Украина армияси Донецкдаги жангларда "ютуқлар"га эришган
Украина армияси Донецк вилоятидаги жангларда маълум "ютуқлар"га эришганини даъво қилмоқда.
Шу билан бирга жанглар туфайли Запорожйе атом электр станциясида фалокат юз бериши эҳтимоли ҳам сақланиб қолмоқда.
Европа Иттифоқи етакчилари икки кунлик саммитда иштирок этиш учун Брюссельда жам бўлди. Етакчилар Украинани қанча керак бўлса, шунча вақт қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Украина Бош штаби Россия бор эътиборини “шиддатли жанглар давом этаётган” Лиман, Бахмут ва Маринка атрофидаги ҳудудларга қаратаётганини билдирди.
Бош штаб “оғир жанглар” давом этаётгани, бироқ украин қўшинлари Бахмут қанотларида рус қўшинларига босим ўтказишда давом этаётганини айтди.
Бош штаб ҳисоботида айтилишича, Украина кучлари “тобора олдинга илгариламоқда ва русларни эгаллаб олган позицияларидан сиқиб чиқармоқда”.
Озодлик радиоси уруш шароитида жанг майдонидан келаётган хабарларни тасдиқлай олмайди.
Россия бир кеча-кундузда Украинанинг қатор ҳудудларига дрон ва ракеталар билан ҳужум қилди.
Запорожье шаҳар кенгаши котиби Анатолий Куртев ва ҳарбийлар ҳужумда тинч аҳоли жабрланмагани ва катта зарар етмаганини маълум қилди.
“Яна бир тун нотинч ўтди. Бироқ эрталаб Запорожьеда вазият барқарор”, — деб ёзди Куртев.
Запорожье вилояти губернатори “фавқулодда вазият” юзага келган тақдирда кўриладиган ҳаракатларни яхшилаш учун атом станцияси атрофида тезкор машғулотлар ўтказаётганини маълум қилган эди.
Сал аввалроқ Киев Россияни Запорожье АЭСда "теракт уюштиришни режалаштираётганликда айблади.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небeнзя БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга ёзма тарзда Россиянинг АЭСни портлатиш нияти йўқлигини билдирганини айтди.
Халқаро Валюта Жамғармаси ижроия кенгаши Украина бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 900 миллион доллар ажратиш масаласини кўриб чиқиш якунлаганини хабар қилди. Мазкур молиявий ёрдам март ойида тасдиқланган.
Юқори даражадаги рус генерали Пригожиннинг исёнига хайрихоҳ бўлган бўлиши мумкин
Гап Россиянинг Украинадаги ҳарбий операциялари қўмондони генерал Сергей Суровикин ҳақида кетмоқда. У шанба кунидан бери омма олдида кўриниш бермаяпти.
АҚШ расмийларига кўра, Суровикин қуролли исёнга хайрихоҳ бўлган. Бироқ Ғарб разведкаси Суровикин исённи бирон бир тарзда қўллаб қувватлаганига оид аниқ маълумот келтирмади.
"Москва Таймс" газетасининг хабар беришича, Суровикин ҳозир ҳибсга олинган.
Қўзғолон бошланганидан сўнг Суровикин “Вагнер” жангчиларини дарҳол ўз базаларига қайтишга чақириб видеомурожаат жойлади.
Нью-Йорк Таймс газетасининг хабар беришича, Суровикин қўзғолон ҳақида олдиндан маълумотга эга бўлган. Россия ҳукумати унинг исёнга алоқаси бор ёки йўқлигини текширмоқда.
Кремль буни шунчаки асоссиз тахмин деб атади.
Суровикин - энг таниқли рус генералларидан бири, кузда у Украинадаги рус қўшинларининг қўмондони этиб тайинланган. Унинг номи Украина энергетика объектларини бомбардимон қилиш кампанияси, босиб олинган ҳудудларда истеҳкомлар чизиғини қуриш ва Херсон ва Днепрнинг ўнг қирғоғини ютқазиб қўйиш билан боғлиқ бўлиб, у буни "қийин қарор" деб атаган.
Кейинчалик у қўмондон ўринбосари бўлди.
Вагнер ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин ҳам унинг ҳаракатларини бошқа армия қўмондонларига солиштириб, уни мақтаб гапирган.
Украина кучлари Бахмут атрофидаги “қаттиқ” жангларда аста-секин олға бормоқда
Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр 29-июн куни берган баёнотида “Бизнинг қўшинларимиз ушбу шиддатли жангда ҳар бир қарич ерни узиб олиб олдинга интилмоқда", деди.
Унинг сўзларига кўра, рус қўшинлари "ўз позицияларини сақлаб қолишга, қарши ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилмоқда", аммо "аста-секин орқага чекинмоқда, йўқотишларга дучор бўлмоқда".
Украина қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Александр Сирский Украина қўшинлари аста-секинлик билан олдинга силжишини айтди.
“Бахмут яқинида ҳужумларимиз бор ва улар давом этмоқда. Биз ҳаракатланмоқдамиз”, — деди Сирский Телеграмдаги каналида.
Бахмут май ойида қонли ва узоқ давом этган жанглардан сўнг рус қўшинлари томонидан қўлга олинди, шаҳар харобага айланди.
Украиналик қўмондон 29 июн куни унинг қўшинлари Бахмутдан 3,5 километр жанубда жойлашган Клишчевка қишлоғини назоратга олгани ҳақида хабар берди.
"Бу Бахмут жанубида ҳужум операциялари бошланадиган стратегик нуқта", деди Украина Қуролли кучларининг 57-бригадаси разведка компанияси қўмондони Денис Ярославский Озодлик радиосига.
Ушбу даъволарни мустақил равишда текшириш мумкин эмас.
Украина Бош штаби ўтган кун давомида асосан Донецкнинг ғарбий қисмидаги Лиман, Бахмут ва Маринка туманларида 40 та тўқнашув бўлиб ўтганини хабар қилди.
29-июн куни Херсон вилоятининг Белозерка шаҳрига рус қўшинларининг зарбалари натижасида 71 ёшли аёл ҳалок бўлди, яна икки киши яраланди, дея хабар берди вилоят ҳокимияти.
Уларнинг сўзларига кўра, отишмалар натижасида камида 12 та турар-жой биноси зарар кўрган.
Зеленский: Украинага миллий “доктрина” керак
Владимир Зеленский Украинанинг янги доктринаси “адолат”га асосланишини айтди.
Ўзининг кечки видеомурожаатида Зеленский Украина учун доктрина зарурлигини таъкидлади:
"Бизга шундай ҳужжат керак. Украина учун, барча қўшниларимиз учун. Дунё бизнинг миллий мақсадимиз нима эканлигини, бу уруш биз учун қандай якунланиши кераклиги ҳамда урушдан кейин қандай бўлишимиз ҳақида билиши керак. Босқинчилар бизга қарши нима қилишмасин, қандай террор қўлламасин, улар Украинани синдира олмайди. Ҳеч нима уларни жавобгарликдан, бизни эса кафолатланган хавфсизлик ва эркинликдан ортга қайтара олмайди."
Зеленскийнинг таъкидлашича, доктрина бўйича таклифлар умуммиллий муҳокамага қўйилади.