Линклар

Шошилинч хабар
19 июл 2025, Тошкент вақти: 22:13

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

20:51 9.5.2023

Украина Мирзиёевнинг парадга борганини қоралади

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг Москвадаги Қизил майдондаги тадбирдаги иштироки ҳақида баёнот берди.

"Биз Европада Иккинчи жаҳон урушидан бери номаълум миқёсда уруш бошлаганидан мақтанаётган ҳарбий жиноятчи билан бирга ушбу хорижий давлатлар раҳбарларининг оммавий тадбирда иштирок этишини ўз яшаши ва озодлиги учун курашаётган Украина халқига эътиборсизлик, ахлоқсиз ва дўстона бўлмаган қадам, деб биламиз.

Бундан 78 йил аввал нацизм устидан қозонилган ғалабага Ўрта Осиё ва Кавказ халқлари беқиёс ҳисса қўшган. Улар нацизм устидан ғалаба қозонганларнинг жасорати билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Кремлнинг сохта акциясида иштирок этиш тақдирига лойиқ эмас", дейилади баёнотда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев 8 май куни Кремлнинг «ғалаба парадида» қатнашиш учун Москвага учиб кетган ва ўша куни мезбон президент Владимир Путин билан учрашув ўтказган.

Матбуот хизмати маълумотида айтилишича, икки президент Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан “бир-бирини самимий қутлаб, фахрийларимиз, дўст халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ” тилаган.

Путин Мирзиёевни Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан ҳам табриклаган.

Мирзиёев 9 май куни Москвада ўтказилган парадда иштирок этди. У билан бирга Қирғизистон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Арманистон раҳбарлари ҳам парадда қатнашди.

Қирғизистон ва Тожикистон президентлари парадда «Георгий лентаси» тақиб олгани, Арманистон Бош вазири, Қозоғистон, Туркманистон президентлари ҳеч қандай нишон тақмагани, Ўзбекистон ва Беларус президентлари эса ўзларининг миллий байроқларини нишон сифатида тақиб олгани видеоларда кўрилди.

Аммо Шавкат Мирзиёев кўкрагида кўринган Ўзбекистон миллий байроғи Кремлнинг «1945-2023. 9-Мая» ёзувли значоги билан қадалгани кўринади. Значокнинг ўртасида эса Кремл сурати ва беш юлдуз акс этган.

20:47 9.5.2023

Москвада хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда Ғалаба байрамига бағишланган парад ўтказди

Россия 9 май иккинчи жаҳон урушида фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллигини хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда нишонлади. Кремлга ва бир нечта ҳудудларга қилинган ҳужумлардан сўнг бу йилги байрамда хавфсизлик чоралари одатдагиданда кучайтирилган.

Ғалаба куни Россияда энг муҳим давлат байрамларидан бири бўлиб, бу санада россияликлар иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабани нишонлайди.

Россия Украинадаги урушда минглаб аскарларини йўқотгани эса байрам тадбирини бошқача ҳиссиётларга тўлдирди.

Бу йилги парадда замонавий танклар кўринмади. Фақат совет давридаги Т-34 зирҳли танклари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва баллистик ракеталарни учириш мосламаларини ўз ичига олган ҳарбий техникалар намойиш қилинди.

Россия президенти Владимир Путин ўз нутқида Россияга қарши уруш “бошлангани”ни айтиб, бунинг учун “Ғарб глобалист элитаси”ни айблади ва уларни нацистлар билан қиёслади. Путиннинг сўзларига кўра, улар “мамлакатнинг парчаланиши ва вайрон бўлишига эришмоқчи”. Россия Украинадаги уруш пайтида, Путин” таъкидлаганидек сўзларига кўра, "Донбассни ҳимоя қилади ва унинг хавфсизлигини таъминлайди".

Умуман олганда, Путин ўз нутқида иккинчи жаҳон уруши ҳақида эмас, балки ўзи махсус операция деб атаган Украинадаги уруш ҳақида гапирди. Путин Россия кучларининг Украинадан кутилаётган йирик қарши ҳужумга тайёргарлиги ҳақида тўхталмади.

20:42 9.5.2023

Пригожин: Мудофаа вазирлиги ваъда қилинган ўқ-дорини барибир бермади

“Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин навбатдаги видеомурожаатида ўз назоратидаги ёлланма жангчиларга Россия мудофаа вазирлигидан ўқ-дори барибир келмаганини айтди. Пригожинга кўра, “Вагнер” ХҲШ Бахмутда яна бир неча кун қолади: “ҳозирча урушамиз, қолган масалалар кейин ҳал қилинади”, деди у.

“Бугун “Вагнер” ХҲШ турли йўналишларда 280 метргача силжиди. Биз жами 53 минг метргача илгариладик. Душман назоратида атиги 2,37 квадрат километр қолмоқда. Ҳаракатни давом эттирамиз, ўқ-дорини кутяпмиз”, деди Пригожин.

Аввалроқ у Россия ҳарбий раҳбариятини “Вагнер” ХҲШ учун атай снаряд тақчиллигини яратишни айблаб, 10 майда ўз бўлинмаларини Бахмутдан олиб чиқиб кетиш билан пўписа қилган эди. 7 май куни эса Пригожин унга ўқ-дори етказиб беришга ваъда берилганини айтган.

“Путиннинг ошпази” сифатида ном чиқарган Пригожин ва унинг Вагнер гуруҳи АҚШ санкциялари остида. Украина урушига қадар у Вагнер эгаси эканини рад этиб келган. Шу йил январида Норвегияга қочган ва у ерда бошпана сўраган собиқ Вагнер жангчиси гуруҳ Украинада уруш жиноятларини содир этганига гувоҳ бўлганини айтган.

20:40 9.5.2023

Европа Иттифоқи президенти Урсула фон дер Ляен Киевга келди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен Россиянинг янги ҳужумларидан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказиш учун Киевга ташриф буюрди.

Ташриф Европа Иттифоқининг Европа куни доирасида амалга оширилди. Украина Россия босқинидан кейин EИга аъзо бўлиш учун ариза топширгандан сўнг Ғарб институтларига қўшилиш амбицияларини илгари суриб келмоқда.

Фон дер Ляен 2014 йилги урушдан бери ҳалок бўлган украиналик аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. У шунингдек Авлиё Михаил майдонида қўлга олинган рус техникаларининг очиқ кўргазмасига ҳам ташриф буюрди.

У “Биз учун муҳим бўлган қадриятлар ҳимоя қилинаётган Киевга йўл олганимдан хурсандман" дея твит қолдирди.

Европа Комиссияси фон дер Ляеннинг ташрифини бир кун олдин оммага эълон қилди. Одатда олий даражадаги раҳбарларнинг Украинага ташрифлари хавфсизлик нуқтаи назаридан сир тутилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG