НАТОга аъзо давлатлар Россия ҳужуми эҳтимолига режа ишлаб чиқдилар
Россия билан чегаралар яқинида НАТОнинг доимий ҳарбий базалари пайдо бўлиши мумкин.
Литва президенти Гитанас Науседа НАТОни Москва Беларусда тактик ядро қуролларини жойлаштиргани сабабли Россия билан алоқалар ва ҳамкорлик тўғрисидаги актни бекор қилишга чақирди.
Бундай ҳолда, Россия Федерацияси билан чегаралар яқинида доимий ҳарбий базаларни жойлаштириш мумкин бўлади.
Шунингдек, Совуқ уруш давридан бери биринчи марта НАТО Россия ҳужуми содир бўлган тақдирда режа бўйича келишиб олади, деб ёзади Рейтерс.
Душанба куни, НАТОнинг Вильнюс саммити бошланишидан бир кун олдин Альянсга аъзо мамлакатлар Россия тарафидан бўлажак муҳтамал ҳужумдан минтақавий ҳимояланиш режасини келишиб олди.
Бу ҳақда, ўз манбаларига таяниб Reuters ва dpa хабар бермоқда.
Режа саммитда тасдиқланиши керак. Унда фавқулодда вазиятларда НАТОнинг ўта муҳим ҳудудларини мудофаа қилиш батафсил тасвирланган.
Шу муносабат билан қандай ҳарбий имкониятлар зарурлиги белгиланган. Режага қуруқликдаги қўшинлар, ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучларидан ташқари, кибернетик ва космик кучлар ҳам киритилган, дейилади dpa хабарида.
НАТО режаси ҳарбий бюджетларни ошириш, қурол-аслаҳа ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда Альянснинг кучли аъзолари томонидан кучсизроқ аъзоларга кўмак кўрсатилишини ҳам назарда тутади.
НАТО раҳбариятига кўра, ҳар бир аъзо мамлакат ўз ҳарбий бюджетини камида ЯИМнинг 2 фоизига ошириши лозим.
Ушбу режани бажариш учун бир неча йил вақт керак бўлиши айтилмоқда. Айни чоғда, ташкилот вакиллари Шимолий Атлантика иттифоқи муҳтамал тажовузларга зудликда жавоб қайтаришга шай бўлиши шартлигини таъкидлаганлар.
НАТО СССР ва Ғарб ўртасидаги совуқ уруш тугаганидан сўнг илк бор шунақа режани қабул қилаётгани эътиборга молик.
Reuters маълумотига кўра, Туркия режа жўғрофик жиҳатдан Анқара билан ҳудудий даъволашаётган Кипр сингари жойларни ҳам ўз ичига олишини рўкач қилиб, унинг қабул қилинишига тўсқинлик қилган.
Бироқ дипломатлардан бири Reuters билан суҳбатда Туркия алалоқибат муроса қилганини ва ўз эътирозларини қайтариб олганини айтган.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг НАТО ўз стратегик концепциясида Россияни “хавфсизликка энг катта таҳдид” деб белгилади.
Шу муносабат билан НАТОнинг 2022 йили Мадридда ўтказилган саммитида Марказий Европа мамлакатларидаги контингентни ошириш билан Альянснинг шарқий қанотини мустаҳкамлашга қарор қилинди.
Ушбу мамлакатлардаги батальон жанговар гуруҳларини йирикроқ ҳарбий бўлинмалар – бригадалар билан алмаштириш таклиф қилинган.
Шу билан бирга, НАТОнинг Тезкор ҳаракат қилувчи кучлари миқдорини 40 мингдан 300 минг аскарга кўпайтириш режаланган.
Қуруқлик, ҳаво ва денгиз бўлинмаларидан иборат ушбу кучлар доимий дислокация жойидан саноқли кунлар ичида можаро ҳудудига етиб бориши керак бўлади.
Лавров: Россия НАТОнинг кенгайишига “муносиб” жавоб қайтаради
Россия Швеция ва Украинанинг НАТО ҳарбий иттифоқига қўшилиши эҳтимолига ўз вақтида “муносиб” жавоб чораларини кўрмоқда, деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
"Хелcинки ва Стокголм АҚШ билан иттифоқ инфратузилмасини Россия чегаралари яқинида ва Швеция ҳақида гап кетганда эса бизнинг чегараларимиздан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилмоқда. Сизни ишонтириб айтаманки, Россиянижг барча қонуний хавфсизлик манфаатлари ҳимоя қилинади. Биз амалда қандай чоралар кўришни биламиз".
Лавров Россия қандай жавоб чоралари тайёрлаётгани ҳақида батафсил тўхталмади.
Киев ва Одессага “Шаҳид”лар ҳужуми: пойтахт устида барча нишонлар уриб туширилган
Киев маъмурияти Россия ҳарбийлари 11 июлга ўтар кечаси Украина пойтахтига Эрон дронлари билан ҳужум қилганини маълум қилди. Айтилишича, барча “Шаҳид”лар ҲҲМ тизимлари ёрдамида уриб туширилган.
“Душман шу ойда иккинчи марта Киевга ҳаводан ҳужум қилди. Июль ойи бошларида бўлгани каби, душман яна “Шаҳид”лардан фойдаланган. Эрон дронлари жанубий йўналишдан, эҳтимолки Краснодар ўлкасидан учирилган”, деб ёзди Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко.
Киев вилояти аҳоли масканларидан бирида дрон парчалари қулаши натижасида хусусий уйга қарашли иморат шикастлангани ва ёнғин чиққани хабар қилинмоқда.
“Вилоят аҳоли масканларидан бирида “Шаҳид” бўлаклари топилди. Хусусий уй деразалари ва хўжалик иморатлари шикастланган, похол тўшама ёниб кетган”, дейилади Украина ИИВ хабарномасида.
Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Руслан Кравченко аниқлик киритишича, дрон бўлаклари вилоятнинг икки туманига қулаб, 12 та хусусий уй ва битта кўпқаватли турар-жой биносига зарар етказган.
Муҳтамал жабрдийдалар бўйича маълумот йўқ. Воқеа жойида полиция ва қутқарув хизматлари ишламоқда.
Одесса вилоятига дронлар билан кенг кўламли ҳужум уюштирилгани ҳақида вилоят раҳбари Олег Кипер маълум қилди.
Мулозимга кўра, Россия қўшинлари дон терминалларидан бирига бир неча туркум “Шаҳид” дронларини йўллаган.
Украина Ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотига кўра, 11 июлга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинага 28 та камикадзе дрони билан ҳужум қилган, улардан 26 таси уриб туширилган.
Краснодарда сафарбарлик бўлими бошлиғининг ўринбосари Станислав Ржицкий ўлдирилди
ОАВлар хабар қилишича, уни эрталаб югуришга чиққанида номаълум киши отиб кетган. Тўртта ўқ еган Ржицкий воқеа жойида ўлган.
Станислав Ржицкий 42 ёшда эди. У илгари флотда хизмат қилган ва “Калибр” қанотли ракеталари билан қуролланган “Краснодар” сувости кемаси командири бўлган.
Украина ОАВлари ушбу сувости кемаси ўтган йилнинг июлида Қора денгиздан туриб Винница шаҳрига “Калибр”лар билан зарба берганини урғулашмоқда.
Шунингдек, айнан шунақа исм-фамилияли одам Украинанинг Россия армияси ҳарбий жиноятларига доир маълумотлар тўпловчи “Миротворец” сайти базасига ҳам киритилган.
Унда Ржицкий “Алроса” сувости кемасига командирлик қилгани айтилади.