Линклар

Шошилинч хабар
16 январ 2026, Тошкент вақти: 17:03

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

16:57 25.6.2023

Украина жанубий фронтда баъзи ютуқларга эришмоқда

Украина махсус кучлари Запорожье вилоятида бир ҳафта олдин рус ҳарбийлари назоратида бўлган позицияни тортиб олди.

Украин қўшинлари Запорожье вилоятидаги бир қанча ҳудудларда ютуқларга эришди.

Украина Мудофаа вазири ўринбосари Ханна Маляр жанглар шиддатли кетаётганини таъкидлади.

Украина Қуролли Кучлар Бош штабига кўра, рус қўшинлари Запорожье, Новоданиливка, Орихив ва Роботин туманларига зарба бериб украин қўшинларини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда.

“Сиз бу ерда барча чивинларни ва янги тупроқни кўришингиз мумкин. Баъзи рус аскари аллақачон бу ерда "дам олган". Олдинга борар эканмиз, ёмон ҳид бўлиши мумкин", - дейди Гострий лақабли аскар.

Яқин атрофда жанглар давом этаётганини узоқдан кўтарилаётган чанг ва тутундан ҳам билиш мумкин

Гострий рус позицияларига қарата ўқ узмоқда.

"Уйларида юрмаганларини ҳис қилишлари учун уларни вақти-вақти билан ўққа тутишимиз керак", дейди у.

Украина қарши ҳужумнинг дастлабки босқичида эътиборини фронт чизиғининг Запорожье ва Донецк вилоятига туташ қисмларига қаратди.

Украин армияси ҳозирча Орихив ва бошқа баъзи ҳудудларда кичик ютуқларга эришди.

Агарда Украина Россия мудофаасини ёриб ўта олса, Мариупол ва Бердянскка йўл очилади ҳамда Москвани Украина жанубидан Қримга боғловчи йўлдан маҳрум қилади.

Украина секин олдинга силжимоқда. Негаки Украина русларнинг мустаҳкам мудофаа чизиғидаги заиф томонларни қидириб эҳтиёткорлик билан ҳаракатланмоқда.

16:55 25.6.2023

АҚШ разведкаси Пригожиннинг режасига доир “сигналлар” олган

АҚШ разведкаси “Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин Россия олий ҳарбий раҳбариятига қарши бош кўтаришни режалаган бўлиши мумкинлиги ҳақида юқори мартабали шахсларга маълумот берган.Бу ҳақда исми очиқланмаган манбаларга таянган ҳолда The New York Times, Washington Post ва CNN хабар бермоқда.

Хусусан, Washington Post разведка Пригожиннинг исён кўтариш режасидан июнь ойи ўрталарида воқиф бўлган, деб ёзди.

Олинган хабарлар жиддий баҳоланган – АҚШ таҳлилчилари Владимир Путин ҳокимиятни сақлаб қолишига шубҳа қилишган, шунингдек Россия ядровий арсенали тақдиридан хавотир олишган.

Аммо Пригожин қачон бош кўтариши ва айнан қандай ҳаракат қилиши хусусида разведкада аниқ маълумот бўлмаган, улар исёндан дарак берувчи “сигналлар” олишган, холос.

Манбаларга кўра, 21 ва 22 июнь кунлари разведка вакиллари вазият ҳақида АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали мулозимларига ва Конгресс аъзоларига ҳисобот берганлар.

CNN хабар қилишича, разведкачилар “Вагнер” ўз кучларини Украинанинг босиб олинган ҳудудларида – Россия чегараси яқинида тўплаётгани ҳақида огоҳлантиришган.

Бироқ юз берган воқеалар шиддати АҚШ расмийларини ҳайратга солган.

“Вагнер” ХҲШ асосчиси Пригожин исён бошлаганини 23 июнь, жума оқшомида эълон қилди. Шу билан бирга, у армия олий раҳбариятини кўпдан бери очиқча танқид қилиб келаётган эди.

