Қодиров шифохонада қолмоқда
Қодировнинг буйраги кўчириб ўтказилди, бироқ унинг организми трансплантация қилинган бўйракни қабул қилмади.
Бу ҳақда “Обозревател” чечен диаспорасидаги ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда. Такрорий трансплантация операцияси режалаштирилган.
"Эхо Москвы" нашрининг собиқ бош муҳаррири Алексей Венедиктов ўз телеграм каналида буларни ёзди:
“Қодиров. Одатий оғир буйрак етишмовчилиги. Шунинг учун тез-тез гемодиализ керак. Билишимча, бунинг ҳаммаси Марказий клиник шифохонада содир бўлмоқда”
Алексей Венедиктов Қодиров 3 июлдан бери расман таътилга чиққанини билдириб, мана бу ҳужжатни илова қилди.
Бу вақтга Чеченистон раҳбари вазифасини бажарувчи этиб Муслим Хучиев тайинланди.
Куни кеча РА-73417 рақамли Рамзан Қодировга тегишли бизнес-жет Москвадан 19:50 атрофида ҳавога кўтарилиб, жанубга Чеченистон томон учди. Рамзан Қодировнинг шахсий самолёти сентябрь бошидан бери уч маротаба Москвага учган. Бу ҳақда “Вёрстка” нашри парвозларни кузатувчи иловалардан бирига таянган ҳолда хабар берди. Бу орада оммавий ахборот воситаларида Қодировнинг саломатлиги ёмонлашгани ва у Москвада президент иш бошқармасига қарашли Марказий клиникада даволанаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлмоқда.
Ўтган ҳафтада қатор чечен мухолифат каналлари Рамзан Қодиров оғир дардга чалингани тўғрисида ёзган эди. Бироқ якшанба куни Қодировнинг телеграм каналида видео эълон қилинди. Унда Қодиров ёмғир остида сайр қилиб юргани акс этган. Озодлик радиоси рус хизмати бу фактга эътибор қаратар экан, якшанба куни Москвада ҳаво очиқ бўлгани ва Қодиров акс этган видео қачон олингани номаълум эканини маълум қилган.
46 ёшдаги Рамзан Қодиров касал экани ҳақидаги хабарлар йил бошидан бери матбуотда пайдо бўлмоқда. Қодировнинг ўзи бу хабарларни инкор қилган.
Рамзан Қодиров Владимир Путинни Украинага босқинини жиддий равишда қўллаётган ва халқаро санкцияларга учраган сиёсатчилардан бири.
Запорожье, Донецк ва Луганск йўналишдларида жанглар
Россия Мудофаа вазирлигининг навбатдаги ҳисоботга кўра, рус қўшинлари Запорожье, Донецк ва Луганск ва бошқа йўналишларда Украина ҳужумларини қайтарган ҳамда кўплаб украин ҳарбий хизматчилари ва техникаларини жумладан М2 пиёда жанговар машинасини нишонга олган.
Россия қўшинлари шунингдек Донецкдаги 100-ҳудудий мудофаа бригадаси ва 67-механизациялашган бригада қўмондонлик пунктига ҳам зарба берган.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби ўтган сутка ичида Бахмут ва Маринка шаҳарларида ўнлаб жанглар бўлиб ўтганини билдирди. Украина кучлари рус ҳарбийлари шунингдек, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, ўқ-дори омборлари ва электрон уруш тизимларига зарба берганини билдирди.
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг кўплаб ҳаво нишонларини ҳам тутиб олганини ҳам даъво қилди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШни Украинани қўллаб-қувватлаш орқали Россияга қарши уруш олиб бораётганликда айблади.
Севастополнинг Фиолент бурнида портлаш овозлари эшитилди
Россия томонидан аннексия қилинган Қримдаги телеграм каналларнинг ёзишича, Севастополнинг Фиолент бурнида 17 сентябрь куни портлаш овозлари эшитилди. Хабарларда айтилишича, мазкур ҳудудда радиотехник разведка ва ҳаводан мудофаа бўлинмалари мавжуд. Россия Мудофаа вазирлиги Қримнинг жануби-ғарбида дронлар уриб туширилганини билдирди.
Севастополдаги портлашлар ҳақида Россияга мойил ва Украинага мойил телеграм каналлар хабар берди. Севостополнинг Россия томонидан тайинланган губернатори Михаил Развожаев телеграм каналида шаҳарда вазият тинч эканини, одамлар Қора денгиз флотини маскировка қилиш мақсадида чиқарилган тутунни кўрганларини ёзди.
“Украинская правда” эса украин разведкасидаги манбага таянган ҳолда, Севастополдаги портлаш Украина ҳарбий денгиз кучлари ва Бош разведка бошқармаси томонидан “режалаштирилган амалиёт” бўлгани ҳақида билдирди. Бу амалиётлан мақсад нима бўлгани айтилмади.
Украин қўшинлари яна бир қишлоқни озод қилди
Клишчиивка қишлоғи Бахмут жанубида жойлашган. Қишлоқ қайтариб олингани ҳақида биринчи бўлиб Миллий гвардиянинг “Лют” бригадаси маълум қилди.
Клишчиивкани қўлга киритилиши Украина учун муҳим тактик ютуқ ҳисобланади. Негаки эндиликда Украина қўшинлари Бахмут шаҳрини қуршаб олиш учун яхши имкониятга эга.
Бу, шунингдек, украиналикларга Россия логистика линияларини яхшироқ кузатиш имконини ҳам беради. Украина Мудофаа вазири ўринбосари Ханна Малярнинг айтишича, Клишчиивка озод қилинган, «лекин душман ҳали ҳам йўқотилган позицияларини қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда.
"Кун бўйи душман ҳужумларини қайтаришимизга тўғри келмоқда", дея таъкидлади Ханна Маляр.