АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинага яна ўқ-дори юборади
Қўшма Штатлар чоршанба куни Украинага яна 300 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди. Бу АҚШнинг Украинага 2021-йил августидан бери 37-ҳарбий ёрдам пакети, дейилади Пентагон баёнотида.
Ёрдам пакети ҲИМАРС ракета тизимлари учун снарядларни, 155 мм гаубицалар ва улар учун снарядлар, миномёт снарядлари, танкга қарши қуроллар, Hydra-70 самолёт ракеталари, ўқ-дориларни ташувчи тракторлар ва трейлерларни ўз ичига олади.
Чоршанба куни, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатлари элчилари Украина учун ўқ-дори сотиб олиш схемасини келишиб олгани маълум бўлди. Асосан, бу мақсад учун 1 миллиард евро ажратиш аввалроқ келишилган, бироқ бир неча ҳафта давомида техник муаммолар сабаб баҳслар бўлган эди.
Россия ҳарбий суди ҳарбий комиссариатига ўт қўйган қозоғистонликни 13 йилга озодликдан маҳрум қилди
Биринчи Шарқий округ ҳарбий суди Қозоғистон фуқароси Ансаган Молдахметовни Омскдаги ҳарбий комиссариатга ўт қўйиш иши бўйича 13 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Бу ҳақда ФСБнинг Омск вилояти бўйича департаменти матбуот хизмати хабар бермоқда.
Молдахметов бир гуруҳ шахслар томонидан ўт қўйиш йўли билан теракт содир этганликда айбдор деб топилди (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми).
Эркак жазонинг дастлабки уч йилини қамоқхонада, қолган муддатини қаттиқ режимли колонияда ўтказади.
Айбловга кўра, Молдахметов яна бир Қозоғистон фуқароси Сеил Муратули билан бирга 2022-йил 13-май куни Омск ҳарбий рўйхатга олиш бошқармаси биносига молотов коктейли улоқтирган. Ёнғин натижасида архив ҳужжатлари зарар кўрган.
Ўт қўйишдан кейин Муратули ва Молдахметов Россияни тарк этишди, аммо иккинчиси бир мунча вақт ўтгач қайтишга қарор қилди. Хавфсизлик кучлари Молдахметовни ўтган йилнинг августида чегарада қўлга олган эди.
2022-йилда Россияда ҳарбий рўйхатга олиш ва қабул қилиш бўлимларига 77 марта ўт қўйишга уриниш бўлган, деди Марказий округ ҳарбий суди судяси Артем Макаров.
Россия Бош штабининг таъкидлашича, комиссариатларга ўт қўйиш ҳолатлари террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланади ва 15 йилгача қамоқ билан жазоланади.
Ўз навбатида, ҳуқуқ ҳимоячилари урушга қарши бундай ўт қўйиш ҳолатларини терроризм эмас, деб ҳисоблайди. Бу ҳааркатларнинг бундай малакаланиши сиёсий сабабларга, Россия ҳукумати Украинага қарши босқинчилик урушини бошлагани билан бевосита боғлиқ.
Кремл: Путинга суиқасд қилмоқчи бўлишди
Владимир Путинга суиқасд қилиш учун унинг Кремлдаги қароргоҳига Украина дронлар билан ҳужум қилди, дея хабар бермоқда Россия президентининг матбуот хизмати.
Кремл иддаосича, ҳодиса 3 майга ўтар кечаси содир бўлган.
Буни 9 майдаги Ғалаба байрами олдидан Путинга нисбатан суиқасд дея таърифлаган Россия расмийлари ҳужумни “террорчилик амали деб атамоқда.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, ҳужум пайти Владимир Путин Кремлда бўлмагани боис унга бирор зарар етмаган.
Кремл иддаосича, Украина Кремлга иккита дрон билан ҳужум қилган ва дронлар рус ҳарбийлари ва махсус хизматлари томонидан уриб туширилган.
Маҳаллий Телеграм каналларида Кремл ҳудудида тутун пайдо бўлгани акс этган видеолар пайдо бўлди. Гувоҳларга кўра, Кремл деворларида чироқ кўтарган одамларни кўришган.
Кремл ушбу ҳужум учун Киевга жавоб қайтарилишини ваъда қилди.
Расмий Киев бу иддаони рад қилган. Бу ҳақда Reuters агентлиги Украина расмийларига таянган ҳолда хабар қилди.
ББС бу борада Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоровдан иқтибос келтирди:
«Кремлга тунги ҳужумлар дея аталаётган ҳодиса ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ, аммо президент Зеленский бир неча бор таъкидлаганидек, Украина ўзининг мавжуд куч ва манбаларини бегоналарга ҳужум қилишга эмас, балки ўз ҳудудларини озод қилишга йўналтиради».
Брянскда яна темирйўлда портлаш бўлди
Россиянинг Украина билан чегарадош Брянск вилоятида яна темирйўлда портлаш бўлди. Портлаш натижасида 20 та вагон рельсдан чиқиб кетди. Брянск губернатори Александр Богомаз портловчи қурилма ишга туширилганидан сўнг поезд рельсдан чиққани ҳақида ёзди.
Бу сўнгги икки кун ичида содир бўлган иккинчи портлаш. 1 май куни ҳам Брянскда темир йўлдаги портлаш сабаб юк поездининг локомотив ёниб кетган ва еттита юк вагони релсдан чиқиб кетган.
Иккала портлашда ҳам қурбонлар бўлмаганини хабар қилди, Россия томони.
Рус расмийлари ҳужумни украинпараст саботаж гуруҳлари уюштирганини даъво қилди. Украина томони бу даъволарни изоҳланича йўқ.
Шунингдек, бугун Қрим кўприги яқинида ёқилғи омбори ёниб кетди, дея хабар берди Краснодар ўлкаси губернатори Венямин Кондратев.
Ўтган шанба куни Қримнинг Севастопол шаҳридаги ёқилғи сақлаш омбори ёниб кетган эди. Москва бунда Украинани айблаган. Украина Севастополга қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Уруш шароитида томонлар маълумотларини Озодлик мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.