Зеленский: Террорчиларнинг ракеталари икки кишининг ҳаётига зомин бўлди
Украина президенти Владимир Зеленский 1 май куни Украинанинг шимолий ва марказий ҳудудларига уюштирилган зарбалар оқибатида Чернигов вилоятида 14 ёшли бола ва Днепропетровск вилоятининг Павлоград шаҳрида икки киши ҳалок бўлди, дея билдирди.
Павлоградда яна 40 киши яраланган, дея қўшимча қилди Зеленский ўзининг тунги мурожаатида.
Зеленский душанба тунги видеомурожаатида “Россия босқинчилари ҳар бир бундай зарба учун жавобимизни олади”, деди.
“Террорчиларнинг ракеталари икки кишининг, жуда ёш йигитларнинг ҳаётига зомин бўлди. Яна қирқ киши – аёллар, болалар, эркаклар яраланди ва жароҳатлар бўйича тиббий ёрдам кўрсатиляпти”, деди Зеленский.
Россия Мудофаа вазирлиги ўз кучлари “Украинанинг ҳарбий-саноат объектлари”га юқори аниқликдаги узоқ масофали ҳаво ва денгиз ракеталари ёрдамида зарба берганини маълум қилди.
Россиянинг Брянск вилоятида поезд изидан чиқиб, ёниб кетди
Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз поезд изидан чиқиб кетишига темир йўлдаги портлаш сабаб бўлганини айтди.
"Брянск-Унеча темир йўлининг 136-километрида Унечский туманида номаълум портловчи қурилма ишга тушди, натижада юк поездининг локомотиви релсдан чиқиб кетди. Жабрланганлар йўқ. Ҳозирда воқеа жойида тезкор хизматлар ишламоқда", - деб билдирди вилоят губернатори телеграм-каналида.
Йўлнинг Украина билан чегарасидан 60 км узоқликда жойлашган ушбу қисмида ҳаракат тўхтатилди.
Россия темир йўллари маълумотига кўра, Москва вақти билан 10: 17 да содир бўлган ҳодиса натижасида локомотив ёниб кетган ва еттита юк вагони релсдан чиқиб кетган.
Қайд этилишича, поезд нефт маҳсулотлари ва ёғоч олиб кетаётган бўлган. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Поезд Беларуснинг Гомел шаҳридан Брянскка кетаётган бўлган, деб хабар берди Беларус темир йўллари.
Брянск вилояти Украина ва Белорус билан чегарадош. Маҳаллий расмийлар Украина манфаатларини кўзлаб уюштирилган қўпорувчилик ҳаракатлари ҳақида кўп бора айтган.
Богомаз шанба куни шунингдек, Россиянинг Украина билан чегарасидан тахминан 12 км шимолда жойлашган Суземка қишлоғининг Украина томонидан ўққа тутилиши натижасида тўрт киши ҳалок бўлганини билдирди.
Сирский: Бахмутни ушлаб турибмиз
Россия Украина позицияларига яна муваффақиятсиз ҳужумларни уюштирган.
Украина қуролли кучлари Бош штабининг 2 май кунги ҳисоботида айтилишича, Донецкда сўнгги 24 соат ичида украиналик ҳимоячилар Россиянинг 41 та ҳужумни қайтарган. Ҳужумларнинг аксарияти Бахмут-Авдиивка-Маиинка йўналишида бўлган..
Россия, шунингдек Украина жанубини, хусусан, Херсон вилоятининг озод қилинган ҳудудларига ҳужумларни кучайтирган. Вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Александр Прокудин сўнгги 24 соат ичида 71 та шундай ҳужум бўлганини маълум қилди.
Украина айни пайтда Россия армиясининг Бахмутдаги энг жанговар бўлинмаларини йўқ қилди, деб билдирди 2 май куни Украинанинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони генерал-полковник Александр Сирский Телеграмдаги расмий каналида эълон қилинган видеода.
"Биз барча кутилмаларга қарамай, Бахмутни ушлаб турибмиз. Захираларимизга тайёргарлик кўриш имкониятини берамиз ва кейинги ҳаракатларга тайёрланяпмиз”, деди Сирский.
Украина шарқидаги шаҳар учун 10 ой давом этган жанг ҳар икки томон учун ҳам рамзий аҳамиятга эга. Бахмут Украинадаги урушнинг таянч нуқтасига айланган.
Душанба куни Сирский Украина бўлинмалари шиддатли жанглар пайтида Бахмутдаги баъзи позициялардан рус қўшинларини сиқиб чиқарганини айтди, Россиянинг "Вагнер" гуруҳи эса унинг бўлинмалари Бахмутда бир кунда 86 жангчисини йўқотганини билдирди.
Оқ уйнинг 1 май куни маълум қилишича, декабр ойидан бери Россия 100 минг аскарини, жумладан Бахмут ва Украина шарқидаги бошқа ҳудудларни назорат қилиш учун олиб борилган жангларда 20 мингдан ортиғи ҳалок бўлган.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши воизи Жон Кирбининг айтишича, декабр ойидан бери ҳалок бўлганларнинг деярли ярми Вагнер гуруҳи ёлланма аскарлари бўлиб, уларнинг аксарияти қамоқдан озод қилинган ва Россия жангига қўшилган маҳкумлардир.
Янги рақамлар сўнгги ойларда Россиянинг йўқотишлари тезлашганини кўрсатмоқда. Ноябр ойида АҚШ қуролли кучлари бирлашган штаби бошлиғи генерал Марк Милли урушнинг дастлабки саккиз ойида 100 мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлгани ёки яраланганини айтган.
Украина бош қўмондони генерал Валерий Залужний 1 май куни Миллий билан телефон орқали гаплашган ва уни фронт чизиғидаги вазият ҳақида маълум қилган ва уни “қийин, аммо назорат остида” деб таърифлаган.
У, шунингдек, Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш ва қуролларни ўз вақтида етказиб бериш зарурлигини таъкидлаган.
Путиндан Африкага келмаслик сўралди
Жанубий Африка Республикаси ҳукумати Россия президенти Владимир Путиндан жорий йилнинг август ойида Дурбан шаҳрида ўтказилажак БРИКС саммитига келмасликни илтимос қилди. Бу ҳақда Sunday Times нашри ўз манбаларига таянган ҳолда хабар бермоқда.
Газета маълумотига кўра, бу Халқаро жиноят суди Путинни қамоққа олишга ордер бергани билан боғлиқ.
“Бизда Путинни ҳибсга олишдан бошқа чора қолмайди. Агар у бу ерга келса, ушлашга мажбурмиз”, деган Жанубий Африка Республикаси ҳукумати вакилидан иқтибос келтирган Sunday Times.
Апрель ойи охирида Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса иқтидордаги “Африка миллий конгресси” партияси Халқаро жиноят суди юрисдикциясидан чиқишга қарор қилганини эълон қилган эди. Аммо эртасигаёқ президент канцелярияси “хатолик” бўлганини, Халқаро жиноят судидан чиқишни режаламаётганини ва халқаро ҳуқуқни бир хилда ва изчил қўллаш кампаниясини давом эттиражагини билдирди.
Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Россия саммитга таклифнома олган, аммо президентнинг Дурбан анжуманида иштирок этиши бўйича бир қарорга келинганича йўқ.
Жорий йилнинг март ойида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин ҳамда болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Улар Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда айбланмоқда.