“Пригожин Путиндан кейинги Россияда ўзига жой ҳозирламоқда”
Кўплаб мустақил таҳлилчилар ва блогерлар Евгений Пригожиннинг сўнгги чиқишларига изоҳ беришмоқда. Хусусан, сиёсатшунос Аббос Галлямовга кўра, Пригожин “тизим узоқ бардош бера олмаслигини тушунади”.
“Табиий савол туғилади: буларнинг бари Пригожинга нега керак? Менимча, у тизим узоққа бормаслигини фаҳмлаб турибди. Зеро, у фронтдаги вазиятни бошқа исталган кишидан кўра яхшироқ билади, қолаверса элитанинг кайфиятидан ҳам хабардор. Серғайрат одам бўлгани учун оқим бўйлаб сузишни ўзига эп кўрмаяпти. Яъни, Кремлнинг собиқ ошпази бўлғуси постпутин Россиясида ўзига жой ҳозирламоқда. Дарвоқе, агар Пригожиннинг деганларини Россия мухолифати кўпдан бери такрорлаб келаётган гаплар билан таққосласангиз, унчалик катта фарқ йўқлигини кўрасиз. Мана шунақа ғайриоддий ҳаракатлар инқилобий вазиятни пайдо қилади”, дейди эксперт.
Песков: Путин вазиятдан хабардор
Россия Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Пригожин номидан тарқатилаётган Россия ҳарбийлари “Вагнер” ХҲШнинг фронт ортидаги лагерларига зарба берганига оид барча хабар ва видеолар ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва ахборот провокацияси эканини урғулади. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, “Вагнер” ХҲШ асосчиси ҳамда Россия Мудофаа вазирлиги баёнотлари ҳақида президент Владимир Путин хабардор қилинган.
“Президент Владимир Путинга Пригожин атрофида бўлаётган барча воқеалар ҳақида ахборот берилди. Зарур чоралар кўрилмоқда”, деган Песков журналистларга. Айни пайтда “Важние истории” нашри ўз манбасига ҳавола берган ҳолда Россия президенти администрациясида ваҳима бошлангани ва “у ердагилар фуқаролар уруши бошланиши мумкинлигини истисно этишмаётгани” ҳақида ёзди.
Пригожин: Бу ҳарбий тўнтариш эмас, "адолат марши"
Евгений Пригожин кеча, жума куни Россия Мудофаа вазирлигини “Вагнер” ХҲШнинг фронт ортидаги лагерларига артиллерия ва жанговар вертолётлардан ракета зарбалари берганликда айблаб чиқди. Пригожинга кўра, “вагнерчилар” орасида ўлганлар кўп.
Жума оқшомида Пригожинга оид каналлар “Вагнер” ХҲШ командирлар кенгаши” аудиохабарини эълон қилди. Унда овози Пригожинникига ўхшаш одам “Вагнер” ХҲШ “мамлакат ҳарбий раҳбариятидан таралаётган ёвузлик”ни тўхтатишга бел боғлаганини даъво қилган. Пригожин барчадан “ҳеч қандай қаршилик кўрсатмасликни” илтимос қиларкан, “йўлимизда учраган ҳар қандай блок-постни ва ҳар қандай авиацияни яксон этамиз”, дея ваъда беради. Айни чоғда у “адолатни тиклагач” “Вагнер” ХҲШни Украина фронтига қайтаришга сўз берган. Пригожин итоатида 25 мингжангчи борлигини айтиб, барча талабгор россияликлар, жумладан мунтазам армия ҳарбийларини “вагнерчилар” сафига қўшилишга чақирган.
Пригожин ўз баёнотида юришдан мақсад – Мудофаа вазирлиги раҳбариятини жавобгарликка тортиш эканини айтади. Унга кўра, “президент ҳокимияти, ҳукумат, ИИВ ва бошқа идоралар одатий тартибда ишини давом эттириши мумкин”, дея ишонтирган. “Бу ҳарбий тўнтариш эмас – адолат маршидир”, дея урғулаган Пригожин.
Шунингдек, Пригожин Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу жума куни “Вагнер” ХҲШни йўқ қилиш учун Ростов-Донга келган”ини ва унга изоҳ бермаслик учун қочиб кетганини билдирган. Украина тарафида жанг қилаётган Рус кўнгиллилар корпуси командири Денис Никитин (Капустин) Пригожинни қўллаб-қувватлади.
Россия Бош прокуратураси: Пригожинга нисбатан “қуролли исён уюштириш” моддаси бўйича жиноят иши очилди
Россия ФСБ “Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожинга нисбатан Жиноят кодексининг 279-моддаси (“Қуролли исён уюштириш”) бўйича жиноят иши очди, дея маълум қилмоқда Россия Бош прокуратураси. “Унинг хатти-ҳаракатларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади. Мазкур жиноят учун 12 йилдан 20 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган”, дейилади хабарномада.
Бош прокуратурага кўра, жиноят иши ФСБ томонидан “қонунга мувофиқ ва асосли” қўзғатилган.
Москва ҳамда Ростов-Дон шаҳарларида “Қалъа” режаси ишга туширилди. Ростов-Дон ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматчилар қуроллантирилган. Шаҳарнинг ўзида ҳарбий техникалар юрибди, айрим кўчалар ёпиб қўйилган. Россия ҳукумати назоратидаги ОАВларга пригожин баёнотларини ёйинлаш тақиқлангани айтилмоқда. Шунингдек, Россия билан айирмачи “ДХР” ўртасидаги “чегара” ёпиб қўйилгани ҳақида маълумотлар бор.
Россия Мудофаа вазирлиги Пригожиннинг фронт ортидаги “Вагнер” ХҲШ базаларига ҳужумлар бўлгани ҳақидаги баёнотларига изоҳ берди. “Ижтимоий тармоқларда гўёки “Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ХҲШнинг фронт ортидаги лагерларига зарбалар бергани ҳақида Евгений Пригожин номидан тарқатилаётган хабар ва видеокадрлар ҳақиқатга тўғри келмайди, улар ахборот провокациясидир”, дейилади вазирлик баёнотида.