Россия ва Украина ҳарбий асирлар алмашди
Украина маҳбуслар алмашинуви доирасида 44 нафар украин ҳарбий асирларини Россия асирлигидан озод қилди.
Украина давлат хавфсизлик хизмати озод қилинган украиналик ҳарбий асирлар акс этган тасвирларни тарқатди.
Рейтерс кадрлар санаси ва жойлашувини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Андрей Ермак 42 нафар аскар ва икки нафари тинч аҳоли асирликдан қайтарилганини, улардан баъзилари қийноқлар пайтида жароҳат олганини қайд этди.
Томонлар ўн беш ойдан бери мунтазам равишда маҳбуслар алмашинувини амалга ошириб келади.
Россия Мудофаа вазирлиги Украинадан қайтарилган 40 нафар россиялик ҳарбий хизматчилар акс этган видеони эълон қилди.
«Озод қилинганларнинг барчасига зарур тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилмоқда», — деди Россия мудофаа вазирлиги
Зеленский Си Цзин Пин билан бўлиб ўтган суҳбати ҳақида гапирди
Украина президенти Владимир Зеленский Украина ва Хитой ўртасидаги муносабатларига «янги туртки бериш учун имконият борлигини» айтди:
"Бугун мен Хитой раҳбари билан гаплашдим. Бу узоқ ва жуда мазмунли суҳбат бўлди. Одатда бундай мулоқот имкониятларни очади, дейишади. Ҳозир Украина ва Хитой ўртасидаги муносабатларимизга янги куч бағишлаш имконияти мавжуд. Хитойнинг сиёсий таъсиридан тинчликка асосланган тартибни тиклашда фойдаланиш имконияти мавжуд”.
Зеленскийнинг қўшимча қилишича, «тинчлик»ни тиклаш бўйича етакчиларнинг фикрлари суҳбатнинг муҳим қисми бўлган.
Зеленский мулоқотни давом эттиришга келишиб олганликларини таъкидлади.
Украина урушида асосий жанггоҳлар ўша-ўша: Бахмут, Авдеевка, Марьинка
Ўтган суткада Украина қўшинлари ҳануз энг қақшатқич жанглар бўлаётган Бахмут, Авдеевка ва Марьинка йўналишларида Россия армиясининг 36 ҳужумини қайтарди, дея маълум қилди Украина ҚК Бош штаби 25 апрел оқшомидаги хабарномасида.
25 апрелда Купянск шаҳри (Харьков вилояти) маркази ўққа тутилиши натижасида 54 ва 57 ёшли икки аёл нобуд бўлиб, 10 киши яраланди – улардан 4 нафари шифохонага ётқизилган.
Россия шаҳар марказига С-300 русумидаги иккита ракета билан зарба берган эди. Ҳужум натижасида ўлкашунослик музейи биноси вайрон бўлди.
Украина жанубида – Запорожье ва Херсон вилоятларида қарийб 30 та аҳоли маскани артиллерия ва ракета зарбаларига тутилди. Қурбонлар ва жабрланганлар тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
Мамлакатнинг шимоли-шарқида – Суми ва Чернигов вилоятларида чегара яқинидаги Коренёк ва Леоновка қишлоқлари уч марта миномётдан ўққа тутилди.
Германия ҳарбий-ҳаво кучлари: Болтиқ денгизида Россиянинг 3 самолёти тўхтатиб қолинди
Германиянинг Luftwaffe авиакомпаниясининг хабар беришича, транспондер сигналларисиз учаётган Россиянинг учта ҳарбий самолёти Болтиқ денгизи устидаги халқаро ҳаво ҳудудида тутиб олинган.
Германия ва Буюк Британия ҳавога Eurofighter самолётларини кўтарган. Аниқланишича, Россиянинг 2 та Су-27 қирувчи самолёти ва битта Илюшин Ил-20 самолётини халқаро ҳаво ҳудудида ҳаракатланаётган бўлган.
Шу ой бошида Германия НАТОнинг Болтиқбўйи ҳаво полицияси миссиясини Британияга топширди. Литва, Латвия ва Эстониянинг ўз қирувчи самолётларига эга эмас, шу сабабли ҳам НАТО иттифоқчилари у ердаги ҳаво ҳудудини ҳимоя қилишга масъул.
Россиянинг Икки стратегик бомбардимончи самолёти Норвегия сувлари устида ҳаракатланди.
Россия Мудофаа вазирлиги Иккита Ту-160 стратегик бомбардимончи самолёти Баренц ва Норвегия денгизининг нейтрал ҳудудида 14 соатлик парвозни амалга оширганини маълум қилди.
“Парвоз давомида самолётлар ҳавода ёқилғи қуйишни машқ қилди. Қирувчи эскортга МиГ-31 самолётлари ёқилғи қуйди", дейилади Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида.