Россия Украина устидан БМТга арз қилди
Душанба куни Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашида Киев устидан арз қилишга тушди, уни террорчилик усуллари билан урушаётганликда айблади. Россия даъволари ҳафта охирида Москвада тўртинчи дрон ҳужумидан кейин янгради.
Россия элчиси Дмитрий Полянский Украина камикадзе дронларининг Россия ҳудуди ва Қримга ҳужумлари кўпайиб қолганини маълум қилди.
“Киев режимининг тобора даҳшатли ҳаракатларини қоралашни борган сари рад этиш орқали БМТ Зеленский режимига ҳар қандай жиноятни амалга оширишга имконият яратиб бермоқда”, деди Россия элчиси.
Аммо душанба куни Украина расмийлари Россия баллистик ракеталари президент Зеленскийнинг туғилган шаҳридаги турар-жой мажмуаси ва университет биносига қулагани, Портлашлар вайроналар остида аҳолини қулаши оқибатида олти киши ҳалок бўлди ва 75 киши жароҳатланганини айтишди.
Кривой Рог шаҳри марказига тушган иккита ракетадан бири турар-жой биносининг бир қисмини вайрон қилган, ҳалок бўлганлар орасида 10 ёшли қиз ва унинг онаси ҳам бор.
Украина элчиси Кристина Ҳаёвишининг айтишича, Россиянинг ўзининг тажовузкорлиги халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид солмоқда.
"Ёвузлик мағлуб бўлганда, у ўзини худди шу хонада ўтирган Россия делегациясининг вакили каби тутади ва одатга кўра ўзини қурбон сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади", деди Украина вакиласи.
Кенгаш аъзолари бир овоздан Россиянинг ҳаракатларини қоралаб, нима сабабдан рус делегацияси Украина масаласини июл ойида беш марта кун тартиби муҳокамасига қўйишни сўрашда давом этаётганини савол остига олишди. Аъзолар, шунингдек, Украина ўз суверенитетини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлигини яна бир бор таъкидлашди.
Кривой Рогда 1 август мотам куни деб эълон қилинди
Кеча Россия Украина жанубидаги Кривой Рог шаҳрига ракеталар билан ҳужум қилди. Украина расмийлари ҳужум оқибатида тўрт киши, жумладан, 10 ёшли қиз ва унинг онаси ҳалок бўлгани ва яна бир неча киши вайроналар остида қолиб кетганини хабар берди.
Шаҳар мери Александр Вилкул қурбонлар сони 5 кишига етгани, жароҳатланганлар 73 киши эканини хабар қилди.
Ҳукумат 1 августни Кривой Рогда мотам куни деб эълон қилди.
"Москва Сити"га яна бир дрон ҳужум қилди
1 августга ўтар кечаси Москва шаҳрининг “Москва Сити” бизнес марказидаги IQ-Квартал биносига яна бир дрон келиб урилди. Бунгача Москва вилоятида портлашлар содир бўлгани хабар қилинганди. Москва мери Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, 21 қаватда иморатнинг ташқи қисми шикастланган ва 150 квадрат метр майдоннинг ойналари синган.
Россия Мудофаа вазирлиги кечаси Москва вилоятида Украинанинг иккита учувчисиз учоқни уриб туширганини ва биттаси "электрон мослама ёрдамида "Москва Сити" мажмуаси ҳудудига қулатилганини” айтди. Бинонинг 21-қаватида Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги жойлашгани маълум.
Москвага янги дрон ҳужуми муносабати билан Внуково аэропорти ишни бир муддатга тўхтатди.
Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумотлар ҳозирча йўқ.
Икки кун аввал, 30-июлга ўтар кечаси иккита дрон Москва Сити минораларига қулаган эди. 24 июл куни дронлар Москванинг қоқ марказига учиб келиб, улардан бири Россия Мудофаа вазирлиги биноси ёнидаги Комсомолский проспектига қулаган эди.
Бу уруш бошланганидан бери Москва шаҳрига қилинган 5чи ҳарбий дронлар ҳужумидир.
“Она Ватан” ўрнига “Она Украина”
Украина пойтахти Киев мамлакатнинг совет ўтмишининг энг кўзга кўринган қолдиғи, шаҳар тепалигида турган “Она Ватан” ҳайкалини “Она Украина” деб номламоқчи. Киев ҳайкал тутган қалқонда тасвирланган шўъроларнинг “Болға ва ўроғ”и билан хайрлашишга тайёрланмоқда.
30 июл куни Европадаги энг баланд 62 метрлик Ватан ҳайкали тепасида ишлаётган саноат алпинистлари ўроқ ва болға билан икки гулчамбардан бирини кесиб, ерга туширди. Бу ҳайбатли ҳайкал 1981 йилда шахсан СССР раҳбари Леонид Брежнев томонидан очилган.
Анъанавий совет герби ўрнини Тризуб – Украина пойтахтида чилангарлар томонидан пайвандланган уч қиррали герб эгаллайди. Очилиш 24 август, Украина Мустақиллик кунига мўлжалланган.