Рамзаннинг "ўнг қўли" яраланди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг «ўнг қўли» сифатида танилган, унинг ишончли ва яқин одамларидан бири Адам
Делимханов Украинадаги урушда жароҳатлангани айтилмоқда.
Рамзан Қодиров Делимхонов ҳақида маълумот беришни сўраб, Украина разведкасига мурожаат қилди.
Қодиров Делимханов ҳақида бирор маълумот берган одамни яхши мукофот кутаётганини ҳам таъкидлади.
14 июнь куни туш пайти рус нашрлари Делимханов урушда яралангани, бироқ тирик экани ҳақида ёзишди.
Делимхонов Запорожье вилоятининг Приморск шаҳрида украин ҳарбийлари ҳужумига учрагани айтилмоқда.
Делимханов Россия Давлат Думаси депутатидир. Унинг Украинада жароҳат олгани ҳақида Думанинг бир қанча депутатлари ҳам ёзиб, Делимханов тирик эканини таъкидлашди.
Рамзан Қодировнинг вориси экани айтиладиган Делимханов Россиянинг Украинага қарши урушида фаол иштирок этиб келмоқда. У Мариуполни қамал қилишда Чеченистон махсус кучлари сафида бўлган. Владимир Путин Қодировнинг иттифоқчисига Россия Қаҳрамони унвонини берган.
Уруш шароида бу маълумотларни тезкор текшириш имкони мавжуд эмас.
WSJ: АҚШ Украинага камайтирилган-уран танк снарядларини бермоқчи
Айни пайтда Wall Street Journal нашри Америка расмийсига таяниб хабар беришича, АҚШ ҳукумати Украинага камайтирилган-уран танк снарядларини юбориш ниятида.
Юқори мартабали амалдорнинг мазкур нашрга айтишича, бир неча ҳафта давом этган ички баҳслардан сўнг, ўқ-дориларни тасдиқлашга ҳеч қандай тўсиқ қолмаган.
Жорий йил бошида Қўшма Штатлар Украинага Абрамс танкларини беришга қарор қилди ва танк ўқ-дорилари орасида камайтирилган-уран бомбалари ҳам бор.
Пентагон ўқ-дорилар Россия танкларига қарши “жуда самарали” бўлишини айтди.
Апрель ойида Буюк Британия Мудофаа вазирлиги расмийси Украинага Британияда ишлаб чиқарилган Challenger 2 танклари учун камайтирилган-уран ўқ-дориларини берганини тасдиқлаган.
АҚШ Миллий Хавфсизлик Кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори ўшанда бундай ўқ-дорилардан ўнлаб йиллардан бери фойдаланилаётгани ва бу “жуда нормал” эканини айтган эди.
Путин журналистларга Россия камайттирилган уран ўқ-дориларидан жавоб қайтариш учун фойдаланиш ҳуқуқига эгалигини ҳам айтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастурига кўра, камайтирилган уран уранни бойитишдан ортган қолдиқ маҳсулот, кимёвий ва радиологик жиҳатдан заҳарли оғир металдир.
Ҳисоботда айтилишича, бу зич металл ўқ-дориларда ёриб ўтиш кучи юқорилиги ва зирҳли транспорт воситаларида эса ҳимоя материали сифатида ишлатилади. Яна таъкидланишича, бу модда ҳаво, тупроқ, сув ва ўсимликларни ифлослантириб, салбий асорат қолдириши мумкин.
2022 йилги ҳисоботида БМТ камайтирилган уран Украинадаги экологик муаммога сабаб бўлишини таъкидлаган.
Путин: Украинадаги “махсус ҳарбий операция”ни тугатиш АҚШга боғлиқ
Владимир Путин агар АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинани қурол-яроғ билан таъминлашни тўхтатса, жанглар дарҳол тўхтатилишини айтди. У шунингдек, Украина ўзи қурол ишлаб чиқара олмаслигига ишонишини қўшимча қилди.
Путин бу ҳақда Москвада ўтган ҳарбий журналистлар ва блогерлар билан очиқ мулоқотда айтиб ўтди.
Шунингдек, у Россия армиясига навбатдаги ҳарбий сафарбарликка зарурат йўқлигини таъкидлади.
Бироқ 2022 йил 21 сентябрда сафарбарлик эълон қилинишидан аввал ҳам шу каби баёнот бўлган. Ўша пайтда Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков сафарбарлик ҳақида “ҳеч қандай гап-сўз йўқ”, дея ишонтирган эди. Айни пайтда Путин Киевни эгаллаш учун янгиланган режалар қўшимча ҳарбий кучларни талаб қилиши мумкинлигини истисно қилмади.
Путин Белгород вилоятига муддатли ҳарбий хизматдаги аскарлар жўнатилганини ҳам тан олди. Шунингдек, Путин урушга жўнатиш учун маҳкумларни афв этиш тўғрисида махфий фармонлар имзолаётганини тасдиқлади. Айни чоғда “бу одамлар қайта жиноят содир этганда қонун бўйича жазоланиши керак”лигини қўшимча қилди.
Россия президенти “ғалла келишуви”га ҳам муносабат билдириб, у Африканинг қашшоқ мамлакатларига кўмаклашиш учун зарурлигини, бироқ Россияни “яна алдашган”ини айтди. Путинга кўра, ҳозирда Кремль “ғалла келишувидан чиқиш устида бош қотирмоқда”.
Одессага қанотли ракеталар ҳужум қилди. Уч киши ўлди, 13 киши яраланди
Маҳаллий расмийлар маълум қилишича, 14 июнь куни ярим кечаси Россия қўшинлари Украина жанубидаги Одесса шаҳрига қанотли ракеталар билан ҳужум қилган, натижада камида уч киши ҳалок бўлган ва ўндан ортиқ одам жароҳатланган.
Вилоят маъмуриятининг маълум қилишича, ҳужум натижасида шаҳар марказидаги уйлар, омборхона, дўконлар ва кафелар зарар кўрган.
Ракеталардан бири дўкон омборига тушиб, уч ишчи ҳалок бўлган, ёнғин чиқиб 400 квадрат метр майдонни қоплаган. Воқеа жойида қутқарувчилар ишламоқда.
Қора денгиздан уюштирилган ҳужумда тўртта «Калибр» қанотли ракеталари отилган, улардан учтаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган, дея маълум қилди маъмурият.
Украина Бош штаби вакили Россия қўшинлари Украинага ракета ва ҳаво ҳужумлари сонини оширганини айтмоқда.
Бу Украинанинг қарши ҳужуми илгари силжиши вақтига тўғри келади.
Сўнгги пайтларда Украина ўзининг 1000 километрлик фронт чизиғи бўйлаб ҳужумларни кучайтирди ва қарши ҳужумнинг дастлабки босқичларида камтарона бўлсада муваффақиятга эришди.