Россия зарбаси оқибатида жами 12 киши ҳалок бўлди, улардан учтаси бола
Россия ҳарбийларининг Краматорскга берган зарбасидан сўнг ҳалок бўлганлар сони 12 кишига етди, қутқарув ишлари якунланди. Бу ҳақда Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати хабар берди.
29 июн куни эрталаб яна бир марҳумнинг жасади вайроналар остидан олиб чиқилди. 12 киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланган.
Украина Миллий полицияси маълумотига кўра, 65 киши жароҳатланган. Қурбонлар орасида Колумбиянинг уч фуқароси - Колумбия парламенти депутати Серхио Харамило, ёзувчи Эктор Абад ва журналист Каталина Гомес ҳам бор. Уларга украиналик ёзувчи Виктория Амелина ҳамроҳлик қилган, у ҳам яраланган ва аҳволи оғир.
27-июн оқшомида рус қўшинлари Краматорск томон ракета зарбалари берган эди. Ҳужум ресторанга (шаҳардаги машҳур пицерия) йўналтирилган, у ерда одам кўп бўлган. Бир қанча уй, дўкон, кафе ва бошқа муассасалар ҳам зарар кўрган.
Зарба “Искандер” ракетаси билан берилган. Украина хавфсизлик хизмати Краматорск томон ракеталарни нишонга йўллашда душманга координат берган шахсни қўлга олганини маълум қилди.
Украина Хавфсизлик кенгашига кўра, бу одам Россия Бош разведка бошқармаси томонидан ёлланган, топшириққа кўра у Краматорск ва Славянскда жойлашган Украина қўшинлари ҳақида маълумот тўплаши керак эди.
Унга 27-июн куни кафе очиқ ёки ёпиқлигини, мижозлар бор-йўқлигини аниқлаш вазифаси берилган.
"Душман агенти кўрсатмаларни бажариш учун яқин атрофда турган муассаса ва автомашиналарни яширин видеотасвирга олди. Шундан сўнг судланувчи тасвирга олинган файлни Россия ҳарбий разведкасига юборди. Бу маълумотни олган рус босқинчилари одам тўла кафега ракета отди", - дейилади хабарда.
Россия Мудофаа вазирлиги чоршанба куни Украинанинг Краматорск шаҳридаги Украинанинг 56-механизациялашган пиёдалар бригадаси қўмондонлигининг вақтинчалик базасини йўқ қилганини маълум қилди.
Чоршанба куни эрталаб Кремл Россия тинч аҳолига эмас, фақат ҳарбий нишонларга ҳужум қилади, деган узоқ йиллик позициясини такрорлади.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни тезкор текшириш имконига эга эмас.
Украина Россия ҳужумларидан Швеция зенит тизими ёрдамида ҳимояланмоқда
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмаси Киев вилоятида Россия ҳужумларига қарши Швецияда ишлаб чиқарилган РБС 70 портатив зенит тизимидан фойдаланмоқда:
“Швед зенит тизими дронлар, вертолётлар ва реактив самолётларга қарши анча самарали. Бу қуроллар билан аллақачон кўплаб рус дронларини уриб туширдик", дейди украин аскари.
Одатда тинч аҳолини нишонга олган ракета зарбалари, қисман ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимимизни йўқ қилиш учун ҳам йўналтирилмоқда, дейди Киев расмийлари.
Биргина май ойида Украина ҳарбий ҳаво кучлари 149 та қанотли ракета, 399 та дрон, еттита гипертовушли Кинжал ракетаси, учта баллистик ракета ҳамда икки хил турдаги 11 та “Искандар” ракетасини уриб туширгани ҳақида хабар берди.
Айни пайтда, Литва Украина учун иккита НАСАМС ҳаво мудофаа тизимини сотиб олмоқда, деди Литва президенти Гитанас Науседа 27 июн куни кечқурун эълон қилинган видео баёнотида.
Шартнома 27 июн куни Литва, Норвегия ва норвегиялик продюсер Kongsberg Gruppen ўртасида имзоланган, дея қўшимча қилди у.
АҚШ мудофаа вазири: Ҳозир Украина учун "ҳал қилувчи" палла
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Германия Мудофаа вазири Борис Писториус билан Пентагонда учрашди. Украинани қўллаб-қувватлаш масаласи кун тартибида асосий мавзу бўлиши кутилмоқда.
Остин ҳозир Украина учун урушдаги "ҳал қилувчи" палла эканлигини таъкидлади:
"Россия ўзининг маъсулиятсизларча бошлаган урушини давом эттирар экан, мен Германиянинг Украина армиясини мустаҳкамлаш учун қилган ишларини қадрлайман. Сизнинг ҳарбий ёрдамингиз, украиналик ҳарбийларни ўқитишда қўшган ҳиссангиз бебаҳо. Украина суверенитети учун курашдаги муҳим паллада биз Украинага ёрдам кўрсатишда давом этишимиз керак"
НАТО аъзо айрим давлатлари "Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг Беларусга бориб жойлашганидан хавотир билдирмоқда.
АҚШ Полшага Абрамс танклари етказиб берди.
Кеча 14 та Абрамс танклари шартнома доирасида Полшага етиб келди.
Варшава 116 та модернизация қилинган танклар билан бирга 250 та замонавий Абрамс танкларини ҳам буюртма қилган. Полша шарқий чегараларини Россиянинг эҳтимолий тажовузидан ҳимоя қилишга ҳаракат қилмоқда.
Полша мудофаа вазири Мариуш Блашек 18-механизациялашган танк дивизияси аскарлари АҚШда танкларни бошқариш бўйича махсус тайёргарликдан ўтганини маълум қилди:
"Бу танклар билан Брест дарвозасини, узоқ шарқдан Вистула дарёсигача бўлган ҳудудлар мудофаасини мустаҳкамлаймиз. Вазифамиз Полша тупроғига тажовузкорларни яқинлаштирмаслик".
Полшага танклар Евгений Пригожиннинг Беларусга кўчиб ўтиши билан боғлиқ хавотирлар кучайган бир пайтда етказиб берилмоқда.