Еврокомиссия раҳбари Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифларга қарши чиқди
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен иттифоқчиларни Украинани узоқ масофага учувчи қуроллар билан таъминлашга чақирди. Бу ҳақда Еврокомиссия президенти Словакияда бўлиб ўтган Globsec хавфсизлик форумида сўзлаган нутқида маълум қилди.
“Биласизки, Украина қуролли кучларининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун шошилинч ҳарбий ёрдам керак. Шунинг учун биз ҳозиргина ўқ-дорилар ишлаб чиқариш тўғрисидаги қонунни таклиф қилдик. Биз мудофаа саноатимизни жуда зарур бўлган 155 ва 152 мм артиллерия снарядларини ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ундамоқчимиз. Қўлидан келганлар эса Украинага жанг майдонида босқинчи кучлар оралиғидаги бўшлиқни бартараф этишга ёрдам берадиган узоқ масофали артиллерия ва қурол тизимларини тақдим этишлари керак", деди Еврокомиссия раҳбари
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифларга қарши чиқди.
Еврокомиссия президентининг сўзларига кўра, Украинадаги можарони музлатиб қўядиган ўт очишни тўхтатиш келишуви “барқарор тинчликка олиб келмайди”:
“Ўт очишни тўхтатиш келишуви беқарор бўлади ва фронт бўйлаб минтақани беқарорлаштиради. Ҳеч ким [Украинага] сармоя киритмайди ёки қайта қурмайди ва можаро ҳар қандай вақтда авж олиши мумкин бўлади”.
Адолатли тинчлик Россия қўшинлари ва ҳарбий техникаси Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетиш билан якунланиши керак, дея таъкидлади фон дер Ляйен хоним.
Путин: Москвага ҳужум Украина ҳарбий разведкаси штаб-квартирасига берилган зарбага жавобдир
Россия президенти Владимир Путин Москвага учувчисиз учоқ ҳужумига изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, бу зарба Украина ҳарбий разведкаси штаб-квартирасига берилган зарбага жавобдир. Киев Москвага ҳужум қилганини рад этади.
Президентнинг сўзлари давлат ахборот агентликлари томонидан эфирга узатилди. Москва бир неча кун олдин Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси штаб-квартирасига биринчи марта ҳужум уюштирганини даъво қилмоқда. Киев бундай ҳужум ҳақида хабар бермади.
Украина Қуролли кучлари Шойгунинг Киевда “Пэтриот” тизими йўқ қилингани ҳақидаги даъволарини рад этади
Украина Қуролли Кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу йўқ қилдик деб даъво қилаётган “Пэтриот” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаётганини айтди.
“Кеча комплекс ишлади: баллистик траектория бўйлаб учган “Искандар” типидаги барча нишонлар йўқ қилинди”, — деди у.
Сешанба куни Шойгу Россия кучлари Киевда Америка "Пэтриот" ҳаво мудофаа тизимини йўқ қилганини иддао қилди, лекин воқеанинг аниқ санасини келтирмади.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги бундан олдин ҳам 16 май куни Киев яқинида “Пэтриот” ҳаво мудофаа тизими йўқ қилингани ҳақида хабар берган эди.
Украина томони Россия Мудофаа вазирлиги версиясини тасдиқламади. Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингх "Пэтриот" мажмуаси Россия ракета ҳужумини акс эттириш пайтида "кичик зарар" кўрганини айтган. Кейинчалик, зарар бартараф этилгани билдирилди.
Песков: Путин Москвага ҳужумлар ҳақида маълумот олди
Дунёдаги энг йирик ядровий давлат пойтахтига дрон ҳужумига Путин қандай муносабат билдириши номаълум. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳужумлар ҳақида Путинга ўз вақтида маълумот берилганини айтди.
“Президентнинг иш куни бугун жуда эрта бошланди. У реал вақт режимида мудофаа вазирлиги ва бошқа тегишли идоралардан Москвага ҳужумлар ҳақида маълумот олди, Москва мери Сергей Собянин, Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв, Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан ҳам маълумотларни олди. Ҳаммаси ўз вазифаларини тўғри бажарди. Ҳаво мудофааси тизими ҳам яхши ишлади”.
Шу пайтгача Путин Украинадаги можарони Москвадан узоқроқ тутишга уринди. Кремл можарони "махсус ҳарбий операция" деб атаб келади.
Сўнгги ҳафталарда Россия ичкарисида дрон ҳужумлари кучайди. Нефт иншоотларида ёнғинлар бўлди. Ҳатто шу ой бошида Кремлга зарбалар уюштирилди. 3 май тунида Кремлнинг гумбазига икки дрон бориб урилган эди.
Бунда Москва Украинани айблаган. Киев айбловларни рад этган. Қўшма Штатлар Украина Россия ичкарисида ҳужум қилиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланмаслиги кераклигини таъкидлаб келади.