Медиазона ва ББC рус хизмати: Украинадаги урушда камида 250 нафар юқори мартабали россиялик зобит ҳалок бўлди
Россиянинг Украинага кенг кўламли агрессияси бошланганидан бери подполковник унвонидан бошлаб камида 251 нафар россиялик офицер ҳалок бўлди. Уларнинг шахсини ББC рус хизмати ва Медиазона журналистлари тасдиқлади.
2023-йил июн ойи бошидан бери, терговчиларнинг таъкидлашича, тўққиз нафар юқори мартабали офицер, жумладан, РФ Қуролли Кучларининг 35-қўшма қуролли армияси штаб бошлиғи, генерал-майор Сергей Горячев ҳам ҳалок бўлган. У уруш бошидан бери ўлими тасдиқланган бешинчи рус генералидир.
Сўнгги икки ҳафта ичида ҳалок бўлган россиялик зобитлар орасида Херсон вилоятининг босиб олинган қисмида Ички ишлар вазирлиги бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган ички хизмат полковниги Сергей Постовалов ҳам бор. У, журналистларнинг таъкидлашича, Херсон вилоятидаги санаторий биносига ракета ҳужуми натижасида ҳалок бўлган.
Журналистларнинг ёзишича, жами офицерларнинг уч нафари Россияда "диверсантлар" қўлида ҳалок бўлган.
Умуман олганда, 2023-йил 16-июн ҳолатига кўра, терговчилар Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан бери ҳалок бўлган 25 528 нафар россиялик ҳарбий хизматчининг шахсини аниқлаган.
Уларнинг 2498 нафари сафарбар қилинган. Журналистларнинг таъкидлашича, энг катта йўқотишлар маҳбуслар орасида қайд этилган - Украинада вафот этган 4721 маҳкумнинг шахси тасдиқланган.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Украина билан урушда ҳалок бўлган аскарлар, кўнгиллилар ва асирлар сони ҳақидаги маълумотларни ошкор этмаяпти. Охирги марта агентлик 2022-йил сентябрида жами йўқотишлар сони 5937 нафарни эълон қилган эди.
Анна Маляр: Украина қўшинлари олға силжияпти
Жанубий йўналишда Украина Қуролли кучлари бирйўла бир неча участкада фаол ҳужум ҳаракатларини олиб бормоқда.
Украина бўлинмалари қайси ҳудудларда ҳужум қилаётган бўлмасин, барчасида тактик ютуқларга эришяпти, дея маълум қилди “Телеграм”да Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр.
“Секин-аста олдинга силжишяпти. 16 июнь оқшомига қадар ҳар бир йўналишда икки километргача силжиш бор. Озод қилинган айрим позициялар ва аҳоли масканларида қўшинларимизнинг мустаҳкамланиш жараёни давом этмоқда”, деб ёзди Маляр.
Мулозимага кўра, РФ армияси бошқа йўналишлардаги кучларининг бир қисмини Бердянск ва Мариуполь йўналишларига ташлаб, ўт очишни кучайтирмоқда.
Бундан ташқари, Украина қўшинлари ёппасига миналаб ташланган далаларга дуч келаётир.
Мудофаа вазирлиги вакили Украина ҚК ҳужум билан бирга мудофаа ҳаракатларини ҳам олиб бораётганини ва қисман муваффақият қозонаётганини таъкидлади.
“Биз мудофаада турган йўналишларда битта ҳам позиция бой берилгани йўқ, душман бир қадам ҳам олға силжий олмади”, деди Маляр.
Унинг айтишича, Россия армияси бир неча йўналишда, жумладан Лиман томондан ҳужум қилмоқда. Бахмут йўналишида жанговар ҳаракатлар интенсивлиги бирмунча пасайган.
“Қўшинларимиз айрим участкаларда ҳужумга ўтиб, устунлик берувчи тепаликларни ва дарахтзорни эгаллаб, душманни Бахмут теварагидан изчиллик билан сиқиб чиқармоқда. Душман қўшинларимиз ҳужумларини тўхтатиш учун бор кучини сарфлаётир. Шарқда Россия каттагина кучини сақлаб турибди, боз устига бошқа йўналишлардан Бахмутга қўшимча бўлинмаларини олиб келяпти”, дея маълум қилди Украина мудофаа вазири ўринбосари.
Сўнгги кунларда Украина Мудофаа вазирлиги украин ҳарбийлари фронтнинг барча йўналишларида олға жилаётганини хабар қилмоқда.
“Биз олдинга силжияпмиз – энг муҳими шу”, деди президент Владимир Зеленский 16 июндаги мурожаатида.
Июнь ойида Украина Қуролли кучлари Донецк вилоятида – Макаровка, Нескучное, Благодатное ва Сторожевое, Запорожье вилоятида эса Новодаровка, Левадное ва Лобковое қишлоқларини озод қилди.
Путин ПХИФда бир соатдан зиёд нутқ ирод этди: Россияни мақтаб, Украинани камситди
Россия президенти Владимир Путин Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПХИФ) йиғилишида нутқ сўзлади. Бир соатдан ортиқ давом этган нутқида у ўтган йилги иқтисодий қийинчиликларга қарамай ўшанда танланган стратегия иш берганини айтди.
Президент Россия томонидан ядро қуролидан фойдаланиш имкониятлари ҳақидаги саволга жавобан “агар Россиянинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигига таҳдид туғилса, назарий жиҳатдан бу мумкин”, деди. Ғарбнинг ядровий арсенални қисқартириш таклифларига доир саволга эса “Тушларини сувга айтишсин”, деб жавоб берди.
Путин Украина президенти Владимир Зеленскийни “яҳудий халқига иснод” деб атади (гўёки Путиннинг “яҳудий дўстлари” шундай дейишган эмиш) ва “Украинада неонацистларни кўкларга кўтаришаётгани”дан баҳс этди, аммо ўз иддаоларига бирон далил келтирмади.
Чехия президенти: Украинага НАТОга киришга кафолат берилади
11-12 июль кунлари Вильнюсда НАТО саммити бўлиб ўтади. Унда Украинанинг Альянсга кириши ёки мамлакатнинг аъзо бўлиб кириши ва уни ҳимоя қилиш борасида НАТО томонидан Киевга берилиши мумкин бўлган кафолатлар асосий мавзу бўлади.
Чехия президенти генерал Петр Павел (2015–2018 йилларда – НАТО ҳарбий қўмитаси раиси) Озодлик радиосига берган эксклюзив интервьюсида Украина илгари НАТО томонидан Финляндия ва Исроилга берилган кафолатларга ўхшаш муайян кафолатлар олиши мумкин, деди.
“Саммитда Украинанинг келгусида, уруш тугаганидан сўнг НАТОга аъзо бўлиб киришига доир аниқ гаплар айтилса, буни олқишлайман, албатта. Мен НАТО Киевга бериши мумкин бўлган кафолатларнинг икки тури ёки сценарийси ҳақида эшитдим. Бири – Финляндияга берилган кафолатларнинг айниси: НАТОга қўшилиш ғоясидан тортиб ратификациягача. Иккинчиси эса Исроилга тақдим этилган кафолатларга ўхшаш. Менимча, бу иккисининг ўртачаси бўлган муайян кафолатлар белгиланади” , деди Чехия президенти.
Финляндия НАТОга расман 2023 йил 4 апрелда расман аъзо бўлиб кирган: у билан Швеция Россия Украинага ҳужум қилганидан сўнг бетарафликдан воз кечиб, ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида НАТОга киришга қарор қилди. Исроил НАТОга аъзо эмас, аммо Альянс билан яқин ҳамкорлик қилиб келади.