Қирғизистон ва Қозоғистон ширкатлари Украинадаги урушга алоқадор бўлган Россия компанияларига ғарб ускуналарини етказиб берган
Ғарб Россияга Украинага бостириб кириши сабаб қарши жазо чораларини кучайтирган бир пайтда Қирғизистон ва Қозоғистон компаниялари санкцияларга қарамай Кремлнинг уруш машинасига алоқадор компанияларга икки хил масадда фойдаланиладиган техникаларни етказиб келган.
“Озодлик” радиоси қирғиз ва қозоқ хизматлари украин хизманининг "Схеми" дастури билан ҳамкорликда ушбу схема қандай амалга оширилганини ўрганди.
2022 йил февралида Кремлнинг Украинага кенг кўламли босқинига жавобан АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга ҳам фуқаролик, ҳам ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган технологиялар экспорти устидан назоратни кучайтирди.
Бироқ Москва Ғарб технологияларининг Россияга кириб келишини таъминлаш учун бу санкцияларга боғланмаган давлатлар, жумладан Қозоғистон ва Қирғизистон ичидаги таъминот тармоғидан фойдаланган. Ҳар икки давлат Москва бошчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзодир.
Озодлик радиосининг қозоқ ва қирғиз хизматлари мухбирлари Озодликнинг Украина хизматининг тергов бўлими "Схеми" билан биргаликда ушбу икки мақсадли ўтказмаларга алоқадор компанияларнинг божхона, харид ва корпоратив ёзувларини, шунингдек, Украина разведка маълумотларини таҳлил қилдилар.
Москва суди қамоққа олинган Tha Wall Street Journal мухбири шикоятини рад этди
Москва суди Россияда жосусликда айбланиб қамалган америкалик журналист Эван Гершковичнинг терговга қадар қамоққа олинганига қарши шикоятини рад этди.
Tha Wall Street Journal мухбири жосуслик айбловини рад этади. Агар у айбдор деб топилса, 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Суд мажлисига киритилмаган АҚШ элчиси Лин Трейси ташқарида журналистларга суднинг қароридан "жуда ҳафсаласи пир бўлганини" айтди.
Каховка ГЭСининг тўртта суғориш канали тизими сувсиз қолди
Каховка ГЭСи вайрон бўлгач, тўртта суғориш канали тизими сувсиз қолди. Бу ҳақда BBC сунъий йўлдошдан олинган суратларга таяниб хабар бермоқда.
Журналистлар сунъий йўлдош тасвирларини ўрганиб, тўғон ёрилишидан икки ҳафта ўтиб Каховка сув омбори деярли бутунлай йўқ бўлиб кетганини кўрди. Днепр ва баъзи каналлар эски каналларда қолди.
Суғориш каналлари ҳар йили икки миллион тоннага яқин ғалла етиштириладиган қарийб олти минг квадрат километр далани сув билан таъминлаб келган.
Херсон вилоятининг Россия томонидан босиб олинган қисмида Каховка ГЭСи тўғонининг ёрилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 46 кишига етди. Бундай маълумотларни Россия давлат идоралари маҳаллий қутқарув хизматларига таянган ҳолда келтирмоқда.
Украина назоратидаги ўнг қирғоқда 21 киши ҳалок бўлган, 31 киши бедарак йўқолган. Бу ҳақда душанба куни Украина ички ишлар вазири Игор Клименко келтирган.
Тўғон бузилиши оқибатида сув остида қолган ҳудудларда сувнинг баландлиги пасайиши кузатилмоқда, Миколаев вилоятида деярли сув қуриб бўлган.
Расмийлар одамларни юқумли хасталиклар, вабо хавфидан огоҳлантирмоқдалар, хавфли вируслар топилгани хабар қилинди.
Зеленский: Россия Запорожье АЭСда теракт режаламоқда
Украина разведка идоралари Россия Запорожье атом станциясида радиация чиқиши билан боғлиқ “террорчилик” ҳужумини амалга ошириш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида маълумот олган.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский 22 июнь кунги видеомурожаатида таъкидлади.
Зеленский Украина разведка маълумотларини барча халқаро ҳамкорлари билан бўлишаётганини айтди.
“Разведкамиз Россия Запорижья атом станциясида террорчилик ҳаракати – радиация чиқиши билан террорчилик ҳаракати сценарийсини кўриб чиқаётгани ҳақида маълумот олди”, — деди Зеленский.
Украина раҳбари разведка идоралари ўз баёнотларини қайси далилларга асослаганини айтмади.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Украина президентининг баёнотларини “яна ёлғон” деб атади. "Биласизми, ҳозиргина у ерда Халқаро атом агентлиги билан мулоқот бўлди. Улар томонидан жуда юқори баҳо берилди. Улар ҳамма нарсани кўришди - кўришни истаган ҳамма нарсани", - деди Песков матбуот брифингида.
Европодаги энг йирик атом станцияси бўлган олти реакторли мажмуа ўтган йилнинг феврал ойида Москва кучлари бостириб кирганидан кўп ўтмай ишғол остида қолмоқда.