Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Россия учирган 24 та дрондан 18 тасини уриб туширди
Киев шаҳар маъмурияти Россиянинг тўрт кун ичида учинчи бор Киевга қилган ҳужумида барча ракеталар ва дронлар йўқ қилинганини билдирди.
Киев шаҳар ҳарбий бошқармаси бошлиғи Сергей Попконинг айтишича, Украина пойтахтига ҳам баллистик ракеталар билан зарба берилган, лекин улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ёрдамида йўқ қилинган. Шаҳарнинг айрим ҳудудларига ракеталарнинг қолдиқлари тушган.
Шунингдек, Одесса шаҳри ҳам 15 та камикадзе дрони билан нишонга олинган, улардан 12 таси уриб туширилган, учтаси эса университет биносига зарар етказган, қурбонлар йўқ.
Украина томонининг хабар беришича, Одессага зарба берган дронларнинг думларига “Москва учун” ва “Кремл учун” ёзувлари ёзилган.
Рус қўшинларининг Херсонда 23 кишининг умрига зомин бўлган ҳужумидан кейин ўнлаб херсонликлар эвакуация мақсадида автовокзалда йиғилди, дея хабар берди вилоят губернатори.
Автобусларга чиқиш учун узун навбатлар ҳосил бўлган. Кўплаб ёш болали аёллар ва қариялар вокзалда автобусларини кутмоқда.
Херсон вилояти губернатори Олександр Прокудин кечаги ҳужумларда ҳалок бўлганлар билан бир қаторда 46 киши яраланганини айтди.
Унинг қўшимча қилишича, Херсонда жума куни кечқурундан душанбагача комендантлик соати эълон қилинган.
Маҳаллий расмийларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида Россиянинг аввалги ҳужумидан кейин электр тармоғини таъмирлаётган уч муҳандис ҳам бор.
Киевнинг кутилаётган қарши ҳужуми олдидан Москва сўнгги бир неча кун ичида Украинага ҳаво ҳужумларини кучайтирди.
Зеленский Ҳаагадаги Халқаро жиноят судида нутқ сўзлади
Украина президенти Владимир Зеленский Ҳаагадаги Халқаро жиноят судига (ХЖС) ташриф буюрди.
Суд март ойида Россия президенти Владимир Путинни Украинадан болаларни депортация қилганликда айблаб ҳибсга олишга ордер берганди.
Зеленскийни Халқаро Жиноят Суди президенти Пётр Хофмански кутиб олди.
"Биз ҳаммамиз Ҳаагада бошқа бир Владимирни кўришни хоҳлаймиз", деб ҳазиллашди Зеленский Гаагада "Адолатсиз тинчлик бўлмайди" деб номланган нутқи давомида.
Унинг сўзларига кўра, Россия президенти ўзининг “жиноий ҳаракатлари” учун ҳукм қилинишига лойиқ.
"Ишончим комилки, биз ғалаба қозонганимиздан кейин буни кўрамиз - ва биз ғалаба қозонамиз", - дея Украина президентининг сўзларидан иқтибос келтиради Нидерландиянинг NOS телекомпанияси.
Финляндиядаги матбуот анжуманида сўзлаган Зеленский бор эътибори Украина шаҳар ва қишлоқларини Россия босқинидан ҳимоя қилишда эканини айтди.
Зеленский Москванинг Киев Кремлга ҳужум қилишга урингани ҳақидаги айбловини рад этди:
«Владимир Путинга ҳам, Москвага ҳам ҳужум қилмаймиз. Биз ўз ҳудудимизда жанг қиляпмиз, шаҳар ва қишлоқларимизни ҳимоя қиляпмиз. Бизда шундоғам бу учун қурол етишмайди, шундай экан қуролларни бошқа жойга сарфлай олмаймиз. Путинга биз ҳужум қилмадик, буни трибуналга қолдирамиз”.
Россия ХЖС юрисдикциясини ратификация қилмаган ҳамда Украинада ҳарбий жиноятлар содир этганини инкор этиб келади.
Россия Украинани Кремлга ҳужум қилиб Владимир Путинга суиқасд уюштиришга уринганликда айблади ва жавоб қайтариш билан таҳдид қилди.
Россия: Кремлга дронлар ҳужум қилишида АҚШнинг қўли бор
Россия Кремлга бўлган дронлар ҳужумида АҚШни айблаб чиқди ва ҳужумдан президент Владимир Путинни ўлдириш кўзланганини ва унинг ортида Вашингтон турганини иддао қилди.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар учун ўтказилган брифингда шундай баёнот бераркан бундай деди:
“Россия нишонларни ўзи танлайди, Украина эса шунчаки АҚШнинг режаларини амалга оширади. Биз бундан хабардорлигимизни Вашингтон билиб қўйсин”.
Бироқ мазкур ҳужумда АҚШнинг қўли борлигини тасдиқловчи бирон далил тақдим этмади.
Украина бу воқеага алоқадорлигини инкор этмоқда. Чоршанба куни эрталаб ёйинланган видеоларда икки учар объект Кремлга яқинлашаётгани ва бири Сенат саройи устида портлагани акс этган.
“Киев ҳамда Вашингтоннинг ўзини оқлашга уринишлари умуман қовушмаяпти. Бунақа ишлар, бунақа террористик ҳужумларга доир қарорлар Киевда эмас, Вашингтонда олинишини жуда яхши биламиз”, деди Песков.
Песковнинг иддаосича, Қўшма Штатлар кўп ҳолларда Украинага нафақат ҳужум нишонларини, балки ҳужум қилиш воситаларини ҳам танлаб беради.
“Барча буйруқлар океан ортидан келади. Биз буни яхши биламиз ва идрок этамиз... Вашингтон бизнинг бундан хабардорлигимизни билиб қўйиши керак”, деди Кремль воизи.
Песков Россия интиқом олиш ҳуқуқини ўзида қолдирганини айтди, бироқ бу қай шаклда амалга оширилиши ҳақида ҳеч нима демади.
Унга кўра, Россияда бир неча вариант мавжуд, қанақа шаклда жавоб бериш масаласи эса обдон ўйланади. Песков айтишича, воқеа бўйича шошилинч тергов ўтказилмоқда, бироқ натижалар қачон чиқиши маълум эмас.
Украин аскарлари Бахмут яқинида душман ҳужумларини қайтармоқда
Украин қўшинлари Бахмут шаҳри яқинида Россия ҳужумларини қайтараётганини маълум қилди.
Улар оғир қуроллар билан рус позицияларини бир неча бор ўққа тутди.
«Улар деярли ҳар куни бизнинг позицияларимизга ҳужум қилишади, аммо уларнинг ҳужумларни қайтарамиз. Икки ҳудудда жанглар шиддатли кетяпти. Вазият озми-кўпми яхши», дейди бригада қўмондони Олександр.
Рейтер уруш шароитида командирнинг сўзларини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Украина ҳарбийлари қарши ҳужум олдидан Бахмутни ташлаб кетмаслигини билдирди.
“Урушга нуқта қўйишга тайёрмиз. Уйга қайтиш вақти келди. Қарши ҳужум учун тегишли кўрсатмаларни кутяпмиз", дейди украин аскари Олексий.