"Вагнер" жангарилари Полша чегарасида
Россиянинг “Вагнер” гуруҳининг ёлланма аскарлари НАТОга аъзо Польша билан чегарадан атиги 5 км шарқда жойлашган Брест полигонида Беларус махсус кучларини тайёрлашни бошлади, деб хабар қилди Беларус Мудофаа вазирлиги пайшанба куни.
Минск беларуслик аскарларни зирҳли машиналар ва дронларни бошқаришни ўргатувчи юзларини беркитиб ниқоб кийган “Вагнер” инструкторларининг суратлари ва видеоларини жойлаштирди.
Полша, Варшава шартномасининг собиқ аъзоси, 1999 йилдан бери НАТОнинг тўлиқ аъзоси.
"Полша чегаралари хавфсиз, биз шарқий чегарамиздаги вазиятни доимий равишда кузатиб борамиз ва вазият ривожланиши учун турли стсенарийларга тайёрмиз", - деди Полша Мудофаа вазирлиги.
Украина Россиянинг Қора денгизда барча кемаларини нишонга олади
Украина Мудофаа вазирлиги Россиянинг Қора денгиз орқали ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ҳаракатланадиган барча кемаларини потенциал ҳарбий юкларни ташувчи сифатида кўришини маълум қилди.
“Қора денгиз сувларида ва Украинанинг Россия томонидан вақтинча босиб олинган ҳудудидаги денгиз портлари йўналиши бўйича ҳаракатланаётган барча Россия кемалари ҳарбий юк ташувчи сифатида кўриб чиқилиши мумкин” , дейилади Украина Мудофаа вазирлиги Телеграм каналида.
Янги қоидалар 21 июль куни маҳаллий вақт билан кечки 12 дан бошлаб кучга кириши хабар қилинди.
21 июлга ўтар кечаси Россия Одесса вилояти жанубига “Калибр” ракеталари билан ҳужум қилди
Икки киши жароҳатланган. Бу ҳақда вилоят маъмурияти раҳбари Олег Кипер маълум қилди.
Унга кўра, Одесса вилоятидаги қишлоқ хўжалиги корхоналаридан бирининг дон терминалига иккита ракета келиб тушган. 100 тонна нўхат, 20 тонна арпа нобуд бўлди.
Украина Қуролли кучлари “Жанубий” оператив қўмондонлиги вакили Наталя Гуменюк “Калибр” ракеталари Қора денгизда жойлашган кемадан учирилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбийлари ракеталарни паст баландликда учирган, шу сабабли уларни аниқлаш ва йўқ қилишни қийинлаштирди.
Россия 17-июл куни Қрим кўпригида содир бўлган портлаш учун Одессадаги порт инфратузилмаси объектларига тўртинчи кечадан бери ҳужум қилмоқда.
В.Зеленский: Бугунги кунда Эфиопияда 20 миллионга яқин одам очлик ёқасида турибди
Украина президенти Владимир Зеленский тунги видеомурожаатида Россиянинг Одесса ва Николаевга қилган ҳаво ҳужумларига муносабат билдирди.
Зеленскийнинг айтишича, Россия ўтган тўрт кун ичида Николаев ва Одессани 70 та ракета ва 90 га яқин дронлар билан нишонга олган. Зеленский Украина ҳаво ҳужумидан мудофааси бутун мамлакат ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун ҳали етарли қуролларга эга эмаслигини таъкидлади.
Зеленскийнинг айтишича, у Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад билан Россиянинг Қора денгиздаги дон келишувидан чиқиши натижасида пайдо бўлаётган очарчилик таҳдиди ҳақида гаплашган.
"Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихида биринчи марта Эфиопия бош вазири билан, Россиянинг дон экспортимизни йўқ қилишга уриниши ҳақида гаплашдим. Бугунги кунда Эфиопияда 20 миллионга яқин одам очлик ёқасида турибди. Бу дунёдаги энг оғир вазият. Ўтган йили Украинадан Эфиопияга 300 000 тонналик дон экспорти камида бир миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолди. Агар Россия тажовузи бўлмаганида, биз янада кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишимиз ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашимиз мумкин. Ишончим комил, бу йил бутун дунё билан биргаликда бу вазифани уддалай оламиз”, деди Украина президенти.