Германия Украинага яна 45 та Gepard зенит қурилмаларини беради
15 та зенит қурилмаси яқин ҳафталарда, қолган 30 таси эса йил охирига қадар етказиб берилади. Бу ҳақда Германиянинг Украина бўйича оператив маркази директори, бригада генерали Кристиан Фройдинг Welt am Sonntag нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Бундан ташқари, Германия ҳукумати йил якунига қадар Украинага 2 та IRIS-T зенит-ракета мажмуаларини беради, келаси йилда эса ушбу ҲҲМ тизимларидан яна тўртта етказиб бериш режаланган.
Киевга тунги зарбадан кейин беш киши ўлди
24-июнга ўтар кечаси Киевга қилинган ҳужумдан кейин ҳалок бўлганлар сони беш нафарга етди.
“Пойтахтнинг Соломенский туманидаги уй вайроналари остидан яна икки жасад топилди”, — деди Киев мери Виталий Кличко.
Душман ҳужуми оқибатларини бартараф этиш бўйича операция давом этмоқда, қутқарувчилар шикастланган уйда ишламоқда.
“Россия ракетаси парчалари урилган уйда жами беш киши ҳалок бўлди”, — деди мэр.
Соломенский туманидаги 25 қаватли бинога ракета парчаларининг қулаши натижасида бир неча қаватда вайроналар ва ёнғин содир бўлди.
Украина Ички ишлар вазирлиги раҳбари Игор Клименконинг сўзларига кўра, 14 киши жабрланган ва тиббий ёрдам сўраган, 24 киши фавқулодда вазиятлар давлат хизмати томонидан қутқарилган. 40 та машина ҳам зарар кўрган.
23 cоатлик исён хроникаси
➤ Қарийб икки сутка олдин, 23 июнь соат 20:59 да “Вагнер” ХҲШга алоқадор телеграм-каналлардан бирида бир видео ёйинланди. Унда кадр ортидаги икки киши гўёки ёлланма жангариларнинг фронт ортидаги лагерига берилган ракета зарбаси оқибатларини кўрсатади. Видеодан бирон тайинли хулоса чиқариш қийин, бироқ орадан кўп ўтмай Евгений Пригожин бунда Россия Мудофаа вазирлигини айблаб чиқди.
➤ У “ўнлаб инсонларнинг умрига зомин бўлганлар”ни жазолаш билан таҳдид этаркан, 25 минг жангчи билан Москвага юриш бошлашини эълон қилди ва буни “адолат марши” деб атади. “Илтимос, ҳеч ким қаршилик кўрсатмасин. Йўлимизга тўғаноқ бўлганларни дарҳол йўқ қиламиз. Ҳар қандай блокпостни, ҳар қанақа авиацияни ҳам”, деди у. Пригожин “жазолаймиз” деганда аввало мудофаа вазири Сергей Шойгу билан Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовни назарда тутгани англашилади.
➤ Oryx OSINT-лойиҳаси ҳисоблашича, ХҲШ кучлари мудофаа вазирлигининг қўмондонлик-бошқарув учоғи билан олти вертолётини уриб туширган. Жангариларнинг ўзи ҳам талафот кўрган – уларга тегишли битта БМП йўқ қилинган. Мазкур рўйхат тугал бўлмаслиги мумкин, чунки Oryx лойиҳаси фақат визуал тасдиқланган талафотларни ҳисоблайди.
➤ Тез орада қуролли исён кўаришга уриниш факти бўйича ва ташкилотчи сифатида Евгений Пригожинга нисбатан Россия ЖКнинг 279-моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди. Мазкур моддага кўра ХҲШ раҳбари 12 йилдан 20 йилгача муддатга қамалиши мумкин. Бу орада Россия ФСБ “вагнерчилар”га мурожаат билан чиқиб, уларни Пригожинни тутиб ҳукуматга топширишга ва “тузатиб бўлмас хато” қилмасликка чақирди.
➤ Москва шаҳри, Москва ҳамда Воронеж вилоятларида аксилтеррор амалиёти режими жорий этилди, пойтахт мэри Сергей Собянин келаётган душанбани дам олиш куни деб эълон қилди. Давлат Думаси, Федерация кенгаши, президент администрацияси ва бошқа давлат органлари биноларига элтувчи йўллар полиция автомобиллари ва ҳарбий техникалар билан тўсилди.
➤ Турли нашрларнинг манбалари кўрилган бошқа эҳтиёт чоралари ҳақида хабар берди. Президент администрациясида ваҳима кўтарилгани ва улар фуқаролар уруши бошланишини кутишгани, давлат медиаларига Пригожин номини тилга олиш тақиқлангани, муддатли хизматдаги аскарлар қуроллантирилгани, полиция, миллий гвардия ва ФСБ ходимлари жанговар ҳолатга келтирилгани айтилди. ФСБ тезкор ходимлари ХҲШнинг истеъфодаги ва хизматдаги жангарилари уйларида тинтув ўтказишди. Кучишлатар идоралар исёнчилар пойтахтга киришига ҳозирланиб, махфий ҳужжатларни Москвадан олиб чиқиб кета бошлади.
➤ 24 июнга ўтар кечаси, соат 2 лардан кейин ХҲШ жангчилари Ростов-Донни эгалладилар. Улар Жанубий ҳарбий округ штабини қуршовга олишди – кундузи Пригожин штаб эшиги ёнида мудофаа вазири ўринбосари Юнусбек Евкуров ҳамда БРБ бошлиғи муовини Владимир Алексеевлар билан суҳбатини видеога олган эди. Видеода Евкуров вайнахлар одатига кўра сенсираб гапирганида Пригожин уни силтаб ташлаганини кўриш мумкин. Шаҳарда округ штабидан ташқари ИИВ ҳамда ФСБ бошқармалари, мэрия биноси ва полиция бўлими ҳам тўсиб қўйилди.
➤ ХҲШ кучлари Ростов билан чекланмади, Москвага томон йўлга тушди. Манбалар Воронеждаги объектлар уларнинг назоратига ўтганини, маҳаллий нефть базасига ўт қўйилганини хабар қилишди. “Вагнер” бўлинмалари Липецк вилоятига етди. М4 “Дон” трассасида тирбандликлар юзага келди, айрим жойларда эса ҳаракат буткул тўхтаб қолди. “Вагнер” колоннаси йўлига экскаваторлар чиқарилиб, чуқурлар қазилди, Борисоглебск яқинидаги кўприк ракета отиб вайрон қилинди. Москва ҳалқа автомобиль йўлида эса йўлни тўсиш учун юк машиналари тайёр турарди.
➤ Миллий гвардия “спецнази” ва армия тузилмалари пойтахтдан қарийб 100 километр қуйида, Ока дарёси бўйида мудофаа позицияларини эгаллашди. “Вагнер” дарёдан қандай ўтмоқчи бўлганини тасаввур қилиш қийин, чунки унинг эни баъзи жойларда 500 метрга етади. Шунингдек, Коломна, Кашира ва Серпуховдаги кўприклар ҳам тўсиб қўйилди.
➤ Президент Путин халққа мурожаат билан чиқди. У “Вагнер” ХҲШнинг хатти-ҳаракатларини “сотқинлик”, “хиёнат” ва “орқадан урилган пичоқ” деб атади. Путиннинг беш дақиқалик нутқидан сўнг Рамзан Қодиров бўлинмалари Ростовга йўллангани хабари чиқди, Пригожин эса ўзини ва ёлланма жангариларини хоин деб ҳисоблашдан бош тортди.
➤ Тасдиқланмаган хабарларга кўра, ХҲШ бўлинмаларини энг охири Серпухов ва Каширда кўришган. Шундан сўнг Александр Лукашенко вазиятга аралашди: у Владимир Путин илтимосига биноан Пригожин билан боғланди ва... кутилмаганда ҳаммаси тақа-тақ тўхтади.
Дастлаб Лукашенконинг матбуот хизмати “томонлар Россия ҳудудида қонли уруш қилиш”га йўл қўйиб бўлмаслиги хусусида келишувга эришди”, деган мазмунда баёнот берди. Сўнгра Пригожин ҳам ўз одатига кўра овозли хабар эълон қилиб, карвон ортга қайтганини ва дала лагерларига йўл олганини билдирди. У “Москвага юриш ва шаҳарга киришдан воз кечиш режамизнинг қисмлари эди”, деган ғалати гап айтди. Ёлланма жангарилар Ростовни тарк эта бошладилар.
➤ Тез орада Кремль Дмитрий Песков тили билан Евгений Пригожин ва унинг жангарилари қуролли исён ва Россия ҳарбийларининг ўлими учун жавобгарликка тортилмаслиги ҳақида хабар тарқатди. Бизнесменнинг ўзи Беларусга кетадиган бўлди, жангарилар эса Мудофаа вазирлиги бўлинмаларига хизматга кириши мумкинлиги ва уларни ҳеч ким жазоламаслиги айтилди. Пригожин билан музокараларда Россия олий ҳарбий раҳбариятида кадрларни алмаштириш масаласи кўрилмагани билдирилди.
➤ Исён 23 соату 16 дақиқа давом этди.
Песков: Вагнер билан келишувга эришилди, Пригожин Беларусга кетади
“Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин Беларус президенти Александр Лукашенко воситачилигида тузилган келишувга кўра, Россия ҳарбий раҳбариятига қарши бошлаган қуролли қўзғолонни тўхтатиб, Беларусга йўл олади.
Бу ҳақда маьлум қилган Кремл матбуот котиби Песков Пригожинга қарши очилган жиноий иш тўхтатилиши ва қўзғолонда қатнашган “Вагнер” жангчиларининг аввалги хизматлари ҳисобга олиниб, уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаслигини билдирди.
"Вагнер ХҲШ аскарлари ўз лагерларига қайтишлари ҳақида келишиб олинди. Келажакда буни қилишни хоҳлайдиганларнинг баъзилари Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузадилар - бу ушбу кампанияда қатнашмаган бўлинмаларга тегишли. Дарҳақиқат, шундай бўлинмалар бўлганки, улар бошиданоқ ўзларига келиб, орта қайтиб кетишган».
Пригожиннинг “кампанияси”да иштирок этишдан бош тортган “Вагнер” жангчилари 1 июлгача Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолайди, деди Песков.
Путин аввалроқ қўзғолонда қатнашганлар жазоланишига ваъда берган бўлса-да, Песков қарама-қаршилик ва қон тўкилишига йўл қўймаслик учун шундай тўхтамга келинганини таъкидлади.
Песков Пригожинга хавфсизлик кафолатларидан ташқари бошқа имтиёзлар берилганми ёки йўқлигини айтишдан бош тортди.