Запорожье АЭС электр таъминотидан узилиб қолди
Компания маълумотига кўра, 22-майга ўтар кечаси Россиянинг ўққа тутиши натижасида Запороже АЭСининг ўзининг эҳтиёжи учун қувватланаётган “Днепровская” юқори волтли электр узатиш линияси узилган. Узилиш тонг соат 5:26 да содир бўлган.
“Энергетика блокларининг ядровий материалларни совутиш насослари ишлашини таъминлаш учун муҳим бўлган ташқи қувват йўқолгач, АЭСнинг барча дизел генераторлари автоматик равишда ишга тушди, ёнилғи таъминоти ўн кунга етади, холос”, — дейилади хабарда.
Энергоатом маълумотларига кўра, Россия қўшинлари томонидан босиб олинганидан сўнг АЭС еттинчи марта блэкаут режимига ўтмоқда.
Россия расмийси ҳам станция кутиш режимига ўтказилгани ва фавқулодда электр таъминотига уланганини маълум қилди.
Россиянинг Белгород вилоятидаги чегара маскани ҳужумга тутилгани айтилмоқда
Бугун (22 май) куни эрталаб Россия ва Украинага оид қатор телеграм-каналлар Белгород ва Харьков вилоятлари ўртасидаги Россия-Украина чегарасида қақшатқич жанглар бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқата бошлади.
Хусусан, тармоқда ёйинланган бир видеода Белгород вилоятиниг Грайворонск туманидаги чегара ўтказиш масканига йўлланган муҳтамал зарба акс этгани иддао қилинади.
Бошқа видеода эса Украина байроғи тикилган танк назорат-ўтказиш масканига кириб келаётганини кўриш мумкин.
Маскан биносининг ўзида олингани тахмин қилинаётган яна бир видеода ҳалок бўлган аскар жасади акс этган. Видеолардаги маълумотлар ҳозирча тасдиқланган эмас.
Бир қанча телеграм-каналлар, шунингдек, чегарадаги Дроновка қишлоғи атрофида ҳам тўқнашувлар бўлгани ҳақида ёзди.
Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков Украинани “ваҳима кўтариш учун вилоятга ахборот ҳужуми уюштирган”ликда айблаб чиқди.
У Грайворонск тумани ўққа тутилганини тасдиқлар экан, ушбу ҳужум натижасида ҳеч ким ўлмагани ёки ярадор бўлмаганини айтди.
Украина ҳарбийлари, ҳар доимгидек, Россия ҳудуди ўққа тутилганига доир хабарларни изоҳсиз қолдиришмоқда.
Украина тарафида урушаётган россиялик ўнг фаоллардан тузилган қуролли бўлинма – Рус кўнгиллилар корпуси аввалроқ ўз жангчилари яна бир бор Россия ҳудудига рейд уюштирганини билдирган эди.
Корпус эълон қилган видеода РДК эмблемали қуролланган одамлар Россиянинг Безлюдовка, Чуровичи ва Любимовка қишлоқлари номлари ёзилган пешлавҳалар фонида тасвирга олинган.
Безлюдовка – Белгород вилоятининг Шебекино кенти яқинида, Чуровичи эса Брянск вилоятида жойлашган. Любимовка номли қишлоқлар бир нечта бўлиб, Брянскда ҳам, Курск вилоятида ҳам бор.
Украин зобити Бахмут ишғол этилгани ҳақидаги хабарларни “Пригожиннинг найранги” деб атади
“Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгени Пригожин шанба куни Украианинг Бахмут шаҳри тўлиқ ишғол этилганини эълон қилди, бир оздан сўнг Россия Мудофаа вазирлиги ҳам айни мазмунда баёнот берди.
Кўп ўтмай Россиянинг давлат агентликлари Кремлга ҳавола берган ҳолда, президент Владимир Путин “Артёмовск озод этилгани муносабати билан” “вагнерчилар” ва Россия ҚК ҳарбийларига табрик йўллагани ҳақида хабар қилди (Россия қўмондонлиги Бахмутни советча номи билан Артёмоск деб атайди – Озодлик изоҳи).
Украина томони эса Бахмут босиб олингани ҳақидаги баёнотларни инкор этмоқда.
Украина ҚКнинг Иван Богун номидаги 1-махсус бригадаси зобити Тарас Березовец “Настояшчее время” ёйинида Бахмутда бўлаётган сўнгги воқеалар ҳақида сўзлаб берди.
Унинг айтишича, Украина армияси шаҳар ичидаги Россиябўлинмаларини қуршовга олишга замин тайёрламоқда, шаҳар россияликлар томонидан ишғол этилганига доир хабарларни эса у “найранг” деб атаб, бундан мақсад – Пригожинга Украина ҳужуми бошланмасдан “вагнерчилар”ни Бахмутдан олиб чиқиб кетишга расман имкон бериш эканини айтди.
“Биз Бахмут шаҳрининг ғарбий чеккаларини ҳамон назорат қилиб турибмиз. Жаноб Пригожиннинг баёнотларидан мақсад – аввало “Катта еттилик” учрашувига доир ахборотларни кун тартибидан четга суриш, қолаверса, қолган-қутган аскарларини тезроқ шаҳардан олиб чиқиб кетиш. Шунинг учун бу найрангни ўйлаб топишди”, деди Березовец.
Украинага қирувчи учоқларни АҚШ берадими ёки иттифоқчиларми?
Украинага F-16 қирувчи учоқлари АҚШдан жўнатиладими ёки иттифоқчилар ўз учоқларидан бир қисмини беришадими – президент Жо Байден бу хусусда якуний қарорга келганича йўқ.
Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан шундай баёнот берди, деб ёзади Politico.
Салливанга кўра, аввалроқ Қўшма Штатлар Украинага қирувчи учоқлар бериш тўғрисида қарорлар қабул қилмаган, чунки қарши ҳужумни амалга ошириш учун учоқларга зарурат бўлмаган, аммо ҳозир вазият ўзгармоқда.
Японияда ўтган “Катта еттилик” саммити чоғида АҚШ президенти украин учувчиларини тўртинчи авлод қирувчи учоқларини бошқаришга ўқитиш бўйича халқаро коалицияни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Украина Ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат Украина ТВ ёйинида F-16 қирувчи учоқлари мумкин қадар тезроқ берилишига умид қилишини айтди.
Игнатга кўра, гап атиги бир неча учоқ ҳақида бораётгани йўқ, чунки жанговар вазифаларни бажариш учун авиабўлинмалар билан ҳаракат қилиш керак бўлади.
Украинада битта ҳаво эскадрильяси 12 та учоқни ўз ичига олади, Ғарб мамлакатларида эса эскадрилья таркибида 18 тагача учоқ бўлиши мумкин.
Ҳаво кучлари вакили қўшимча қилишича, берилажак қирувчи учоқлар сонига доир маълумот очиқланмайди, бироқ ушбу жараёнда мавжуд жанговар вазифаларни бажариш зарурати инобатга олиниши турган гап.