Пригожининг учоғи қулаб тушди. Йўловчилар рўйхатида унинг ўзи ҳам бўлган
Россиянинг Тверь вилоятида "Вагнер" раҳбари Евгений Пригожинга тегишли бизнес-жет қулаб тушди. Хабарларга кўра, учоқ бортидаги 10 кишининг ҳаммаси ҳалок бўлган. "Росавиация" йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожин исми ва фамилияси ҳам бўлганини маълум қилди. Ҳалокат сабаби номаълум.
“Бугун кечки пайт Тверь вилоятида юз берган Embraer учоғи ҳалокати бўйича текширув бошланди. Йўловчилар рўйхатида Евгений Пригожин исми ва фамилияси ҳам бор”, дея "Росавиация"дан иқтибос келтирди ТАСС агентлиги.
Қатор Телеграм-каналларнинг хабар беришича учоқ бортида "Вагнер" қўмондонларидан Дмитрий Уткин ҳам бўлган.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, Тверь вилоятида Москвадан Санкт-Петербургга парвоз қилган хусусий учоқ ҳалокатга учраган.
РИА "Новости" агентлиги фавқулодда хизматларга иқтибосан 8 кишининг жасадлари топилганини хабар қилди, уларнинг шахси аниқланган ёки йўқлиги маълум эмас.
"База" ва Mash Телеграм-каналлари учоқ ҳалокати акс этган видеони эълон қилди. Улардан бирида учоқ ҳавода портлаганини кўриш мумкин.
""Вагнер" қотилликлари учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади!"
2017 йилда Вагнер хусусий ҳарбий ширкат ёлланма аскарлари қуролсиз суриялик Муҳаммад Таҳ Элисмоилни шафқатсизларча ўлдириб, қисмларга бўлиб ташлаган. Муҳаммад тўрт боланинг отаси эди, дейди унинг акаси.
Вагнерчилар жиноятни видеога олишганди. Улар орасида ҳарбий компания раҳбари Дмитрий Уткин ҳам бор эди, унинг чақирув белгиси - "Вагнер" кейинчалик бутун тузилма номига айланган.
Бу қотиллик учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.
Дмитрий Уткин, баъзи маълумотларга кўра, ҳозир Украинадаги урушда қатнашиш учун асирларни жалб қилмоқда.
“Вагнер” ёлланма аскарлари Украинада, Сурияда ва Африка давлатларидаги жангларда қатнашган ва қатнашмоқда. “Вагнер” чилар қатор ҳарбий жиноятларда ҳам айбланган.
АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор давлатлар “Вагнер”ни трансмиллий жиноий ташкилотлар рўйхатига киритган.
Бунга қадар “Вагнер” Россия қамоқларида ётган маҳкумларни, жумладан, ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб қамалган ўзбек, тожик ва қирғизларни ўз сафига ёллагани тўғрисида хабарлар берилган.
Путин атрофидагилар Шойгу ва Герасимов истеъфосини талаб этмоқда
Россия хавфсизлик кучлари раҳбариятидаги бир қатор қаттиққўл тарафдорлар президент Владимир Путиндан мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни ишдан бўшатишини, шунингдек, Украинада жанговар ҳаракатларни кучайтириш, умумий сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат жорий этишни талаб қилмоқда.
Бу ҳақда Россия элитасидаги бешта манбага таяниб ёзади Блумберг. Унда Путиндан қаттиқроқ йўл излаётганлар номи айтилмаган.
Агентликнинг таъкидлашича, худди шундай талаблар, хусусан, июн ойи охирида Москвага қарши қуролли кампания уюштирган "Вагнер ПМC" раҳбари Евгений Пригожин томонидан ҳам қўйилган ва буни Путиннинг ўзи исён сифатида баҳолаган. Блумберг агентлигининг ёзишича, Россия раҳбариятидаги кўпчилик Путин, аслида, исёнчиларнинг талабларини бажармаган бўлса-да, уларни ҳеч қандай тарзда жазоламаганидан ҳайратда қолган. Шу сабабли Путиннинг “барқарорлик кафолати” сифатидаги обрўсига путур етиши мумкин.
Блумберг Россия элитаси ҳали ҳам Путинга муқобил вариантни кўрмаётганини таъкидласа-да, Кремл 2024 йилги президентлик сайловларига ҳозирлик кўрмоқда, ўшанда Путин яна олти йиллик муддатга номзодини қўйиши мумкин. Манбаларга кўра, Украинада давом этаётган урушдан ташқари, сўнгги пайтларда Россия президенти, айниқса, рубл курси ва иқтисодий барқарорликдан хавотирда. Агентлик Путиннинг бешинчи муддатга сайланиши ва сайловолди кампаниясидан санкциялар, уруш ва иқтисодий муаммоларга қарамай, унинг кучи мустаҳкам ва ишончли қолаётганини кўрсатиш учун фойдаланиши ҳақидаги тахминларга таянади.
Голландия ва Дания Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб беради
Бу ҳақда Голландия бош вазири Марк Рютте маълум қилди.
Рютте, Голландияда жами 42 та Ф-16 самолётлари борлигини, бироқ уларнинг ҳаммасини бериш ёки бермаслик ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини таъкидлади.
Украина Ф-16 самолётларини етказиб бериш борасида биринчи аниқ ваъдани олмоқда. АҚШ Нидерландия ва Даниянинг қирувчи самолётлар етказиб берилишини маъқуллаган.
Зеленский Ф-16 қирувчи самолётлари Украина мудофааси ва қарши ҳужумини кучайтиришга ёрдам беришини айтди.
Голландия ўзида 42 та Ф-16 самолётлари борлиги, бироқ уларнинг нечтасини бериш борасида бир қарорга келмаганини билдирган бўлса, Дания дастлабки олтита самолётни Янги йилга яқин юборишини маълум қилди.
Дания бош вазир Метте Фредериксен Скрйидструп авиабазасида Владимир Зеленский билан қўшма матбуот анжуманида Дания Украинага Ф-16 қирувчи самолётларини етказиб беришини билдирди.