24 июнь, шанба куни Оқ уй матбуот хизмати баёнот чиқариб, президент Жо Байден ҳамда вице-президент Камала Ҳаррисга Россияда бўлаётган сўнгги воқеалар юзасидан миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар томонидан ахборот берилганини билдирди.

Оқ уйда бўлиб ўтган кенгашда, жумладан, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, Пентагон раҳбари Ллойд Остин, Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли ҳамда МРБ директори Уильям Бёрнслар иштирок этган.

Шунингдек, президент Байден Россиядаги вазиятни Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Олаф Шольц ҳамда Буюк Британия бош вазири Риши Сунак билан телефон орқали муҳокама қилган.

Улар “Украинани қўллаб-қувватлашдан қайтмасликларини” тасдиқлаганлар, Оқ уй хабарномасида бошқа тафсилотлар йўқ.

Оқ уйдаги кенгаш Пригожин 24 июнь оқшомида Москвага ҳаракатни тўхтатиб, одамларини дала лагерларига қайтаражагини эълон қилишидан олдин ўтказилгани айтилмоқда.

03:24 25.6.2023

Тармоқлар хулосаси

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида кўриниб қолган фаоллар "Вагнер" ХҲШнинг бир кунлик исёни борасида ўз хулосаларини ўртоқлашмоқда.

Муҳрим Аъзамхўжаев бу воқеалар давлатни қандай бошқармаслик бўйича қўлланма, деб ёзди:

"Сўз ва матбуот эркинлигининг бўғилиши, фикрлар хилма-хиллигига тоқатсизлик, сайловларнинг қимматбаҳо ва кулгили томошага айлантирилиши, чекланмаган ҳокимиятнинг бир қўлда тўпланиб қолиши, ҳокимиятлар бўлиниши ва бир-бирини тийиб туриши принципларининг фалаж қилиниши – бари якунда мамлакатнинг шарманда ва пароканда бўлишига олиб борувчи омиллардир. Хулоса қилиш керак. Ва журъатли бўлиш керак".

Иқтисодчи Отабек Бакиров, Россиядан Ўзбекистонга шу кунларда пул юбормай турган маъқул, деб тавсия қилди:

"Душанба тонгга яқин глобал биржалар фаолиятини бошласа, агар Москва биржаси очилса (КТО режими тугатилмаса, очилмаслигиям мумкин), долларнинг рублга реалликка яқин нисобини кўриш мумкин бўлади. Унгача доллар олишни, Ўзбекистонга пул ўтказишни, ҳозирги спекулятив курсда битим ва келишувлар тузишни тўхтатиб турган маъқул".

Яна бир таниқли блогер Нозим Сафарий Путин Пригожин билан келишишга мажбур бўлди, деб ёзди:

"Агар ростдан ҳам Шойгу ва ёрдамчилари ишдан кетса бу Пригожиннинг талаби қондирилганини англатади. Пригожин бошиданоқ мана шу талабни қўйган эди".

03:14 25.6.2023

Россиядаги ўзбекистонликлар тақдири

"Вагнер"чиларнинг бир кунлик исёни давомида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчтхонаси ватандошларни жамоат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга чақирди.

Россияда расмий маълумотларга кўра, 2 миллион, норасмий маълумотларга кўра, 4 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.

Элчихона ўзбекистонликларни жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, Россия ва Украинанинг чегарадош ҳудудларига саёҳат қилмаслик, одамлар гавжум жойларга бормасликка чақирди. Бундан ташқари, маълумотларни расмий давлат манбаларидан олишни тавсия қилди.

“Вагнер” ХҲШнинг Москвага юриши бошланганидан сўнг Ўзбекистон президентининг президент Путин билан мулоқот қилгани хабар қилинди.

Бундан ташқари, Путин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан ҳам телефонда гаплашган. Кремль тарқатган хабарда Путин "суҳбатдошларига мамлакатдаги вазият ҳақида ахборот бергани" айтилади. Хабарда телефон сўзлашуви қайси томоннинг ташаббуси билан ўтказилгани айтилмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG