Урушга қаршилар рус паспортидан айрилади
Президент Владимир Путиннинг янги қарори Россия паспортига эга ўзбекистонликларни мушкул вазиятга қўйиши мумкин.
Путин Россия паспортини олганларни мамлакат армиясини “обрўсизлантирганлик” ва уруш ҳақида “фейклар” тарқатганлик учун фуқароликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни имзолади.
Россия Федерацияси Конституциясига мувофиқ, Россия ҳудудида туғилган кишини фуқароликдан маҳрум қилиш мумкин эмас. Бироқ, агар фуқаролик туғилган ери билан боғлиқ равишда олинмаган бўлса, уни бекор қилиш имкони бор.
Сўнгги йилларда Россия фуқаролигини қабул қилганлар орасида марказий осиёликлар, хусусан, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳам кам эмас. Ҳозирча уларнинг аниқ сони маълум эмас.
Бахмутда “гўшт қиймалагич” жанглар кетмоқда
Бахмут ҳануз фронт чизиғининг «энг қийин нуқтаси» бўлиб қолмоқда.
Украина кучлари Бахмутга олиб борадиган асосий таъминот йўлини назорат қилаётганини билдирди.
Россия кучлари 10 ойдан бери шаҳарни тўла эгаллашга уринмоқда. Томонлар Бахмутдаги жангларни “гўшт қиймалагич” га қиёсламоқда.
Шаҳардаги ҳар бир уй, мавзе учун аёвсиз жанглар кечмоқда.
Украинанинг шарқий округи матбуот котибининг билдиришича, «ҳаёт йўли» деб аталган Часив Ярдан Бахмутгача бўлган 17 километрлик йўл ҳали ҳам Киев назорати остида.
Уруш шароитида томонлар маълумотларини Озодлик мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.
Уманда ҳалок бўлган болалар дафн қилинди
Россиянинг Уман шаҳрига қилган ракета ҳужуми натижасида ҳалок бўлган болаларнинг дафн этиш маросими бўлиб ўтди.
Жума кунги ҳужумда 23 киши қурбон бўлди. Уларнинг барчаси Уман шаҳридаги турар-жой биносига иккита ракета тушиши оқибатида ҳалок бўлган. Украина ички ишлар вазири Игор Клименко қурбонлардан олти нафари болалар эканини маълум қилди
«Мен шу яқин атрофда яшайман. Бу болаларни гўдаклигида бери яхши билардим. Шахсан ўзим уларни шу черковда чўқинтирганман. Мени ҳам фарзандларим бор ва шу мамлакат фуқаросиман. 15 йилдан бери шу шаҳарда яшаб келаман. Энди ҳаммадан хавотир оляпман», черков руҳонийси Фёдор Боцу.
Украина расмийларига кўра, рус қўшинларининг Уман шаҳрига ҳужуми оқибатида оқибатида 9 қаватли уйнинг ярми тўлиқ вайрон бўлган. Вайроналар остидан 17 кишини қутқариб олишга муваффақ бўлинган. Яна икки аёл қидирилмоқда.
Россия ракета зарбаларидан Николаев шаҳрида бир киши ўлди, 23 киши яраланди
Пайшанба (27 апрел) куни Россия Украина жанубида жойлашган Николаев шаҳридаги кўпқават уй ва бошқа биноларга ракеталар билан зарба бериши оқибатида бир киши ҳалок бўлди ва бир ёш бола дохил 23 киши яраланди, дея маълум қилишмоқда Украина расмийлари.
“Кечаси Россия Қора денгиз акваториясидан Николаевга тўртта “Калибр” ракетасини отди.
Ракеталар хусусий уйлар, тарихий бино ва кўпқават уйни нишонга олган. Айни пайтда бир киши ўлгани ва 23 киши, жумладан бир бола яралангани маълум”, деб ёзди Зеленский “Телеграм”да.
Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати ёйинлаган видеода қутқарувчилар шикастланган бинолар ҳудудида ишлаётганини кўриш мумкин.
“Биз ҳеч қачон саёҳатларга чиқмадик, ҳеч қачон дам олмадик. Топганимизни мана шу уйга сарфладик. Кейин “русский мир” келди. Қирилиб кетсин бу руслар! Бошимизга бало бўлишди! Ҳеч вақосиз қолдик!” – қичқиради Елена Чебан вайрон бўлган уй ёнида ўтирар экан, йиғидан ўзини зўрға тийиб.
Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Ким қутқарув хизматлари ракета парчаларидан ҳосил бўлган бир неча ёнғинни ўчириб, харобаларни кўздан кечираётганини билдирди.
“Бу ерда келинимнинг ўғли Александр нобуд бўлди. Мен меҳмонхонада ухлаётгандим. Деразалар чил-чил синди...”, дейди шу ерда яшовчи 74 ёшли Мария Чернишова.
Россия минглаб одамлар ўлимига, миллионлаб кишиларнинг ўз уйларини тарк этишига ва шаҳарлар вайрон бўлишига олиб келган ушбу кенг кўламли босқин давомида тинч аҳолига қарата қасддан зарбалар бераётганини инкор этиб келади.
Николаев кемасозлик маркази ва порт шаҳар бўлиб, урушгача бу ерда қарийб 470 минг аҳоли истиқомат қиларди. Шаҳар уруш бошланганидан бери Россиянинг кучли артиллерия ва авиация ҳужумларига учрамоқда.