Лукашенко: Россия Беларусни ҳимоя қилишига кафолат керак
Украинага босқинда Путинни яқиндан қўллаётган Александр Лукашенко Белорус ҳужумга учраган тақдирда Россия ёрдамга келиши борасида Кремлдан кафолат сўради.
Лукашенко бу ҳақида Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан Минскдаги учрашувда суҳбатлашган.
Лукашенконинг сўзларига кўра, бу масалани аввалроқ Россия президенти Владимир Путин билан ҳам муҳокама қилган. У Путин билан хавфсизлик кафолатлари зарурлиги ва уни расмийлаштириш зарурати ҳақида келишиб олган.
"Агар Беларусга ҳужум бўлса, Россия Беларусни ўз ҳудуди каби ҳимоя қилади. Бизга шундай кафолат керак. Аслида, 90 йилларда бу масала озми кўпми муҳокама қилинган эди. Ғарбнинг ҳатти-ҳаракатларидан кейин бу ҳақида унутилган. Хўш, Америка бизга қандай хавфсизлик кафолатларини бериши мумкин? Ҳеч қандай. Бизга нисбатан провокация қўзғатишдан ташқари. Биз Россиядаги биродарларимиздан тўлиқ хавфсизлик кафолатига муҳтожмиз”.
Ҳозирда рус кучлари контингентини ўзида сақлаётган Беларус Россияга Украинадаги ҳарбий кампанияси давомида ёрдам таклиф қилган.
Минск Россияга урушнинг илк даврида Киевга ҳужум учун ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган эди.
Кўплаб қўшма ҳарбий машғулотлар ва юқори даражадаги рус расмийларининг ташрифлари Беларуснинг Украинага қарши янги ҳужумга расман қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни келтириб чиқарди.
Лукашенко эса буни рад этар экан, бироқ Беларус ўз ҳудудига ташқи тажовуз бўлган тақдирда бунга жавоб беришини таъкидлаб келади.
БМТ Украинадаги урушнинг касалхоналар фаолиятига таъсиридан хавотир билдирди
БМТ Украинадаги урушнинг касалхоналар ва тиббиёт ходимлари фаолиятига таъсиридан хавотир билдирди.
«Кенг миқёсли уруш бошланганидан бери Украина фронт чизиғининг ҳар икки томонида соғлиқни сақлаш муассасалари вайрон бўлган ёки зарар кўрган. ЖССТ маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойида соғлиқни сақлаш тизимига камида 24 та ҳужум бўлган. 2022 йилда бутун дунё бўйлаб тиббиёт ходимларига қилинган ҳужумларнинг қарийб 70 фоизи Украинада содир бўлган», деди БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик.
Дюжаррик тиббиёт ходимлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари халқаро гуманитар ҳуқуқ доирасида ҳимоя қилиниши зарурлигини таъкидлади.
Кара-Мурза: Россияликларни Кремл режими хавфлилигига ишонтира олмаганимдан афсусланаман
Украинага уруш бошланганидан икки ой ўтиб ҳибсга олинган россиялик мухолифатчи Владимир Кара-Мурза 10 апрель куни судда сўнгги сўзини айтди.
Давлатга хиёнатда ва Россия армияси тўғрисида фейк маълумотларни тарқатганликда айбланаётган мухолифатчи Владимир Кара-Мурза суддаги чиқишида қилган ишидан фахрланишини таъкидлади. Кара-Мурзанинг суддаги нутқи тўлиғича унинг твиттер саҳифасида эълон қилинди. Суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.
Кара-Мурза Россиядаги ҳуқуқий вазият Сталин қатағонлари амалга оширилган 1930 йиллардаги вазиятни эсга солаётганини айтди.
У нутқида сиёсий фаолияти давомида россияликларни Кремл режими нақадар хавфли эканига етарли даражада ишонтира олмаганидан афсусланишини билдирди.
Владимир Кара-Мурза 2022 йилнинг апрелидан бери ҳибсда сақланмоқда. Унга нисбатан давлатга хиёнат, рус армияси тўғрисида фейк хабарлар тарқатиш ва исталмаган нодавлат ташкилоти фаолиятида иштирок этиш бўйича учта жиноят иши очилган. 6 апрель куни давлат қораловчиси суддан мухолифатчини 25 йилга қамашни сўраган.
Мустақил журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари Кремлни Владимир Кара-Мурзага нисбатан таъқибни тўхтатишга ва уни қамоқдан озод қилишга чақириб келади.
Сахалинда урушга қарши варақа тарқатган аёл жаримага тортилди
Россиянинг Сахалин вилояти Невельск шаҳрида маҳаллий турғун аёллардан бири урушга қарши қўлёзма варақалар тарқатганлик учун суд ҳукми билан 30 минг рубль жаримага тортилди.
Тергов версиясига кўра, 2022 йил декабридан буён судланувчи аёл шаҳардаги уйларнинг почта қутиларига ўзи тайёрлаган варақаларни тарқатиб келган. Шу пайтгача у Украинадаги уруш ҳақида 64 та варақа тарқатишга муваффақ бўлган.
Суд аёлнинг бу қилмишини “Россия армиясини обрўсизлантириш” деб топган. Россия судлари урушга қарши ҳар қанақа чиқишни ёки Россия қўшинларининг ҳарбий жиноятлардаги иштирокига оид хабарларнинг ҳаммасини “армияни обрўсизлантириш” ўлароқ тан олиб келмоқда.