Зеленский: Россия Авдеевкада Бахмутдагидан ҳам кўп йўқотишларга дучор бўлмоқда
Украина президенти Владимир Зеленский 14 ноябр куни вайронага айланган Авдеевка шаҳри яқинида рус қўшинларига етказилган катта йўқотишлар Москванинг уруш олиб боришдаги умумий мавқеини янада ёмонлаштиришини айтди.
“Авдиевка яқинида Россия қўшинлари қанча кўп йўқ қилинса, умумий вазият душман учун, урушнинг бориши учун шунчалик ёмон бўлади”, деди Зеленский тунги видеомурожаатида.
"Россия аллақачон Авдеевка остонасида аскарлари ва техникасини, Бахмутдагидан кўра кўпроқ йўқотмоқда. Уларнинг босимига дош бериш жуда қийин, бизнинг позицияларимиздаги ҳар бир аскар, у ерда жанговар топшириқларни бажараётган ҳар бир аскар бизнинг алоҳида миннатдорчилигимизга лойиқдир. Улар ҳақиқий қаҳрамонлардир! ", - деди Зеленский.
Зеленский рус қўшинлари Авдиивка атрофида бир неча ой давом этган жангларда, шимоли-ғарбдаги Бахмут яқинидаги жанглардан кўра кўпроқ аскар ва техникани йўқотганини айтди
Айни пайтда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел чоршанба куни Брюсселда Россияга қарши янги, 12-санкциялар пакети тақдим этилишини эълон қилди.
Унда олмос ва нефтга чекловлар киритилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, унинг аниқлик киритишича, таклиф этилаётган санкциялар «рўйхатга қўшимча шахсларни қўшиш, Россия экспортига янги тақиқлар, жумладан, олмос сотиб олишни тақиқлаш, Россия нефти нархининг юқори чегарасига риоя қилишни кучайтириш бўйича ҳаракатлар, шунингдек, санкциялардан қочишга қарши кураш чоралари»ни қамраб олади.
Аввалроқ Bloomberg ўз манбаларига таяниб, Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар, жумладан, кимёвий моддалар ва технологияларни экспорт қилиш чекловларини жорий этиш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Донецкдаги турар-жой биносига Россия ҳужумидан бир киши ҳалок бўлди
15 ноябр куни Украина шарқидаги Донецк вилояти Селидово шаҳарчасидаги тўрт қаватли турар-жой биносига Россия ракета зарбаси оқибатида камида бир киши ҳалок бўлган.
Яна беш киши, жумладан бир бола қутқариб олинди, бироқ камида бир киши вайроналар остида қолиб кетгани тахмин қилинмоқда, деди Украина ички ишлар вазири Игор Клименко.
Украина бош прокуратурасига кўра, Россия ҳарбийлари Донецк вилоятининг Селидово шаҳридаги турар-жойларга жами тўртта ракета ҳужуми уюштирган.
Ҳужум С-300 зенит-ракета мажмуасидан амалга оширилган.
Бош прокуратура ҳужум оқибатида 85 ёшли аёл ҳалок бўлгани, яна беш нафар тинч аҳолининг жароҳатланганини тасдиқлади.
Россия Украинага 21 ойлик кенг миқёсли босқинининг олдинги чизиғи орқасидаги аҳоли пунктларига мунтазам равишда ракета ва учувчисиз самолётлардан зарбалар бериб келмоқда.
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдамни етказиб беради
Германия ҳукумати Украинага янги ҳарбий ёрдам ажратди. Бу ёрдам танклар, инженерлик ва автомобил техникаси, ўқ-дори ва артилерия снарядларидан иборат.
Германия Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, Украинага ҳарбий ёрдам доирасида 10 та Leopard 1A5 танки, 14 та Bandvagn 206 автомобили, 5 та Warthog Ambulance техникаси, 1 та Winsent танки, 10 та VECTOR разведка дронлари, 14 та GO12 ер усти назорат радарлари, 3 та чегарани ҳимоя қилиш машинаси ва бошқа техникаларни етказиб беради.
Аввалроқ Reuters ва Bloomberg агентликлари ўз манбаларига таянган ҳолда канцлер Олаф Шольц раҳбарлигидаги ҳукумрон коалиция 2024 йилда Украинага ёрдамни икки маротабага кўпайтириб, 8 миллиард долларга етказиш тўғрисида муросага эришганини хабар қилган эди.
Германия АҚШдан кейин Украинага энг кўп ҳарбий ёрдам кўрсатаётган иккинчи давлатдир. Россия Украинага уруш очган 2022 йилнинг 24 февралидан то шу кунгача Германия Украинага 24 миллиард долларлик ёрдам кўрсатган.
АҚШ Россиянинг Украинадаги жиноятларини тергов қилиш марказига маблағ ажратди
АҚШ Россиянинг Украинадаги агрессиясини тергов қилиш халқаро марказига (ICPA) бир миллион доллар маблағ ажратди. Қароргоҳи Ҳаагада жойлашган марказ Европа комиссияси дастаги билан ташкил этилган эди.
“Қўшма Штатлар, аввалгидай, Украина ва халқаро ҳамжамият билан Украинада содир этилган жиноятларни содир этганларни жавобгарликка тортишга қаратилган ҳамкорликни давом эттиради”, дейилади 14 ноябрь куни АҚШ Давлат департаменти тарқатган баёнотда.
АҚШ Давлат депатраменти матбуот котиби Мэтью Миллер кўплаб мамлакатлар, жумладан, АҚШ прокурорлари ҳам ICPA доирасида ҳамкорлик қилаётганликларини айтди. Унга кўра, бу ҳамкорликдан мақсад Украинада содир этилган жиноятларни содир этганларга нисбатан ишончли ва мустақил терговларни ўтказишдир.