Киевдаги Совет давридан қолган ёдгорлик монументига Украина герби ўрнатилди
Шаҳар мерияси Киевдаги Она ватан рамзий ёдгорлик мажмуасига Украина гербини ўрнатди.
Украина уруш бошланганидан бери Совет давридан қолган ҳайкал ва монументларни демонтаж қилиб келади.
Жангчи аёл акс этган мазкур ёдгорлик мажмуасининг баландлиги 62 метр бўлиб, 1981 йилда Днепр дарёсининг ўнг қирғоғидаги тепалик устида барпо этилган. Жангчи аёл ҳайкали ўнг қўлида 16 метрлик қилич ва чап қўлида саккиз метрлик қалқон тутганча шарққа қараб туради.
"Она ватан ҳайкали қалқонига герб рамзи туширилганини кўриб турибмиз. Бунгача бўлган йўл қанчалик машаққатли бўлганини кўрдик. Ўнлаб, юзлаб одамлар иштирок этди. қарор қабул қилиш қийин бўлди. Бу халқимизнинг иродаси", деди Украина тарихи музейи директори Юрий Савчук.
Шу пайтгача ҳайкалда Совет Иттифоқининг герби бўлган.
Бу ҳаракат Россия Украинага бостириб киргандан бери Украинада давом этаётган декоммунизация кампаниясининг навбатдаги босқичи бўлди.
Россия Купянскдаги қон қуйиш марказига бомба ташлади, қурбонлар бор
Россия 6 августга ўтар кечаси Украинага ялпи зарбалар берди. Шанба оқшомидан якшанба тонггига қадар Россия армияси 70 та ракета ва дронларни қўллаган ҳолда туркум ҳужумлар уюштирди, дейилади Украина ҚК хабарномасида. Ўлганлар ва ярадорлар бор.
Украина президенти Владимир Зеленскийга кўра, 5 август куни кечқурун Россия қўшинлари Харьков вилоятидаги қон қуйиш марказига бошқариладиган авиабомба билан зарба йўллаган.
“Россиянинг бошқариладиган авиабомбаси Украинадаги қон қуйиш марказига қарши. Шу оқшом, Харьков вилояти Купянск тумани”, деб ёзди президент.
Зеленский қўшимча қилишича, “ўлганлар ва ярадорлар бор”, “қутқарувчилар ёнғинни бартараф этишмоқда”.
Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати Россия Хмелницкий вилоятидаги ғалла тегирмонига ракета зарбаси бергани ҳақидаги видеони эълон қилди.
Кейинроқ Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раиси Олег Синегубов Купянск тумани Кругляковка қишлоғидаги нотурар-жой биносига соат 20:20 ларда бомба келиб тушганини, катта ёнғин бошланганини билдирди. Дастлабки маълумотга кўра, икки эркак ҳалок бўлиб, тўрт киши яраланган.
Хмельницкий вилоятида ракета зарбалари натижасида бир нечта турар-жой биноси, маданият муассасаси ва автовокзал шикастланган. Вилоят ҳарбий маъмурияти ҳеч ким жабрланмаганини айтмоқда. Суми вилоятида эса турар-жой биноси вайрон қилинган, бир киши ўлган.
Украина ҚК хабарномасига кўра, Россия армияси 70 та дрон ва ракета қўллаган, 30 та қанотли ракета ҳамда 27 та зарбдор дрон украин ҳарбийлари томонидан мамлакат ҳаво ҳудудида уриб туширилган.
Хусусан, 5 август оқшомида бўлган ҳужумда 14 та “Калибр” ракетаси қўлланган, улардан 12 таси уриб туширилган. Украина томони “Кинжал” ракеталари сонига доир маълумотни очиқламади.
Россия ҳарбийлари Украинага қарата “Шаҳид” камикадзе дронларини – жануби-шарқдан, “Калибр”ларни – Қора денгиз акваториясидан ва Х-101/Х-555 ракеталарини Каспий атрофидан Ту-95МС стратегик учоқлари орқали йўллагани айтилмоқда.
Украина ҲҲМ кучлари 27 та “Шаҳид”нинг барчасини, 20 та Х-101/Х-555 ракеталаридан 13 тасини йўқ қилган.
Россия назоратидаги ҳудудда содир бўлган отишмадан сўнг Донецк университети биносида ёнғин чиқди
Кеча Донецкдаги университет биноси Украинанинг Россия назоратидаги шаҳарчани ўққа тутиши оқибатида ёниб кетди, дея хабар тарқатди шаҳарнинг Россия томонидан ўрнатилган мери Алексей Кулемзин.
Россия қўллаб-қувватлайдиган ДХР фавқулодда вазиятлар вазири Алексей Кострубитский ОАВга берган интервьюсида ёнғинга кассетали ўқлар билан қилинган ҳужум сабаб бўлганини айтди.
Рейтерс агентлиги бу хабарни мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Ўтган ой АҚШдан кассетали бомбалар олган Украина улардан фақат душман аскарларига қарши фойдаланишга ваъда берган.
Россия ва Украина бир-бирининг ҳарбий нишонлари ва ўқ-дори омборларига зарба берганини маълум қилди
Россия ва Украина ҳарбийлари ўзларининг кундалик ҳисоботида, бир-бирининг ўқ-дори омборлари ва ҳарбий техникаларига зарба берганини даъво қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги рус қўшинлари Донецк, Лиман, Запорожье, Херсон йўналишларида Украина армиясининг ҳужумларини қайтаргани ҳамда ўқ-дори омборлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа радарлари ва бошқа ҳарбий нишонларига зарба берганини билдирди.
Шунингдек, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг бир қатор ҲИМАРС ракеталари ва дронларини бартараф қилди, дейилади мудофаа вазирлиги ҳисоботида.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби ўтган 24 соат ичида русларнинг Купянск ва Авдивка йўналишидаги ҳужумини қайтаргани, Россия шахсий таркиби, қўмондонлик пунктлари, ўқ-дори омборлари ҳамда электрон уруш тизимларига бир неча бор ҳаводан зарба бергани ҳақида хабар берди.