Киев икки кундирки дрон ҳужумлари остида
Россия ҳарбийлари кетма-кет иккинчи кеча Киевга дронлар билан ҳужум қилди. Маҳаллий маъмурлар барча нишонлар ҲҲМ кучлари томонидан уриб туширилганини айтмоқда. Ҳаво тревогаси Украинанинг барча вилоятларида янгради ва салкам беш соат давом этди.
“Душман дронлари ҳаракати қайд этилди! Вилоятда ҲҲМ тизимлари ишламоқда. Ахборот гигиенасига риоя қилинг – бизнинг мудофаачиларимиз ишини тасвирга олманг. Хавфсизлик қоидаларига бепарво бўлманг”, дейилади Киев вилояти ҳарбий маъмуриятининг телеграмдаги хабарномасида.
Киев шаҳри маъмурияти бошлиғи Сергей Попко ҳам аҳолини ҳаво тревогаси бекор қилингунча панажойларда қолишга чақирди. Пойтахтда тревога икки соатдан зиёд давом этди. Дастлабки маълумотга кўра, душман “Шаҳед” камикадзе дронларини қўллаган. Украинанинг Черкас вилояти ҳам дронлар ҳужумига учради.
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Игор Табурецга кўра, улардан биттаси Черкас туманидаги нотурар-жой инфратузилмаси объектига тушиб, ёнғин чиқарган. Ўт зудликда ўчирилгани ва ҳужум чоғида жабрланган икки киши куйиш жароҳатлари билан маҳаллий касалхонага ётқизилгани айтилмоқда.
Дрон ҳужуми оқибатида Черкас вилоятидаги инфратузилма объектида ёнғин чиқиб, икки киши куйиш жароҳатини олди, деб хабар берди вилоят губернатори Игор Табурец. Украинанинг шарқий ҳарбий округи матбуот котиби Сергей Череватий Украина қўшинлари Бахмут яқинида “бир маромда” олға ҳаракат қилиб, ташаббусни ушлаб турибди, дея баён қилди.
Украина ҚК Бош штаби Бахмутда украин ва рус кучлари ўртасида 29 га яқин тўқнашув бўлганини айтди. “Мудофаачиларимиз Бахмут ҳудудида душман ҳужумларини муваффақиятли қайтарди. Авдивка йўналишида рус қўшинларининг олдинга силжишига имкон бермаяпти. Душман кучлари “қаттиқ қаршилик кўрсатмоқда”, деди Сергей Череватий.
Вилнюсда хавфсизлик чоралари кучайтирилди
НАТОга аъзо мамлакатлар Украинага нисбатан Альянсга аъзо бўлиш ҳаракатлари режаси (АҲР) татбиқ этилмаслигига розилик берди. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотнинг Вильнюсдаги саммити доирасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Унга кўра, бу Украинанинг НАТОга қўшилиши муддатларига доир бирон аниқ маънони англатмайди.
“Иттифоқчилар ўзаро келишиб, шартлар бажарилганидан кейингина биз Украинага НАТОга киришга таклифнома берамиз”, дея Столтенбергдан иқтибос келтиради Би-би-си рус хизмати.
НАТОга аъзо бўлиш ҳаракатлари режаси – ташкилотга янги аъзоларни қабул қилиш дастури бўлиб, 1999 йилда маъқулланган. Ўтган йили Финляндия ва Швеция АҲДсиз Альясга таклифнома олган эди.
Украина президенти Владимир Зеленский, ўз навбатида, Украинани қабул қилиш масаласида сусткашлик қилгани учун Альянсни танқид қилди. “Вильнюс йўлида эканмиз, айрим масалалар Украинасиз муҳокама қилинаётгани ҳақида хабар келди”, деди у.
“Бир нарсани таъкидлашни истардим: булар Украинанинг НАТОга аъзо бўлишига эмас, балки НАТОга таклифномага доир жумлалар. На таклифнома бериш, на аъзо бўлиш бўйича аниқ вақт белгиланмаганлиги қип-қизил абсурд. На Украинани НАТОга таклиф этиш, на уни Альянс аъзоси қилиш учун тайёргарлик йўқдек туюлмоқда”, деб ёзди президент ўз телеграм-каналида.
Расмийларга кўра, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия Киевга мудофаа учун замонавий қуроллар, ўқув машғулотлари ва бошқа ҳарбий ёрдамлар кўринишида узоқ муддатли хавфсизлик кафолатларини тақдим этиши кутилмоқда. Зеленский НАТОнинг бошқа етакчилари билан ҳам учрашади. Альянс лидерлари Украинанинг келажаги НАТОда эканлигини эътироф этди, аммо аъзолик муддатини белгилашдан бош тортди.
New York Times: Украинага ATACMS беришлари мумкин
Оқ уй Украинага ATACMS олисга учар ракеталарини бериш масаласида ёпиқ муҳокамалар ўтказмоқда. Бу ҳақда икки америкалик ва бир европалик мулозимга таянган ҳолда New York Times хабар қилмоқда.
Газета суҳбатдошларига кўра, гап АҚШ армияси захирасидан “ер-ер” таснифидаги бир нечта ракетани Киевга бериш устида бормоқда.
Айни чоғда Пентагонда “ҳозир Украинага олисга учар ракеталар керак эмас”, деган фикр мавжуд. Қолаверса, АҚШда ATACMS унча катта эмас ва уларнинг ҳам аксари турли ҳудудлар, жумладан Корея яриморолига жойлаштирилган. Ракеталарнинг Украинага берилиши бошқа “қайноқ нуқталар” хавфсизлигига таҳдид туғдиради, деб ёзади New York Times.
Украина кўпдан бери ATACMS тактик ракета комплексларига эга бўлишга интилмоқда. Киев “300 километргача масофага учадиган ушбу ракеталар Россиянинг фронт чизиғидан анча узоқда жойлашган бўлинмаларига, таъминот объектларига зарба беришга имкон беради”, деб ҳисоблайди.
Нашр урғулашича, Украина ҚК ATACMS’лар ёрдамида Россиянинг аннексия қилинган Қримдаги базаларини йўқ қилишни истайди.
Шойгу Россия Украинада кассетали снарядларни қўллаши билан таҳдид қилди
Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинага кассетали ўқ-дорилар берилган тақдирда Россия армияси ҳам жанг майдонида Украина қўшинларига қарши шунақа снарядларни қўллай бошлашини айтди.
Шойгу буни “мажбурий ва жавоб чораси” деб деб атар экан, “Россия кассетали ўқ-дориларни қўллашдан шу пайтгача ўзини тийди, ҳозир ҳам тийилиб турибди, чунки улар тинч аҳоли учун нақадар хатарлилигини тушунади”, дея урғулади.
Бироқ Украина расмийлари кенг кўламли уруш бошланганидан бери Россия армияси бир неча бор кассетали снарядлардан фойдаланганини даъво қилмоқда. Москва эса буни инкор этяпти.