Пригожин 2019 ва 2022 йилларда ҳам “ҳалок бўлган” эди
Россиянинг Тверь вилоятида қулаган учоқ тўғрисидаги янгилик Евгений Пригожин ўлимига оид биринчи хабар эмас. Аммо бу тадбиркорнинг ўлимига оид маълумотнинг расмий идора (бу ўринда Росавиация) томонидан илк бора билвосита тасдиқланишидир.
- Бир йил аввал ОАВ ва телеграм-каналлар Украинанинг Луганск вилоятида жойлашган Попасная шаҳрида “Вагнер” ХҲШ соҳиби ўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзиб чиқишган. Бу хабардан кўп ўтмай Пригожин акс этган фотосуратлар пайдо бўлган, кейинроқ эса тадбиркорнинг ўзи ҳам оммага кўриниш берган.
- Бунгача Пригожин Африкада ҳам “ўлганди”. 2029 йил 11 октябрида Конгода юк ташийдиган Ан-72 ҳарбий учоғи қулаган. Ўшанда учоқ бортида Конго Демократик республикаси президенти Феликс Чисекиди маъмурияти ходимлари дохил саккиз нафар экипаж аъзоси бўлгани айтилган. Кейинроқ қулаган учоқ ичида Пригожин ҳам бўлганига оид хабар чиққан. Бу маълумот тасдиқланган эмас: учоқ бортида чиндан ҳам россияликлар бўлган, бироқ улар орасида “Вагнер” ХҲШ соҳиби бўлган эмас.
Евгений Пригожинга тегишли учоқлар камида учта бўлган
Улар ҳақида қуйидагилар маълум:
- Cessna-182, борт рақами RA-67717, “Бизнес-прожект” МЧЖ номли ширкат номига расмийлаштирилган. Бу тўрт ўринли енгил учоқ бўлиб, одатда яқин масофаларга парвозлар учун қўлланади.
- Embraer Legacy-650, борт рақами RA-02748. Ушбу учоқ тез-тез чет мамлакатларга қатнаган. Хусусан, 20 август куни у Саудия Арабистонидан қайтган. RA-02795 рақамли борт ҳалокатга учраганидан ярим соат ўтиб Санкт-Петербургдан Москвага учган ва Москва вилоятидаги Остафьево аэродромига қўнган.
- Embraer Legacy 600, борт рақами RA-02795. Бугун қулаган учоқ. Бизнес ташувларга ихтисослашган “МНТ-Аэро” ширкатига тегишли бўлган. 2022 йил сентябргача мазкур ширкат Кирилл Шчербаков назоратида эди. Шчербаков 2021 йилда Пригожиннинг бизнес-тузилмаларига алоқадор одам сифатида АҚШ санкцияларига учраган. Учоқ одатда Москва билан Петербург ўртасида қатнаган, уни бир неча бор Минскда ва Ростовда ҳам кўришган. Пригожин ундан фойдаланмаганига бир ойдан ошган экан: flightradar24 сайти маълумотига кўра, учоқ олдинги парвозини 2023 йил 18 июль куни амалга оширган.
Таҳлилчилар авиаҳалокат Хотилово ҳарбий аэродроми яқинида рўй берганига эътибор қаратишмоқда. Путиннинг яқин кишилари Валдай қароргоҳига шу аэродром орқали сафар қилишади.
Байден: Учоқ ҳалокати ажабланарли эмас
АҚШ президенти Жо Байден Росиядаги учоқ ҳалокатидан ажабланмаганини айтди.
Невада штатида журналистларнинг “Ҳалокат учун Путин масъул деб ўйлайсизми?” деган саволига Байден “Россияда Путиннинг иштирокисиз содир бўладиган ҳодисалар унчалик кўп эмас” дея жавоб берди.
Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича вакили Адриен Уотсон яқинда юз берган исён назарда тутилса, «Вагнер» раҳбарининг эҳтимолий ўлими ҳеч кимни ҳайратга солмаслигини айтди.
«Биз унинг учоғи қулаб тушгани ҳақидаги дастлабки хабарларни кўрдик. Агар Пригожиннинг ўлгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланса, бу ҳеч ким учун ажабланарли бўлмайди», деб айтди Оқ уй вакили.
Британия ҳукумати «вазиятни яқиндан кузатаётгани»ни айтган.
Пригожинга яқин Телеграм-канал: Учоқ уриб туширилган
Учоқ нима сабабдан ҳалокатга учрагани борасида расмий изоҳ йўқ. Ҳодиса юзасидан тергов бошлангани хабар қилинмоқда. Жиноят иши Россия ЖКнинг "ҳаво транспорти ҳаракати ва эксплуатацияси хавфсизлик қоидаларининг бузилиши" банди бўйича очилган.
Пригожинга қарашли тузилмалар ҳозирча расмий шарҳ бергани йўқ. Россия ОАВлари Пригожиннинг атрофидагилар у билан боғлана олмаётгани ҳақида ёзмоқда. Унинг учоқ бортида бўлгани ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.
“Тверь вилоятининг Куженкино аҳоли пункти яқинида Москва-Санкт Петербург парвозини амалга ошираётган Embraer Legacy хусусий учоғи қулаб тушди”, дейилади расмий хабарда.
“Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатига яқин Grey Zone Телеграм-канали регистрация рақами RA – 02795 бўлган “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожинга тегишли “Embraer Legacy 600” учоғи Тверь вилоятининг Бологовск туманида ҳаводан мудофаа тизими томонидан уриб туширилгани ҳақида ёзди.