Чеченистонда “Новая газета” журналисти Елена Милашина ва адвокат Александр Немов қаттиқ калтакланди
“Команда против пыток” ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи “Новая газета” журналисти Елена Милашина ва адвокат Александр Немов Чеченистонда номаълум кишилар томонидан калтакланганини маълум қилди.
Улар чеченистонлик фаоллар – ака-ку Абубакар, Ибрагим ва Байсангур Янгулбоевларнинг онаси ва Олий суднинг собиқ судьяси Сайди Янгулбоевнинг хотини Зарема Мусаевага ҳукм ўқилишида иштирок этиш учун Чеченистонга учиб келишганди.
Мусаева 2022 йил январда чечен кучишлатар ходимлари томонидан Нижний Новгороддан ўғирлаб келинган эди. 4 июль куни бўлиб ўтган судда Зарема Мусаева 5,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Дастлабки маълумотга кўра, адвокат ва журналист ўтирган автомобилни аэропортдан шаҳарга элтувчи йўлда қуролли одамлар тўхтатишган. Милашина ва Немов қаттиқ калтакланган, уларнинг жиҳозлари тортиб олиниб, мажақланган, дея маълум қилди “Команда против пыток”.
Воқеалар жойида бўлган “Осторожно Media” мухбири “Елена Милашинанинг бармоқлари синган, калтакланганидан сўнг у ҳушини йўқотган. Бундан ташқари, кўп аъзолари лат еган”, деб ёзди.
“Команда против пыток” лойиҳаси раҳбари Сергей Бабинецга кўра, Александр Немов оёғидан пичоқ билан яраланган бўлиши мумкин.
“Немовни, билишимизча, ўткир тиғли нарса, эҳтимол пичоқ билан оёғига уришган, ҳозир унинг ярасини тикишяпти. Иккиласини ҳам тепкилашган, қўл билан уришган, полипропилен қувур билан уриб қийнашган: уларга қилган ишларини, қатнашган судларини, Елена Милашина ёзган мақолаларни эслатишган. Яъни, бу бандитлар ҳужуми эмаслиги яққол кўриниб турибди. Немов билан Милашина ўз касб фаолияти туфайли жабр кўришди”, деди Бабинец.
Немовга кўра, ҳужум қилганлар у билан Милашинага Чеченистондан кетишни буюрган. “Сизни огоҳлантирдик. Ҳеч нима ёзманглар”, дея адвокатдан иқтибос келтиради Ксения-Собчак телеграм-канали.
“Мемориал” қўшимча қилишича, ҳужум қилганлар Милашинанинг устига зелёнка сепишган ва сочини олишган.
Зеленский Саакашвилини озод қилишга чақирди
Украина президенти Владимир Зеленский душанба куни яна Грузия ҳукуматини қамоқдаги собиқ президент Михаил Саакашвилини озод этишга чақирди ва Грузия элчисига маслаҳатлашув учун Тбилисига қайтишни буюрди.
Грузия ва Украина фуқароси бўлмиш Михаил Саакашвили ўша куни масофадан суд мажлисида иштирок этганди. Ёйинланган кадрлар собиқ президентнинг ҳибсда ниҳоятда озиб, ҳолдан тойганини кўрсатади.
“Кремль ҳозирги Грузия ҳукумати қўли билан Украина фуқароси Михаил Саакашвилини ўлдираётганига бугун дунё аҳли яна бир карра гувоҳ бўлди. Инсон ҳаёти – энг олий қадрият ва биз Михаилни шунчаки ўлдириб юборишларига йўл қўймаймиз. Украина бир неча марта Грузия ҳукуматини ушбу намойишкорона қотилликни тўхтатишга чақирган. Биз ҳам, ҳамкорларимиз ҳам Михаилни қутқариб қолишнинг турли йўлларини таклиф қилганмиз”, деди Зеленский тунги мурожаатида.
Зеленский Грузия ҳукуматини Саакашвилини даволаш ва соғлиғини тиклаш учун Украинага беришга чақирди.
Путин ШҲТ саммитида Хитой ва Ҳиндистон раҳбарлари билан онлайн учрашди
Бу йилги саммитга ташкилотга 2017 йилда қўшилган Ҳиндистон мезбонлик қилмоқда. Бу Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди учун мамлакатнинг ўсиб бораётган глобал нуфузини намойиш этиш учун яна бир имконият.
Вилсон марказининг Жанубий Осиё институти директори Майкл Кугелманнинг айтишича, мазкур саммит Путин кам сонли иттифоқчилари билан учрашиши учун майдон бўлади:
“Путин учун ШҲТ саммити ҳатто онлайн кўринишда ўтганда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки у халқаро майдонда кам сонли дўстлари билан учрашиш имконига эга бўлади. Шундай экан, Путин нафақат ШҲТ давлатларига балки бутун дунёга мурожаат қилиш учун бу саммитдан фойдаланишга ҳаракат қилади”.
Ўтган ой Ҳиндистонда ўтган ташқи ишлар вазирлари учрашувида, Россиянинг Украинадаги уруши деярли тилга олинмади.
Бироқ таҳлилчиларга кўра, озиқ-овқат ва ёқилғи инқирозининг ривожланаётган мамлакатларга таъсири ШҲТни ташвишга солмоқда.
Ташкилотга Марказий Осиёнинг тўрт давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Россия мазкур минтақада кучли таъсирга эга.
Шунингдек, Покистон ҳам 2017 йилда аъзо бўлган. Саммитда Эрон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кирди. Беларус ҳам ташкилотга аъзолик учун ариза берган.
Брукингс институтининг катта илмий ходими Танви Маданнинг айтишича, Москва Ғарб уни изоляция қила олмаганини кўрсатишни хоҳламоқда.
ШҲТга аъзо давлатлардан ҳеч бири БМТ резолюцияларида Россияга қарши овоз бермади, аксинча бетараф қолди.
Хитой Россия ва Украина ўртасида воситачилик қилишга ҳаракат қилмоқда. Ҳиндистон эса бир неча бор можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган.
Саммитнинг яна бир жиҳатдан Путин учун аҳамияти шундаки, бу Путинга Евгений Пригожиннинг қуролли исёнидан сўнг назорат яна ўз қўлида эканлигини кўрсатишга имкон беради.
Италия Алишер Усмонов активларини музлатди
Италия Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан россиялик олигархларнинг тахминан 2 миллиард евролик активларини музлатиб қўйди. Бу ҳақида Италия марказий банки хабар берди.
Италия ҳукумати Европа Иттифоқининг Россия ва унинг тарафдорларига қарши санкциялари доирасида рус олигархларига тегишли банк ҳисоблари, ҳашаматли виллалар, яхталар ва машиналарни мусодара қилди.
Улар орасида асли ўзбекистонлик металлургия ва телекоммуникация магнати Алишер Усмонов ҳам бор.
Италия суди апрель ойида Алишер Усмоновнинг 80 миллион евродан ортиқ активларини музлатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.