Халқаро Жиноят Судига хакерлик ҳужуми уюштирилди
Халқаро Жиноят Суди (ICC) 19 сентябр куни хакерлик ҳужуми уюштирилганини фош қилди.
Халқаро Суд ўтган ҳафта охирида ўз компютер тармоғида ноодатий фаолликни аниқлаганини билдирди.
Голландиядаги Н.О.С нашри манбасининг айтишича, ҳужум натижасида жуда кўп махфий ҳужжатлар ўғирланган. Халқаро Суд бу маълумотни тасдиқламади.
Халқаро Жиноят Суди 2002 йилда ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича ишларни кўриб чиқиш учун ташкил этилган Ҳаагадаги доимий ҳарбий жиноятлар трибуналидир. Айни пайтда, суд прокурорлари Украина, Уганда, Венесуэла, Афғонистон, Филиппин ва бошқа давлатлардаги вазият бўйича 17 та тергов ишларини олиб бормоқда.
Март ойида суд Россия президенти Владимир Путинни болаларни Украинадан ноқонуний равишда депортация қилишда гумон қилиб, ҳибсга олишга ордер берганди. 18-27 сентябр кунлари Ҳаагадаги Халқаро судда кенг кўламли босқин муносабати билан Украинанинг Россияга қарши даъвоси бўйича дастлабки маҳкама бўлиб ўтмоқда.
Воронеж вилоятида 36 млн АҚШ долларига баҳоланган Су-34 қирувчиси ҳалокатга учради
Россия пропаганда ОАВлари Воронеж вилоятида Су-34 қирувчиси ҳалокатга учрагани ҳақида хабар бермоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, икки учувчи катапулта қилиб жон сақлаб қолган. Ҳалокат машғулот парвози вақтида содир бўлган. Айрим телеграм каналларда ҳодиса жойида видеолар пайдо бўлди.
Ҳозирда Су-34 нинг нархи тахминан 36 млн АҚШ долларини ташкил этади (экспорт қиймати эса 50 миллион доллар). Россия Аэрокосмик кучлари 104 га яқин Су-34 билан қуроллангани маълум.
Дания Украинага яна 45 та танк беради
Дания Украинага яна 45 та танк беради, деб хабар берди Ритзау ахборот агентлиги 19 сентябр, сешанба куни мамлакат мудофаа вазири Троелс Лунд Поулсенга таяниб.
Хайрияга Германияда ишлаб чиқарилган 30та “Леопард-1” танки ва 15 та Т-72 танки киради. Совет давридаги Т-72 танклари Украина аскарлари учун қўшимча тайёргарликни талаб қилмайди -улар дарҳол Украина армияси хизматига киритилиши мумкин.
НАТОнинг "Леопард"лари украин танкчиларидан махсус тайёргарликни талаб қилади.
Россия дрони Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводига урилди
20 сентябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари камикадзе дронлари билан Украина ҳудудига ҳужум қилди. Дронлардан бири Полтава вилоятидаги Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводига урилган. Нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлиб, ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилган.
Маҳаллий маъмурият раҳбари Дмитро Луниннинг сўзларига кўра, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари “яхши ишлаган”. Украина Қуролли кучлари Бош штаби эрталабки ҳисоботида сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинлари томонидан учирилган 24 та дрондан 17 таси уриб туширилганини маълум қилди.
Украина президенти Владимир Зеленский маълумотича, тўлиқ миқёсли босқин бошланганидан бери Россия Украинага 6,5 мингдан ортиқ ракета ва 3,5 минг камикадзе дронни учирган. Унинг сўзларига кўра, зарбаларнинг асосий қисми тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга тўғри келган.