Украин ҳарбийлари АҚШ гаубицасидан душман позицияларини ўққа тутди
Америкада ишлаб чиқарилган М119 гаубицаси янги бўлмасада, Совет қуролларидан бир қанча устунлиги бор дейди Андрей исмли украин ҳарбийси
«Бу гаубица билан ишлаш осон. Совет давридаги гаубицадан ўқ узиш анча мураккаб, узоқ вақт талаб этади. Бизда эса вақт йўқ», дейди украин ҳарбийси Андрей.
Ярослав исмли ҳарбий Бахмутда рус қўшинларига зарба бериш қийинлашганини қўшимча қилди.
«Илгари душман катта-катта гуруҳ бўлиб юрарди. Эндиликда улар мослашишган, уларни кичик гуруҳларда ҳаракатланаётганини кўряпмиз. Уч-тўрт киши 20-30 метр масофани қўриқлашяпти», дейди украин ҳарбийси Ярослав.
Украина қуролли кучлари бош штабининг хабар беришича, рус кучларининг Бахмут шимоли-ғарбида кки қишлоққа ҳужуми қайтарилган. Ўнлаб аҳоли пунктлари руслар томонидан ўққа тутилди.
Россия Украинанинг ўқ-дори омборларига зарба берганини иддао қилди
Россия Украина ўқ-дори омборлари ва бошқа ҳарбий объектларга зарба берганини билдирди. Ўз навбатида Украина ҳам Россия ҳарбий нишонларига зарба берганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков Россия қуролли кучлари Купянск, Красний Лиман (Лиман) ва бошқа йўналишлардаги нишонларга ҳамда Украина ҳарбий объектларига зарба берди, дея хабар қилди.
Вазирликнинг билдиришича, Россия қуролли кучлари Донецкдаги 108-ҳудудий мудофаа бригадаси ва 72-механизациялашган бригаданинг ўқ-дори омборларига ҳужум қилган.
Конашенковга кўра, рус қўшинлари Херсонда АҚШда ишлаб чиқарилган М777 артиллериясини йўқ қилган. Россия ҳарбий-ҳаво кучлари эса Су-25 самолётини уриб туширган.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Россия армияси ўзининг асосий кучларини Бахмут, Авдивка ва Маринкага ташлаганини, бироқ Украина қўшинлари ўтган 24 соат ичида Россия ҳужумларини қайтарганини даъво қилди.
Энг шиддатли жанглар Бахмут ва Маринка атрофида кечган.
Украина ҳужумга, Россия мудофаага ҳозирланмоқда
Украинанинг босиб олинган Полоҳи шаҳри яқинидаги танкга қарши хандақлар 30 кмга қадар чўзилган. Ҳандақлар «аждаҳо тишлари» деб аталган баррикадалар билан мустаҳкамланган.
Ундан орқада эса Россия қўшинларининг мудофаа хандақлари жойлашган.
Cаpella Space томонидан олинган сунъий йўлдош тасвирларида кўринадики, мудофаа тўсиқлари Украина шарқидан Қримгача чўзилган Россия истеҳкомларининг бир қисми.
Рейтерс агентлиги фронт чизиғидаги минглаб мудофаа позицияларининг сунъий йўлдошдан олинган суратларини кўриб чиқди. Суратлар Запорожье вилояти ва Қрим ярим оролига кириш чизиқлари энг қаттиқ ҳимояланганлигини кўрсатмоқда.
Ҳарбий экспертларнинг таъкидлашича, бу мудофаа чизиқлари Украинанининг қарши ҳужумини қийинлаштириши мумкин.
«Улар Украинанинг ҳаракатини чеклашга ҳаракат қилмоқда. Бундай вазиятда украин қўшинлари рус мудофаа чизиғини ёриб ўтиб, ҳарбий машиналарини қирғоқ чизиғига ёки орқа ҳудудларга тезлик билан олиб ўтишга ҳаракат қилишади. Россия мудофаа чизиқларининг узунлиги ва кенглиги буни олдини олишга мўлжалланган», деди Миддлебури халқаро тадқиқотлар институти тадқиқотчиси Жон Форд.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, мудофаа чизиғи 120 км га қадар чўзилган.
Пригожин: Украинанинг қарши ҳужуми муқаррар
Россиянинг «Вагнер» ҳарбий ширкати раҳбари Евгений Пригожин Украина «муқаррар» қарши ҳужумга тайёрланаётганини айтди.
Пригожин ўз Телеграм-каналида эълон қилган мурожаатида Россия хавфсизлик тузилмасини яна бир бор танқид қилди.
"Украина армияси ҳужум бошлаб, бизни қанотлардан узиб қўйишга тўлиқ шай. Ҳеч ким қанотларимизни ёпгани йўқ. Украинани Бахмутга ҳарбий заҳираларини кириитиши олдини олингани ҳақидаги гапларнинг бари бўлмағур. Россия армияси бирорта ҳам ўқ уза олмаяпти. На уларга на бизга ўқ дори етказиб берилмаяпти. ўқ дори етказиб бермаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида буйруқ чиқарилди. Илгари ҳам айтганимдек, ўқ-дорилар омборларда ётибди. Бунга масъул нопоклар урушда ҳалок бўлганларнинг оналари олдида жавоб бериши керак. Чунки бирга беш нисбатда қурбонлар беряпмиз. Ўқ-дори етишмаслиги сабабли бинога ҳужум вақтида битта эмас, беш нафар аскарни йўқотяпмиз. Украинанинг ҳужуми муқаррар. Россияда ўқ дори заҳираси мавжуд. Бироқ, ҳужум ва ҳимояни кучайтиришимизга йўл беришмаяпти”, деди "Вагнер" раҳбари Пригожин.
У шунингдек, Вагнер қўшинлари Украинанинг шаҳарни қайтариб олишга бўлган ҳар қандай уринишини тўхтатиш учун қўлидан келганини қилади, деб айтди.