик байрамидан сўнг, яъни ноябр ойи охирида овозга қўйилади.

Махсус конференция

Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ ва Украина саноати вакиллари декабр ойида “махсус” конференция ўтказишини айтди.

Ғарбдан таъминот сусайиши мумкинлигидан хавотирлар фонида Киев ўз қуролларини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, у халқаро қурол ишлаб чиқарувчилар билан қўшма корхоналар тузиш, бу ўз маҳаллий саноатини жонлантиришга ёрдам беришига умид қилади.

"Айтганча, биз Қўшма Штатлар билан биргаликда қурол ишлаб чиқариш бўйича фаол ишлаяпмиз. Вашингтонга ташрифим чоғида Президент Байден ва мен биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган ҳаракатлар бўйича аниқ келишувларга эришдик. Бу ҳамкорлик шубҳасиз, кучайиб боради. Ҳамкорликдаги ишимиз ҳар доим мустаҳкамланиб бораверади”, деди Зеленский.

Ўзининг навбатдаги кечки нутқида Зеленский конференцияда Украина ва Америка саноати вакиллари, ҳукумат амалдорлари ва бошқа давлат вакиллари иштирок этишини айтди.

У конференция қаерда бўлишини айтмади. Киев ва Вашингтон қўшма қурол ишлаб чиқариш масаласида “фаол олға силжимоқда”, дея қўшимча қилди президент Зеленский.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG