Украина ҳарбий ҳаво кучлари: 17 та "Шаҳед" дан 15 таси уриб туширилди
Украина ҳарбийлари бугун тунда Россия ҳудудидан учирилган 17 та камикадзе дрондан 15 тасини йўқ қилди, деб хабар беради Украина ҳарбий-ҳаво кучлари.
“Бугун тунда Россия Федерацияси Эроннинг “Шаҳед-136/131” ҳужумчи дронлари ёрдамида Украинага навбатдаги ҳаво ҳужумини амалга оширди. Ушбу теракт оқибатлари ҳақида маълумотлар ҳозирча аниқланмоқда”, — дейилади хабарда.
Украина ҳарбийларига кўра, руслар Курск вилоятида зарба берувчи учувчисиз учоқларни ишга туширган. Кечаси Украинанинг марказий ва ғарбий вилоятларида ҳаво огоҳлантириши эълон қилинди.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби, шунингдек, ўтган кун давомида Россия армияси Украина ҳудудига учта ракета ва 41 та ҳаво зарбаси бергани ҳақида хабар берди. Тинч аҳоли орасида қурбонлар ва ярадорлар борлиги айтилмоқда. Қурбонлар ва вайроналар ҳақида аниқ маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас.
Украинадан чиққан биринчи юк кемаси туркияга етди
Украинанинг Қора денгиздаги йўлагидан фойдаланган биринчи юк кемаси ҳозирда Туркияга етган. Бугун, 18 август куни Reuters агентлиги унинг Босфор бўғозидан ўтаётган акс этган тасвирларни ёйинлади.
Гонконг байроғи остида сузувчи Joseph Schulte номли контейнер ташувчи кема ҳафта бошида Украинанинг Одесса портидан йўлга чиққан эди.
Украина ўтган ҳафтада ғалла экспортига доир битим ўтган ойда тўхтатилиши ортидан ўз портларида қолиб кетган юк кемаларини эркинликка чиқариш учун Қора денгизда “гуманитар йўлак” очганини эълон қилди.
Москва кемалар юрадиган бу йўлакни тан олиши ёки олмаслигини билдиргани йўқ, кемачилик ва суғурта ширкатларида манбалар эса хавфсизлик билан боғлиқ муҳтамал муаммолардан ташвиш тортишмоқда.Туркия матбуотига кўра, Joseph Schulte кемаси Истанбул жанубидаги Амбарли портида лангар ташлайди.
Лукашенко фақат Россияни дастаклайди
Александр Лукашенко Россия Федерацияси Қуролли кучларининг айрим қисмлари 2022 йил февралда Украина чегарасини Беларус ҳудудидан кесиб ўтганини тан олди.
- Ҳа, Россия Қуролли Кучларининг баъзи бўлинмалари Белоруссия ҳудудидан Украина чегарасини кесиб ўтишди. Машқлар якунланди, рус қўшинлари машғулотларда бўлган Белоруссия ҳудудидан чиқа бошлади. Қўшинлар Узоқ Шарқдан эди. Улар кетишни бошладилар ва 23, 24 февралда бу қўшинларнинг бир қисми Украина ва Россия чегарасини кесиб ўтишни бошладилар. Бу биз учун ва бутун дунё учун кутилмаган бщлди. Гарчи кўпчилик бу ҳақда гапирган бўлса-да, америкаликлар уруш бошланишидан огоҳлантирган, озчилик ишонган. Улар чегарани кесиб ўта бошлади. Нега? Украинадаги президентингизга савол беринг, деди Беларус президенти.
Лукашенко Украинага қарши урушда Беларус ҳамиша Россияни дастаклашини айтди. Шунингдек, у “Украина, Польша ёки Болтиқ мамлакатлари Белоруссияга тажовуз қилган тақдирда Минск кўз очиб юмгунча жавоб қайтаради” дея таъкидлади.
Беларус ҳудудига жойлаштирилган Россия тактик ядровий қуроли ҳақида гапираркан, Лукашенко Беларусга қарши агрессия бўлмаса, қурол қўлланмаслигини айтди. “Бизга қарши агрессия акти бўлса, яъни Беларусга ҳужум қилсалар, қўл қовуштириб турмаймиз. Босқинчини тийиб қўйиш учун бутун арсеналимизни ишга соламиз”, дея урғулади у.
Лукашенко Беларуснинг Украинага қарши урушдаги иштироки хусусида илк бор 2022 йил октябрда сўз очган эди. Айни чоғда у Беларус “махсус ҳарбий амалиёт”да қатнашаётган бўлса ҳам, ҳеч кимни ўлдирмаётганини ва Украинага ўз ҳарбийларини юбормаётганини иддао қилган.
Киев Берлиндан Taurus олисдан урар қанотли ракеталарини кутмоқда
Бироқ немис канцлери Олаф Шольц маҳаллий ОАВларга берган интервьюсида Германия Украинага қанотли ракеталар беришга ҳозирча тайёр эмаслигини айди. Гап шундаки, Taurus қанотли ракетаси 500 километргача масофадаги нишонга ярим тонна портловчи модда билан зарба бера олади. Яъни, Украина уларни душман ҳаво ҳудудига кирмасдан учириши ва бу билан ўз учувчилари ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Ҳозирда немис ҳукумати Taurus ракеталарини Украинага беришдан олдин уларнинг учиш масофасини чеклашнинг техник имкониятларини ўрганмоқда, токи Киев ракеталар билан Россия ҳудудига зарба бера олмасин.
Ҳарбий эксперт Игал Левин “Настояшчее время” ёйинида Taurus ракеталарининг устунликлари ҳақида сўзлаб берди:
“ У учиш траекторияси олдидан маълум бўлган оддий баллистик ёки қанотли ракета эмас, жуда жиддий қурол: у, биринчидан, ўз тизимларига эга, иккинчидан, манёвр қила олади ва, учинчидан, паст учади. Эслатиб ўтаман, ракета ерга қанча яқин учса, уни радарлар ёрдамида топиш шунча қийин бўлади. Қолаверса, бунақа ракеталар ҳеч қачон якка учирилмайди: у билан бирга, сохта нишонлар – махсус “пўкак” ракеталар ҳам учирилади. Шу боис, ярим тонна портловчи модда кимнингдир бошига учиб бориши эҳтимоли жуда юқори“