Польша Россия билан чегарасига элтекрон тўсиқлар ўрнатмоқда
200-километрлик электрон тўсиқлар Россиянинг Калининград области билан чегарада ўрнатила бошлади.
Бу тўсиқ кузатув камералари ва ҳаракатни сезувчи датчиклар билан жиҳозланган. Умумий тўсиқ 12 бўлимдан иборат бўлади, унда жами 3 мингта камера ўрнатилади.
Бундай тўсиқни ўрнатишдан мақсад - Польша расмийларига кўра, Россиянинг агрессив сиёсатидан туғилган таҳдид олдини олишдир.
Польша ички ишлар вазири Мариуш Каминьский, “Бу Европа иттифоқидаги энг ҳимояланган чегара бўлади” деди.
Президент Путин Херсон ва Луганск вилоятларига борди
Луганск ўққа тутиларкан, Кремль Владимир Путиннинг қисман Россия назоратида бўлган Луганск ва Херсонга борганини хабар қилди.
Ҳозирча Кремль эълон қилган кадрларни мустақил равишда тасдиқлашнинг имкони бўлмади.
Путин Херсон вилоятидаги штабда ҳаво-десант кучлари ва «Днепр» армия гуруҳи қўмондонлари ҳамда бошқа юқори мартабали офицерлардан Херсон ва Запорожедаги вазият борасидаги ҳисоботларини тинглаган.
Хабарларга кўра, Россия қўшинлари Украинанинг қарши ҳужуми олдидан Днепр дарёси қирғоғидаги позицияларини мустаҳкамламоқда.
Украина ҚК Бош штабининг кундалик ҳисоботида айтилишича, Украина ҳарбийлари ўтган 24 соат ичида Бахмут ва Маринкада душманнинг 70 дан ортиқ ҳужумини қайтарган.
Қўшни Луганск вилоятининг ўққа тутилиши оқибатида бир неча тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди ва инфратузилмага жиддий зарар етди, дея хабар берди минтақа расмийлари.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни мутстақил манбалардаг тезкор текшириш имконига эга эмас.
Иркутск яқинида Украинада ўлган аскарларнинг янги мозори топилди
Гап Иркутск шаҳри яқинидаги “Вагнер” ХҲШ ва Россия ҳарбийларининг қабрлари ҳақида бормоқда, лекин улардан бир туркуми аввал жамоатчиликка маълум эмасди, деб ёзади “Люди Байкала” нашри.
Барча қабрлар шаҳардан 11 чақирим нарида жойлашган Александр қабристонида жойлашган.
Улардан 13 таси ҳарбийлар ва кўнгиллилар дафн қилинадиган “Қаҳрамонлар хиёбони”да бўлса, “Вагнер” ХҲШнинг 53 нафар ёлланма аскари кўмилган 53 та янги гўр – қабристоннинг нариги чеккасида, дея хабар қилишмоқда журналистлар.
Мақолада айтилишича, ўтган йили кузда қабристон теварагидаги ўрмоннинг бир қисми кесилиб, янги қабрларга жой ҳозирланган экан, аммо журналистлар бундан яқинда хабар топишган.
Ўлганларнинг 43 нафари маҳкумлар бўлгани айтилмоқда: улардан 17 нафари одам ўлдиргани учун, қолганлари эса ўғирлик ва наркотикка доир ишлар бўйича қамалган. Журналистлар 10 кишининг судланганини тасдиқлай олмаганлар.
Москвада ҳарбий хизматга чақирув учун видеокузатув мосламаларини қўлланмоқда
Москвада ҳарбий хизматга чақириладиганлар яшаш манзилини аниқлашда видеокузатув тизими қўлланмоқда.
“Чақириқ ёшидаги шахсларнинг яшаш манзиллари Москва шаҳри видеокузатув тизими орқали аниқланмоқда, шаҳар мэри фармойишига мувофиқ, ҳарбий хизматга чақириладиганлар ишлайдиган корхона-ташкилотлар ҳарбий комиссариатга улар ҳақида маълумот беряпти”, дейдм шаҳар ҳарбий комиссари Максим Локтев ТАСС агентлигига.
Комиссарга кўра, россияликлар ҳарбий комиссариатга бормаётганининг асосий сабаби – кўпчилик ўзи рўйхатдан ўтган манзилда яшамаслиги билан боғлиқ бўлиб, натижада уларга чақирув қоғозини топшириш имкони бўлмаётир. Яъни, баёнотларга кўра, расмийлар фуқароларнинг бу урушга бормаслик истагини инобатга олмаётир.
Ҳарбий комиссарга кўра, баҳорги кампания доирасида 5 мингдан зиёд киши ҳарбий хизматга чақирилади.