Россиянинг Киевга берган ракета зарбалари оқибатида камида беш киши яраланди
Бугун эрталаб Москва Украинага яна бир кенг кўламли ракета ҳужумини уюштирди. Киев маъмурияти шаҳарга берилган ракета зарбалари натижасида беш киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди.
Киевнинг Соломянский туманидаги портлашда уч киши, Святошин туманига дрон қулаши оқибатида эса яна 2 киши яраланди, деди шаҳар мери Виталий Кличко.
Рейтерс гувоҳларининг айтишича, Киевда кўплаб портлашлар эшитилган. Маҳаллий расмийлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳужумларни қайтараётганини билдирган.
Россия кучлари Украина шимолида жойлашган Суми вилоятида саккизта нишонни бомбардимон қилди, дея маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти.
Россия Қора денгиз устида Украинанинг 22 та дронини йўқ қилганини маълум қилди
Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари бир кечада Қора денгиз устида Украинага тегишли 22 та дронларни аниқлади ва йўқ қилди, дея хабар қилди Россия мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков:
«Бир кечада Қора денгизда Украинанинг 22 та дрони аниқланиб, зенит-ракета тизимлари ҳамда электрон уруш усуллари билан йўқ қилинди».
Мудофаа вазирлиги рус кучлари Бахмут шимоли-ғарбида каттароқ ҳудудга эгалик қилаётганини айтди.
Украина томони бу хабарга муносабат билдиргани йўқ.
Вагнер гуруҳи Бахмутда қолишини билдирди
Кеча «Вагнер» ёлланма гуруҳи раҳбари Кремль барча зарурий ўқ-дориларни етказиб бериш ваъда берганидан сўнг, ўз қўшинларини Бахмутдан олиб чиқиш режасидан воз кечганини маълум қилди.
Бир неча кун олдин Евгений Пригожин ўқ-дори етишмаслиги натижасида Вагнер «маънисиз» йўқотишларга учраётгани ҳамда Бахмутни тарк этишини билдирган эди.
«Биз ўтган кечада шу вақтга қадар биринчи марта жанговар буйруқ олдик. Бизга операцияни давом эттириш учун қанча керак бўлса, шунча ўқ-дори ва қурол-яроғ ваъда қилишди. Душман бизни таъминотдан узиб қўймаслиги учун зарурий ҳамма нарсани қанотга жойлаштирилиши ҳам ваъда қилинди», деди «Вагнер» ёлланма гуруҳи раҳбари Евгений Пригожин.
Зеленский Ғалаба кунини ўтказиш тўғрисидаги фармонни эълон қилди
Владимир Зеленский Украинада 8 майни Хотира ва Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан ғалаба қозонилган кун сифатида белгилаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф қилди:
«Бугун мен Украина Олий Радасига 8 майни Хотира ва Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба куни сифатида белгилашни таклиф этувчи қонун лойиҳасини киритяпман. Украин халқининг Ғалабага қўшган ҳиссасини ҳеч қачон унутмаймиз. Биз украиналикларнинг бу ғалабадаги ролини, халқимиз, бугунги авлод хотирасидан ўчириб ташлашларига йўл қўймаймиз”.
Зеленский 80 йил олдин ҳам Украина «ёвузлик» билан курашганини эслатди.
“Биз ўшанда ҳамкурашганмиз ва ҳозир ҳам курашяпмиз. Токи ҳеч ким бошқа халқларни қул қилиб, бошқа мамлакатларни вайрон қилмасин. Замонавий Россия такрорлаётган барча эски ёвузликлар худди нацизм мағлуб бўлгани каби мағлуб бўлади", деди Зеленский.
Кремл Зеленский эълон қилган қонун лойиҳасига қарамай, 9-май Ғалаба кунини нишонлаш Украинада кўпчилик учун “муқаддас” эканини айтди
Кундалик брифингда Зеленскийнинг режаси ҳақидаги саволга Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков шундай жавоб берди:
“Ишончимиз комилки, Украинада кўпчилик учун бу муқаддас кун. У ерда ҳам Улуғ Ватан урушида қатнашган фахрийлар ва уларнинг яқинлари бор, улар учун бу кун муқаддас ва шундай бўлиб қолади. "
Россия учун 9-май унинг энг муҳим миллий воқеаларидан бири - Совет Иттифоқининг фашистлар Германиясини мағлуб этишда қилган улкан қурбонликларини хотирлашдир. Совет Россияси ва Совет Украинаси ҳам урушда даҳшатли қурбонлар берган.