Россия Одесса вилоятига “Шаҳид”лар ва ракеталар билан зарба берди: ғалла омбори шикастланди
17 сентябрга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Одесса вилоятига дронлар ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилди: ғалла омбори ва Берёзов туманидаги экин майдонларига зарар етди, дейилади Жануб Мудофаа кучлари баёнотида.
Россия Украинага қарата жами 10 ракета ва 6 та “Шаҳед” камикадзе дронларини учирди, шундан 6 ракета ва олти дрон ҲҲМ кучлари томонидан уриб туширилди.
Асосий зарба Одесса вилояти жанубига йўналтирилган эди, дея маълум қилмоқда Украина ҚК Ҳаво кучлари қўмондонлиги.
Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Киперга кўра, ҳужум натижасида ҳеч ким жабрланмаган, бироқ аграр корхона – Берёзов туманидаги ғалла омборига шикаст етган.
Ярим кечадан сўнг Россия армияси тўртта С-300 ракеталари билан Харьковдаги ноҳарбий корхонага зарба берди. “Суспильне” нашри вилоят раҳбари Олег Синегубовга таяниб хабар қилишича, жабрланганлар йўқ.
Шунингдек, тунда Россия қўшинлари Херсон вилоятининг Никольский туманидаги касалхонани ўққа тутди. Снарядлар фельдшерлик-акушерлик пунктига шикаст етказди, дея маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти.
Сўнгги қайдларга кўра, 16 сентябрь куни эрталаб Россия армияси Харков вилоятига зарба бериши натижасида жабрланганлар сони олти кишига етган.
«Бундай қилма, Владимир»: Трамп Украинага босқиндан олдин Путинга нима дегани ҳақида гапирди
Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путинни Украина билан можародан огоҳлантирганини айтди.
Трамп «Америка ҳақида қайғурган аёллар» консерватив гуруҳи билан учрашувда агар у ҳокимиятда қолганида Россиянинг Украинага босқини содир бўлмасди, дея таъкидлади:
«Президентлик сайловида ғалаба қозониб, кабинетга келишимдан олдин Россия ва Украина ўртасидаги даҳшатли урушни ҳал қиламан. Агар ўшанда мен Оқ уйда бўлганимда бу уруш ҳеч қачон содир бўлмаган бўларди. Мен бу ҳақда Путин билан гаплашиб, унга очиқ айтгандим. «Бундай қилма, Владимир, хатога йўл қўйма» деб огоҳлантиргандим. Яна бир-икки нарсаларни айтдим. У менга ўн фоиз бўлсада ишонди. Бизга кераги ҳам шу эди. Лекин мен кетишим билан Россия қўшинларини шакллантира бошлади» .
Полша қуролли кучлари ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда
Полша армияси 16-сентабр, шанба куни танклар, вертолётлар ва қуруқликдаги қўшинлар иштирокида ҳарбий машғулот ўтказди.
Полша армиясининг таъкидлашича, "Кузги олов 23" машғулотининг мақсади қўшинларнинг ўзаро мувофиқлиги ва жанг майдонидаги ҳамкорликни намойиш этишдир.
Бу машқлар армиянинг якшанба (17-сентябр) куни омма учун очиқ бўлган йиллик артиллерия намойиши олдидан ташкил этилган.
Кўргазмада Полшанинг сўнгги ҳарбий техникалари, жумладан, жами 70га яқин Абрамс ва К2 танклари, ҲИМАРС ракеталари, намойиш этилади.
Зеленский ЕИнинг Украинадан дон экспортига қўйилган тақиқни узайтирмаслик қарорини олқишлади
Украина президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқининг Украинадан дон экспортига қўйилган тақиқни узайтирмаслик қарорини олқишлади ва буни ҳақиқий бирдамлик ва ишонч намунаси деб атади.
15 сентабр, жума куни Полша, Словакия ва Венгрия Европа Иттифоқи қарорини бекор қилгандан кейин ўз тақиқларини ўрнатишини билдирар экан, Зеленский қўшни давлатлар Европа Иттифоқи қонунларини бузса, “Украина маданиятли тарзда жавоб қайтаради”, деди.
Май ойида Европа Иттифоқи томонидан киритилган чекловлар Полша, Болгария, Венгрия, Руминия ва Словакияга Украина буғдойи, маккажўхори, колза ва кунгабоқар уруғларини ички бозорда сотишни тақиқлаш, шу билан бирга бошқа мамлакатларга экспорт қилиш учун бундай юкларни транзит қилиш имконини берди.
Европа Иттифоқининг савдо комиссари Валдис Домбровскис жума куни мамлакатлар Украина донининг импортига қарши бир томонлама чоралардан воз кечишлари кераклигини айтди.