Сочининг Адлер туманида дизел ёқилғиси солинган цистерна портлади
20 сентябрь куни тонгда Сочининг Адлер туманидаги аэропортдан унча узоқ бўлмаган жойда дизел ёқилғиси солинган цистерна портлади.
“Любимий Сочи” Телеграм-каналида чўзинчоқ жисмнинг ёқилғи цистернасига урилаётгани акс этган видео чоп этилди. Ёнғин майдони деярли юз квадрат метрга етди. Ҳозирда ёнғин ўчирилган, қурбонлар йўқ, аэропорт нормал режимда ишламоқда, деб хабар берди Сочи мери Алексей Копайгородский.
РБК нашри ҳисоб-китобларига кўра, Украина билан урушнинг бир ярим йил давомида Россия ҳукумати Россия ҳудудларига дрон ҳужумлари ҳақида 500 мартадан кўпроқ маротаба хабар берган. Киев Россия томонининг ушбу хабарларга қарши ҳужумлар ҳақидаги айбловларига изоҳ бермаяпти.
Зеленский Россия Қозоғистон ва Болтиқбўйи мамлакатларига таҳдид солаётганини гапирди
Украина президенти Зеленский Ню-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Россиянинг ядро қуролига эга бўлишга ҳаққи йўқлигини айтди.
Украина президенти Вагнер ёлланма ҳарбий гуруҳи раҳбари Пригожиннинг тақдирини ҳам эслатди.
"Ёвузликка ишониб бўлмайди. Пригожиндан сўрангчи, Путиннинг ваъдаларига ишониш мумкинми?", деди Владимир Зеленский.
Зеленский озиқ-овқат хавфсизлиги мавзусига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Москва озиқ-овқат инқирозидан бошқа давлатларни босиб олинган Украина ҳудудларини Россиянинг бир қисми сифатида тан олишга мажбурлаш учун қурол сифатида фойдаланмоқда.
Зеленскийга кўра, Путин Россияси айни пайтда Қозоғистон ва Болтиқбўйи давлатларига ҳам таҳдид солмоқда:
"Улар ўз ролларини ўйнагандек туюлиши мумкин, лекин аслида улар "Москва актёри" учун саҳна яратишга ёрдам беришмоқда. …Илтимос, мени эшитинг, бирдамлик ҳамма нарсани очиқ ҳал қилсин. Россия дунёни сўнгги урушга ундаётган бир пайтда, Украина Россия агрессиясидан кейин дунёда ҳеч ким бирон бир давлатга ҳужум қилишга журъат эта олмаслиги учун ҳамма нарсани қилмоқда. Ҳар ўн йилда Россия янги уруш бошлайди. Молдова ва Грузия ҳудудининг бир қисми ишғол остида қолмоқда. Россия Сурияни харобага айлантирди. <...> Россия деярли Беларусни ютиб юборди ва Қозоғистон ва Болтиқбўйи мамлакатларига таҳдид солмоқда"
Жо Байден: Бу уруш тўхташини Украиначалик ҳеч ким хоҳлаётгани йўқ
19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясида қилган чиқишида президент Байден Қўшма Штатларнинг келажаги дунёдаги бошқа мамлакатларнинг келажаги билан чамбарчас боғлиқ, бирор мамлакат бугунги кун хатарларини якка ўзи енга олмайди, деди.
БМТ Иккинчи жаҳон урушидан кейин қурилганига эътибор қаратиб, АҚШ бундан буён ҳам бу ташкилот фаолиятини дастаклашини урғулаган. Айни пайтда, Байденга кўра, БМТ фаолиятини дастаклаш ва тинчлик-осойишталикни сақлаб қолиш учун янгиланиш зарур, ташкилот фаолиятига аввал жалб қилинмаган минтақаларни жалб қилиш шулар жумласидандир.
“XXI аср йўлни давом эттириш учун самара талаб қилади. Барчаси БМТдан, шу залдан бошланади”, дея урғулаган АҚШ президенти.
Россиянинг Украинага қарши уруши мавзусига тўхталар экан, Қўшма Штатлар лидери ўз мамлакат худди бошқа мамлакатлар каби жанговар ҳаракатлар тўхтатишини хоҳлаётганини айтди:
“Бу уруш тўхташини Украиначалик ҳеч ким хоҳлаётгани йўқ. Биз бу инқирозни дипломатик йўллар билан ҳал этилишига дохил масалада Украинани энг фаол равишда қўллаяпмиз. Агар биз агрессор фойдасига БМТнинг асосий тамойилларидан воз кечсак, бу Ассамблеянинг ҳар бир аъзоси ўзини ҳимояланган ҳис этадими? Агар Украина мағлуб бўлса, сизлардан ҳар бирингизнинг мустақиллигингиз таъминланганича қоладими?”
АҚШ президенти халқаро ҳамжамиятни Украинани келажакдаги тажовузлардан ҳимоя қилиш учун уни қўллаб-қувватлашда давом этишга чақирди.
“Бу уруш учун фақат Россия жавобгар. Фақатгина Россия бу урушни дарҳол тугатишга қодир. Тинчлик йўлида фақат Россия турибди. Агар Россия ғалаба қозонса, ҳеч ким хавфсиз бўлмайди", деди АҚШ президенти.
Украинага ёрдамни қисқартириш тарафдори бўлган республикачилар эса Байденнинг бу ҳаракатини танқид қилмоқда.
С. Сафоев: Биз Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитликни тиклашдаги ютуқларидан мамнунмиз
Тан олинмаган бўлгинчи Тоғли Қорабоғнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Гегам Степанянга кўра, Озарбайжон ҳарбий амалиёти бошланганидан бери 32 киши ҳалок бўлган, 200 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида етти нафар тинч аҳоли, жумладан, икки нафар бола ҳам бор. Тан олинмаган республика аҳолиси электр, алоқа ва озиқ-овқатсиз ертўлаларда яширинмоқда, деди омбудсман.
АҚШ, Россия ва Европа Иттифоқи можаро томонларини ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган эди.
20 сентябр куни Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон бу масалага доир расмий муносабатини билдирди. Озарбайжоннинг Report ахборот агентлигига берган интервьюсида у Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитликни тиклашдаги ютуқларини олқишлади.
«Биз Озарбайжоннинг барча жабҳалардаги, айниқса, ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш йўналишидаги ютуқларидан мамнунмиз”, - деди Сафоев.