Анна Маляр: Россия фронтнинг жанубий ва шарқий секторларига янги захираларни тўпламоқда
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби ўз ҳисоботида ўтган 24 соат давомида фронтнинг турли йўналишларида 30 га яқин жанговар тўқнашувлар содир бўлгани ҳақида маълум қилди.
Унда билдирилишича украин ҳарбийлари Россия армияси шахсий таркиби ва ва техникаларига бир неча бор зарба берган. Шунингдек, Бош штаб Россия назорати остидаги ҳудудларга ҳамда Россиянинг артиллерия позициялари ва радар станцияларига ҳужум уюштирганини ҳам қўшимча қилди.
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг айтишича, Россия армияси ҳозирда фронтнинг жанубий ва шарқий секторларига янги захираларни кўчирмоқда ва булар асосан профессионал аскарлардир.
Покровск шаҳрига ракета зарбаси натижасида 7 киши ҳалок бўлди, 67 киши жароҳатланди
Россия 7 август куни кечки пайт Донецкдаги Покровск шаҳар марказига икки марта ракета зарбаларини амалга оширди.
Украина ҳарбийлари руслар Покровск марказига “Искандер” баллистик ракеталари билан ҳужум қилганини маълум қилди.
Қурбонлар орасида икки қутқарувчи ва бир ҳарбий ҳам бор. Яна тўққизта полициячи ва бир ҳарбий ҳамда шаҳар кенгаши депутати яралангани айтилмоқда. Шаҳар маъмурияти жароҳатланган 31 кишининг аксарияти тинч аҳоли вакиллари эканини билдирди.
Ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар вайроналар билан тўлган ҳодиса жойида ишлаётганини кўриш мумкин.
Беларуслик рассом россиялик ўқитувчиларни нацистлар шиорларини кўтариб чиқишга ундади
Россиянинг Курск вилоятида ўқитувчилар июл ойи бошида “Ҳаммаси Россия учун!”, “Биз руслармиз!”, “Худо биз билан!” шиорлари остида диний юришга чиқишди. Уларни бунга беларуслик актёр Владислав Бохан мажбурлаган. Акционист рассом бир нечта рус мактабларига "Ягона Россия" партиясининг вилоят бўлими номидан электрон почта орқали хатлар юборган.
Бирқанча мактабларда унинг “талаби” эътиборга олинмаган бўлсада, рассом талаб бажарилмаса мактаб раҳбарияти ҳоким номига тушунтириш хати ёзиши кераклигини қўшимча қилди. Шундан сўнг Курск вилоятидаги учта қишлоқ мактабининг ўқитувчилари унинг талабларини бажариб ўз мактабида тадбирларни уюштирди.
2022 йил июл ойида эса Бохан Москва яқинидаги Клин шаҳридаги мактаб ўқитувчилари “Меҳнат сени озод қилади!” ва “Бир халқ, бир миллат, бир ҳукмдор” плакатлари билан шанбаликка чиқишга мажбур қилган. Ўқитувчиларни бу 3 Рейх нацистлари, яъни Гитлер Германияси шиорлари экани ҳам таажжублантирмаган.
“Бу одамларга ачинмайман,” дейди рассом журналистларимизгаберган интервюсида.
Владислав Бохан Смоленск вилоятидаги мактаб ўқитувчиларига гуё унга Россия Қаҳрамони унвони берилиши шарафига ўзининг сурати ва “Владислав бизнинг қаҳрамонимиз!” ва "Владислав бизнинг фахримиз!" плакатлари билан суратга тушишга мажбурлаган.
Қозоғистон рус босқинчилик символикасини тақиқламоқчи
Қозоғистон Бош прокуратураси мамлакат ҳукуматига “Вагнер” ширкати белгилари, “Россия армияси”, "Вежливые люди" ёзувлари, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлаш рамзлари саналган Z ва V ҳарфлари туширилган товарларни тақиқлашни таклиф қилди. Бу ҳақда КазТАГ “Атамекен” Республика миллий тадбиркорлар палатасига таяниб хабар бермоқда.
Жамоат манфаатларини ҳимоя қилиш департаменти прокурори Куат Бапиновнинг айтишича, Бош прокуратура ташаббуси қозоқ “жамиятида ноаниқ реакция”ни келтириб чиқараётган “этник рамзлар”ни намойиш қилиш билан боғлиқ.
- Шу тариқа, 2022 йилда Қозоғистонда Россия-Украина можароси авж олгани муносабати билан кийим-кечак, ўйинчоқлар, транспорт воситалари, чакана савдо тармоқларида турли номлар остида ўйинчоқ, болалар маҳсулотларини сотиш ва реклама қилиш, хусусан, "Россия армияси", "Мулойим одамлар", Z ва V белгиларини намойиш қилиш ҳолатлари кўпайди, дейди прокурор Куат Бапинов.
Бош прокуратура Қозоғистонда қуролли тўқнашувларда урушаётган томонлар фойдаланадиган рамзлар туширилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, ташиш ва тарқатишни бутунлай тақиқлашни таклиф қилмоқда. Шунингдек, ушбу тақиқни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этилиши кутилмоқда.
Z ва V белгилари Россия ташвиқот манбалари томонидан Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши рамзи сифатида ишлатилади ва босқинда иштирок этаётган рус ҳарбий техникасига ёпиштирилади.
Қозоғистонга Z ва V стикерлари ва Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги бошқа белгилар туширилган машиналарда кириб келган россияликлар уларни олиб ташлашга мажбур қилинмоқда.