Қрим ўрнига Туркияга ҳужум қилишни тавсия этган аёл депутатликдан кетди
Зеленскийга Қрим ўрнига Туркияга ҳужум қилишни тавсия этган қозоғистонлик депутат аёл мандатини топширди.
Олмаота шаҳар кенгашига “Аманат” ҳукмрон партиясидан депутат бўлиб сайланган Анна Башинская жамоатчилик танқидига учраши ортидан ўз ваколатларини топширганини эълон қилди.
Апрель ойи охирида депутат Башинская Фейсбукдаги Deutsche Welle пости остида изоҳ қолдириб, Зеленскийга Қрим ўрнига Туркияга ҳужум қилишни тавсия этган эди. Тармоқлардаги кескин танқидна сўнг, депутат аёл изоҳини ўчириб ташлади ва кечирим сўради.
Аввалроқ Қозоғистондаги бошқа депутат, Азамат Абильдаев Озодликнинг қозоқ хизматига берган интервьюсида Россиянинг Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлашини эътироф этган, шундан кейин у “Ақ жўл” партияси сафидан чиқарилган эди.
Қозоғистон расмийлари Россиянинг Украинага бостириб киришини дастаклашмаган, бироқ қораламаганлар ҳам. Кузатувчилар қозоқ расмийлари Украинага қарши босқинчилик урушини олиб бораётган Россияга ҳарбий-саноат комплекси учун зарур бўлган электрон компонентларни “кўра-била туриб” реэкспорт қилаётганини айтишмоқда. Остоналик мулозимлар эса урушда Россияга ёрдам кўрсатаётганларини рад этишяпти.
Россияни агрессор деб атовчи резолюцияни Хитой ҳам имзолади, лекин Ўзбекистон овоз беришдан тийилди
Хитой БМТ Бош Ассамблеясининг Украинага бостириб кириши муносабати билан Россия агрессор давлат деб аталган резолюциясини ёқлаб овоз берди.
Илгари Хитой вакиллари бундай резолюция лойиҳалари бўйича овоз беришда бетараф қолишга мойил бўлган.
Умуман олганда, БМТ ва Европа Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги резолюцияни 122 давлат қўллаб-қувватлади. Хитойдан ташқари, Россияга дўстона ҳисобланган бир қатор давлатлар, жумладан, Қозоғистон ва Арманистон, Ҳиндистон ва Бразилия ҳам ёқлаб овоз берди.
Ўзбекистон эса ҳар доимгидек, овоз беришдан тийилди. Аввалроқ Ўзбекистон БМТга аъзо етакчи давлатлар томонидан қўллаб қувватланган Украинага Россиянинг бостириб кириши тўғрисидаги резолюциясига ҳам овоз бермаган эди.
ЖАР Путиндан БРИКС саммитига келмасликни сўраган
Жанубий Африка ҳукумати Россия президенти Владимир Путиндан ёзда Жанубий Африкада бўлиб ўтадиган БРИКС саммитига келмасликни сўрамоқда. Бунга сабаб, Украинадаги ҳарбий жиноятларда айбланиб, Халқаро жиноий суд (ХЖС) томонидан Россия президентини ҳибсга олиш ордери. Бу ҳақда Жанубий Африканинг Sunday times газетаси манбаларга таяниб хабар бермоқда.
Жанубий Африка Республикаси Рим статутини имзолаган давлатлар қаторига киради, бу эса уни ХЖС қарорларини бажаришга мажбур қилади.
"Бизда Путинни ҳибсга олмасликнинг иложи йўқ. Агар у бу ерга келса, биз уни ҳибсга олишга мажбур бўламиз", дея айтган газетага Жанубий Африка ҳукумати вакили.
The Sunday timesнашрининг ёзишича, ўтган ҳафта Жанубий Африка ҳукумати Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер бериш билан боғлиқ имкониятларини ўрганиш учун мамлакат вице-президенти бошчилигидаги махсус ҳукумат қўмитасини тайинлаган.
Қўмита Путиннинг Москвадан видеоалоқа орқали саммитдаги иштирокидан ташқари бошқа вариантларни топмаган.
Украиналик фермер далани миналардан тозалашнинг янги усулини кашф этди
Украиналик фермер Александр Кривцов Россия босқинидан кейин далаларни миналардан тозалашнинг янги усулини ўйлаб топди.
У тракторини рус танкларидан қолган ҳимоя панеллари билан жиҳозлади ва уни масофадан бошқариш пулти билан бошқаради.
Ўтган йили Украинанинг шарқий қисмидан Россия қўшинлари Украинанинг қарши ҳужуми натижасида қувилганидан сўнг, кўплаб далалар миналар билан қопланган, бу фермерларнинг кейинги ҳосил учун ғалла экишини хавф остига қўймойда.
Далаларни миналардан тозалаш осон иш эмас. Бунинг учун фермерлар профессионал сапёрлар хизматига муҳтож.
Александр Кривцов ўз даласини тозалаш учун портлашларга дош бера оладиган масофадан бошқариладиган тракторни ишлаб чиқди. Тракторининг кузовини ҳимоя қилиш учун шикастланган рус ҳарбий машиналарининг зирҳларидан фойдаланиб, у ўз жамоасидан бирига тракторни масофадан туриб бошқариш имконини берадиган тизимни сотиб олди.
“Экин экиш вақти келди, лекин ҳеч нарса қила олмаймиз, қутқарув хизматлари жуда банд бўлгани учун шу ишга қўл урдик".
Бош вазир Денис Шмихал ўтган ҳафта бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Украина ҳудудининг қарийб 30 фоизи руслар томонидан миналангани ва ҳукумат эътиборини имкон қадар тезроқ қишлоқ хўжалиги ерларини миналардан тозалашга қаратганини айтди.