“Урушдан кўра тинчлик ҳақида гапиришни афзал кўрадиган” етакчилар
Бразилия президенти Луиз Инациу Лула да Силва тинчлик ўрнатиш учун Россия-Украина урушига алоқадор бўлмаган давлатлар гуруҳини тузишни таклиф қилди.
У жорий ҳафта бошида хитойлик ҳамкасби Си Цзинпин билан ҳам бу масалани муҳокама қилганини айтди:
«Украинда тинчлик ўрнатиш жуда қийин. Путин тўхташ учун ташаббус кўрсатмайди, Зеленский ҳам бу ташаббусини ўз зиммасига олмайди. Европа ва АҚШ уруш давом этишига ҳисса қўшмоқда. Менимча, бир стол атрофида ўтириб, «бўлди, музокараларни бошлайлик» деб айтадиган вақт келди”.
Осиёга сафарини якунлаган Бразилия президенти, “урушдан кўра тинчлик ҳақида гапиришни афзал кўрадиган” етакчилар гуруҳини йиғишга уринаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу етакчилар қаторида ХХР раиси Си ва БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнлар бор.
АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия Украинага бостириб кирганидан бери Украинани қурол-яроғ билан таъминлаб келмоқда. Хабарларга кўра, шу йил бошида Германия Бразилиядан ҳам қурол етказиб беришни сўраган, бироқ Лула рад этган. Бу орада, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Бразилияга ташрифи ҳам кутилмоқда.
Германия Украинадаги муҳтамал ҳарбий жиноятларга оид 337 та хабарнома олди
Ушу маълумот Бундестаг депутати Гюнтер Крингс Федерал ички ишлар вазирлигига сўров жўнатганидан сўнг ошкор бўлди: жиноий полиция идораси Украинада содир этилган муҳтамал ҳарбий жиноятларга доир 337 та хабарнома олинганини билдирган.
Хабарномалар украиналик қочқинлардан ҳам, фуқаролардан ҳам келган.
Крингснинг сўровига жавобда Германия Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар бўйича далиллар тўплаётган украин терговчиларига техник кўмак кўрсатиш мақсадида суд-тиббий экспертиза ашёлари харид қилиши ва етказиб бериши қайд этилган.
Словакия ваъда қилинган 13 та МиГ-29 қирувчи учоқларининг барчасини Украинага берди
Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилди. Вазир Ярослав Надга кўра, “учоқлар қуруқлик орқали, мумкин қадар хавфсиз тарзда етказилган ва бу жуда муҳим ва мураккаб логистика амалиёти бўлган”.
Аввалроқ Польша ҳам Украинага тўртта МиГ-29 учоғини берган ва яна олтита учоқ етказиб беришни режалаётганини билдирган эди. Шунингдек, Германия Польшага собиқ ГДР захираларидан бешта учоқни Киевга реэкспорт қилишга рухсат бергани хабар қилинди.
Украина ҳукумати музокараларда ўз иттифоқчиларидан қирувчи учоқлар етказиб беришни илтимос қилиб келади.
Белгородга зарба йўлланиши натижасида электр тармоғи ишдан чиқди
Дастлабки тахминга кўра, гап дронлар ҳужуми ҳақида бормоқда, деб ёзади Baza. Ижтимоий тармоқларда шаҳарнинг бир қисми электрсиз қолгани айтиляпти.
Белгород вилояти раҳбари Вячеслав Гладков шаҳар ва тумандаги иккита “фуқаровий объектда ёнғин чиққани қайд этилган”ини билдирди. “Жабрланганлар йўқ. Барча қутқарув хизматлари воқеа жойида, ёнғинни ўчириш ишлари давом этяпти”, деб ёзди мулозим.
Белгородга дронлар ҳужум қилгани ҳақидаги маълумот юзасидан ҳеч бир томон расмий изоҳ берган эмас. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Курск, Брянск, Белгород вилоятларининг чегара қишлоқлари тез-тез ўққа тутилмоқда. Белгород вилоятида террорчилик хавфининг юқори даражаси ва унга қарши чора кўриш бўйича ўртача даража жорий этилган.
16 апрел куни маҳаллий маъмурлар Шебекино шаҳар округига қаровчи Новая Таволжанка ва Терезовка қишлоқлари ўққа тутилганини маълум қилди.