Польшада Россия элчиси совет аскари ҳайкали пойига гул қўя олмади
Украиналик фаоллар ва уларга хайрихоҳ поляклар Россиянинг Варшавадаги элчиси Сергей Андреевга Польша пойтахтидаги Қизил армия аскари ҳайкали пойига гулчамбар қўйишга йўл беришмади.
Ёдгорлик ўрнатилган қабристон дарвозаси ёнида элчини бир неча юз киши кутиб турган эди. Фаоллар у ерда Россиянинг Украинага босқинини қораловчи ҳамда Россия ҳарбийлари ушбу мамлакатда содир этган ҳарбий жиноятларни ёдга солувчи инсталляция ташкил қилдилар.
Андреев келгач, халойиқ “Рашистлар!” дея хитоб қилганча уни ва ҳамроҳларини қуршаб олиб, ёдгорлик томонга ўтказмади. Тўқнашув чиқди. Элчи, ўзи РИА Новостига билдиришича, зиён-заҳмат кўрмаган. Фаоллар босими остида қабристондан жўнаб кетаркан, у қайтишга ва гулчамбар қўйишга яна уриниб кўришини айтди.
Ўтган йили 9 май куни Варшавада Россия элчиси устига – Россиянинг Украинага босқинидан норозилик белгиси сифатида қизил бўёқ сепиб юборишган эди.
AP: АҚШ Украинага 1,2 млрд долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини беради
АҚШ ҳукумати 9 май куни Украинага 1,2 млрд доллар қийматли навбатдаги ҳарбий ёрдам пакети берилишини эълон қилади, дея хабар қилмоқда Associated Press агентлиги.
Хабарга кўра, янги қуроллар туркумига Hawk ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, зенит снарядлари ҳамда дронлар киради. Бундан ташқари, АҚШ Украинага артиллерия тизимлари, ракеталар ва бошқа турдаги қурол-аслаҳалар етказиб беради, аввал берилган қуролларга техник хизмат кўрсатилишини молиялайди, шунингдек турли қуроллар учун эҳтиёт қисмлар юборади.
АҚШ Украинага ажратган бундан аввалги ҳарбий ёрдам пакети қиймати 300 млн долларга тенг бўлиб, бу ҳақда 3 май куни эълон қилинган эди. Унга, жумладан, HIMARS учун снарядлар ва қисқа масофага учадиган Hydra-70 “ҳаво-ер” авиация ракеталари кирган.
Шу билан АҚШнинг уруш бошидан бери Украинага кўрсатган ҳарбий ёрдами қиймати қарийб 37 млрд долларга етди.
Россияда ўтказилмаган "Ўлмас полк" паради Тошкентда бўлди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Москвада Путиннинг «Ғалаба паради»да иштирок этаётган бир пайтда, Тошкентда ҳам «Ўлмас полк» юришлари бўлиб ўтди.
Тошкентдаги Мотамсаро она ҳайкали томон ҳаракатланган юзлаб одам ўтган асрда Ўзбекистон тарихидаги қатағонларнинг муаллифи бўлган шахс - «Сталинга шон-шарафлар», «Генерелассимусга шон-шарафлар» қийқириқлари остида юриш қилди.
«Ўлмас полк» намойишига расман рухсат берилгани ҳақида хабар берилмаган.
Ҳар йили 9 май куни Россияда анъанага айланган “Ўлмас полк” юриши жорий йилда Россиянинг ўзида ўтказилмаслиги ҳақида “Интерфакс” тадбир ташкилотчиларига таянган ҳолда хабар берган эди.
“Ўлмас полк” 2012 йилда Томск журналистлари ташаббуси билан Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларни хотирлаш тадбири ўлароқ ташкил этилган эди. Кейинроқ бу тадбир бошқа мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ўтказила бошланди.
Ўзбекистонда ортида Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Россотрудничесто агентлиги турган “Ўлмас полк” акциясига рағбат Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши ортидан кучайган.
Бир вақтнинг ўзида совет давридаги рамзларнинг қайтиши кузатилган.
Марҳум президент Ислом Каримов совет давридаги рамзларни кескин танқид қилган ва Тошкентда совет аскарига қўйилган ёдгорликни олдириб ташлаган эди. 9 май куни Мирзиёев Москвадаги ғалаба парадида иштирок этаркан, тармоқларнинг ўзбек сегментида марҳум президент яна трендга чиқди. Телеграмда тарқалган мана бу видеода Каримов Ғалаба парадларига қарши эканини айтган.
Ўзбекистонда ортида Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Россотрудничесто агентлиги турган “Ўлмас полк” акциясига рағбат Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши ортидан кучайган.
Душанбага ўтар кечаси Россия Киев билан Одессага ҳужумлар уюштирди
Россия 8 майга ўтар кечаси Киевга “Шахед” камикадзе дронлари билан ҳужум қилди. Украина ҚК Бош штабига кўра, йўлланган 35 та дроннинг барчаси уриб туширилган. “Шахед”лар Брняск вилоятидаги Сешча аэродромидан учирилгани айтилмоқда.
Хабарларга кўра, Киевнинг бир неча туманида дрон парчаларидан зиён кўрган уйлар бор. Беш киши жабрланган. Бу ҳақда Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Серге Попко маълум қилди.
Шунингдек, 8 майга ўтар кечаси Россия армияси Одесса вилоятига Ту-22м3 учоқларидан Х-22 ракеталари билан зарба берди. Саккизта ракета Россия аннексия қилган Қримдаги Тархонкут бурнидан учирилган. Украина ҳарбийларига кўра, улар озиқ-овқат саноати корхоналаридан бирига қарашли омборга ва Қора денгиз бўйидаги рекреация зонасига тушган.