Украина учувчилари F-16 қирувчи самолётларини бошқаришни шу йилнинг августида бошлайди
Пайшанба куни НАТО мудофаа вазирлари Украина билан бўлажак муносабатларни муҳокама қилиш учун учрашди, чунки Россиянинг бу мамлакат билан уруши унинг тез орада дунёдаги энг йирик хавфсизлик иттифоқига қўшилиш умидларини пучга чиқармоқда.
Украина тарафдорлари мунтазам равишда форумга қўшилиб, Киевга Россия босқинига қарши курашда ёрдам бериш учун қурол ва ўқ-дориларни йиғишга ҳаракат қилишади.
НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, Россия билан уруш олиб бораётган бир пайтда Украинанинг НАТОга қўшилиш бўйича якдиллик йўқ.
Айни пайтда, Украина учувчилари Америкада ишлаб чиқарилган F-16 қирувчи самолётларини бошқаришни шу йилнинг ёзида бошлашлари мумкин. "Бу Киевга Россия билан урушда узоқ муддатли қудратли ёрдам бўлади,"- деди Нидерландия мудофаа вазири Рейтерс агентлигига.
2008 йилда НАТО Украина қачонлардир ташкилотга қўшилиши ҳақида келишиб олган, бироқ аъзолик бўйича музокаралар бошланиши санасини белгиламаган.
Уруш давом этар экан, Украина 30 сентабр куни НАТОга “тезкор кириш” процедураси бўйича ариза топширган.
Зеленский Россияни ракета ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлардан маҳрум қилишга чақирди
Украина президенти Владимир Зеленский чоршанба куни яна бир бор жаҳон ҳамжамиятини Россия ракеталарни ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлардан маҳрум қилишга чақирди.
“Биз Россия ракеталарини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорларимиз билан алоқани давом эттирмоқдамиз. Бугун рус ваҳшийлари калибрли ракеталар билан Одессага навбатдаги ракета ҳужумини амалга оширди. Ушбу “Калибр” ракеталарининг ўнлаб компонентлари террорни кучайтириш учун бошқа мамлакатлардан Россияга етказилган. Дунёда рус ракета ишлаб чиқарувчилари фойдаланадиган компонентларни ҳар бир мамлакатдан, ҳар бир компаниядан етказиб бериш йўлларини кесиш учун барча имкониятлар мавжуд”, деди Украина президенти.
У, шунингдек, Полшага Украинанинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди ва “НАТОда кимдир ҳали ҳам Россиядан қўрқади, деган руслар тахминлари айнан шу лаҳзада бутунлай барҳам топиши керак”, деди.
Россия ракета ҳужумларини давом эттирди
15 июнга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари дронлар ва қанотли ракеталар ёрдамида Украина шаҳарларига йирик ҳужумлар уюштирди, дея хабар бермоқда Украина Бош штаби. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаводан огоҳлантириш эълон қилинди. Одесса, Кривой Рог, Харковда портлашлар эшитилди.
БУ кадрларда акс этган аёл эса Краматорскка қилинган ҳужумдан кейин қутқариб қолинди.
Дастлабки расмий маълумотларга кўра, Одессада ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаган. Портлашлар Кривой Рогда ҳам эшитилган. Харковда яна камида учта портлаш содир бўлди, дея хабар беради Суспилне нашри.
Кривой Рогга ракета ҳужуми натижасида иккита корхона вайрон бўлди.
"Бугун тунда душман яна Кривой Рогга ракета билан ҳужум қилди. Улар иккита саноат корхонасига зарба берди. 38 ёшли эркак жароҳат олди. У ўртача оғирликдаги касалхонага ётқизилди", деди Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Сергей Лисак.
Унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш объектлари сезиларли даражада вайрон бўлган, газ қувурлари ёрилган.
Украина Бош штаби маълумотларига кўра, сўнгги 24 соат ичида Россия ҳарбийлари Украина бўйлаб олтита Х-22 ҳаводан учириладиган қанотли ракета, тўртта “Калибр” денгиздан учириладиган қанотли ракета ва 20 та Эроннинг “Шаҳед” ҳужумчи дронларини учирди.
Умуман олганда, ўтган кун давомида Россия армияси 38 та ҳаво зарбаси берди ва бир нечта ракета тизимларидан 52 та ҳужум уюштирди, дея хабар беради Украина Бош штаби.
Айни вақтда Россия томонидан аннексия қилинган Қрим 15 июнга ўтар кечаси тўққизта дрон ҳужумига учраган.
“Қурбонлар йўқ, бир қанча уйларнинг деразалари синган”, дея маълум қилди оккупация қилинган Қрим ҳудуди раҳбарияти.
ВВС: Россия томонидан Украинадаги урушда 34 ўзбекистонлик ҳалок бўлган
Россия томонидан Украинадаги урушда Марказий Осиё давлатларидан энг камида 93 киши: 19 нафари Қирғизистондан , 34 нафари Ўзбекистондан ва 40 нафари Тожикистондан ҳалок бўлган.
BBC рус хизмати Марказий Осиё давлатлари ватандошларининг Россия қамоқхоналари ва ҳарбий коммисариатлари томонидан Украинадаги урушга ёллангани бўйича ўз суриштирувини эълон қилди.
Бу маълумотларда қабрлари аниқланган мигрантларгина акс этган. Озодлик муҳожирлар дафн этилган бундай қабрлардан бирини Москва вилоятида аниқлаган эди. Мутахассислар аслида Украина жабҳасида нобуд бўлган марказий осиёлик меҳнат мигрантлари сони бир неча баробар кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Зеро, Ўзбекистонда ва бошқа қўшни давлатларда ёлланиш ва ҳарбий хизматни ўташ жиноятлигича қолмоқда.