Путин ва Ким Чен Ин нимани муҳокама қилади?
Бу ҳақда корейс олими, Сеулнинг Кунминг университети етакчи тадқиқотчиси Фёдор Тертицкий гапирди:
- Россия Шимолий Кореяга расмий равишда космик тадқиқотлар билан боғлиқ технологияларни бериши мумкин, лекин амалда замонавий континентал баллистик ракеталарни бериши мумкин. Бу ерда аниқ дейиш қийин, лекин умуман Шимолий Кореяда жуда катта снарядлар захираси мавжуд. Артиллерия - Корея халқ армиясининг жуда муҳим қисмидир. Россия эса снарядларга эҳтиёж сезмоқда. Бунинг эвазига Шимолий Корея озиқ-овқат ва энергия олиши мумкин. Эҳтимол, руслар шунчаки пул билан тўлайди, чунки Шимолий Корея нақд пул олса, у қора бозорда бирор нарса сотиб олиши мумкин.
Путин ва Ким космодромда учрашди
Россия президенти Владимир Путин 13 сентябр куни Узоқ Шарқдаги “Восточний” космодромида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан учрашди. У ерда уларга “Ангара” ракетасини йиғиш жараёни кўрсатилди, шунингдек, улар “Союз-2” ракетасини учириш мажмуасини кўздан кечирди.
Учрашув “Восточний”да бўлиб ўтмоқда, чунки Ким Чен Ин ракетасозлик ва коинотни ривожлантиришга қизиқади, деди Путин. Шимолий Корея раҳбари, ўз навбатида, Россияни бу урушда қўллаб-қувватлашини билдирди.
"Россия ҳозир ўз суверенитети ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун гегемон кучларга қарши муқаддас кураш олиб бормоқда. Биз доимо Россия раҳбарияти томонидан қабул қилинган барча қарорларни тўлиқ ва сўзсиз қўллаб-қувватлашимизни билдириб келганмиз ва сизни ишонтириб айтмоқчиманки, Биз империализмга қарши курашда доим Россия билан бирга бўламиз”, деди Ким Чен Ин Путинга.
Ким Шимолий Корея Россия билан анъанавий дўстлик ва ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича қатъий позицияда эканини таъкидлади.
Халқаро миқёсда тобора яккаланиб қолаётган икки давлат раҳбарларининг саммитини Вашингтон ва иттифоқчилар яқиндан кузатмоқда. Улар қурол ва мудофаа технологиялари борасида келишиши мумкин, деб гумон қилмоқда Ғарб.
АҚШ ва Жанубий Корея расмийлари Ким Чин Ин Украинада 18 ойдан буён бўлаётган урушда асосий захираларини сарфлаган Россияни қурол ва ўқ-дорилар билан таъминлашидан хавотир билдирди. Лекин, томонлар бундай ниятлари йўқлигини билдиришган.
Путин ва Кимнинг «Восточний» космодромида учрашиши Россиянинг космик қудратига ишора қилувчи рамзий аҳамиятга эга. Шимолий Корея охирги тўрт ой ичида икки марта разведка сунъий йўлдошларини учиришда муваффақиятсизликка учради.
Дания Украинага 830 миллион доллар миқдорида ёрдам ажратади
Дания Молия вазирлиги Украинага 5,8 миллиард Дания кронаси ёки 830 миллион доллар миқдорида ёрдам ажратилишини эълон қилди.
Владимир Зеленский Украинага янги ёрдам пакети ажратгани учун Данияга миннатдорлик билдирди.
"Дания бугун муҳим қарорни эълон қилди. Кенг кўламли босқин давридан бери энг йирик 800 миллион доллардан ортиқ 12- ҳарбий ёрдам пакети ажратилмоқда. Бу борада бош вазир Метте Фредериксен ва унинг ҳукумати билан келишувга эришган эдик. Бунинг учун Дания ҳукуматига миннатдорчилик билдираман", деди Украина президенти.
Ажратилган маблағдан 2023 йил охиригача 4,3 миллиард крон, 2024 йилда яна 1,4 миллиард, 2025 йилда 52 миллион крон юборилади. Янги пакетга танклар, пиёдалар жанговар машиналари, танклар учун ўқ-дорилар ва зенит қуроллари киради.
Қозоғистонликлар Донецкка борган Азамат Мусагалиевнинг концертларини бекор қилишни талаб қилмоқда
Россиялик ҳажвчи, этник қозоқ Азамат Мусагалиев ва унинг ҳамкасби Денис Дорохов Донецк вилоятининг Россия томонидан босиб олинган қисмидаги Саур-Могила ёдгорлигида концерт бериб, рус ҳарбийларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Қозоғистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари “Камизяк” КВН жамоаси октябр ойи бошига режалаштирган Остона ва Олмаотадаги концертларини бекор қилишни талаб қилмоқда.
Ўз навбатида, Мусагалиев аннексия қилинган Донецк вилояти аҳолисига “бошлари узра осуда осмон, соғлик ва яқинларига табассум” тилади.
Иккинчи Жаҳон уруши пайтида Донбасснинг озод қилинишига бағишланган концертда қатнашгандан сўнг, Мусагалиев Украинанинг "Миротворец" базасига киритилди, у ерда артист "рус-фашис босқинчилар ва террорчиларининг шериги" деб аталди. Денис Дорохов аннексия қилинган Қримга борганидан кейин 2019 йилдан бери “Миротворец” рўйхатида.