“Медиазона” ва “Би-би-си” рус хизмати қарийб 20 минг россиялик аскар ўлимини тасдиқлади
Россия Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан бери фронтда камида 19 688 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган – “Медиазона” ва “Би-би-си” рус хизмати журналистлари айнан шунча ўлган аскарнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлганлар.
Журналист ва волонтёрлар очиқ манбалар (ОАВдаги таъзияномалар, ўлган аскарларнинг қариндошлари ижтимоий тармоқларда қолдирган хабарлар ва ҳкз.)дан олинган маълумотлар асосида сўнгги икки ҳафтада Россия ҳарбийларининг Украинадаги талафотлари 1665 кишини ташкил қилганини аниқлашди.
Талафотнинг энг катта қисми маҳкумлар ва “Вагнер” ХҲШ ёлланма жангчилари ҳиссасига тўғри келмоқда: журналистлар сўнгги икки ҳафтада Бахмут остонасида 1100 “вагнерчи” ўлганини қайд этишди.
Шунингдек, суриштирув сафарбарлик бўйича аскарликка олинганлар орасида йўқотишлар сони ошганини кўрсатмоқда:
2023 йил 24 март ҳолатига 1617 нафар сафарбар қилинган аскар ўлими аниқланган бўлса, 7 мартга қадар улар сони 1783 кишига ошган.
ОАВлар томонидан тасдиқланган ўлимлар сони бўйича Россия ҳудудлари орасида Краснодар ўлкаси (800 киши ўлган), Свердлов (782 киши) ва Челябинск (649 киши) вилоятлари етакчилик қилмоқда. Айни чоғда Москвадан 120 ва Санкт-Петербургдан 173 киши ҳалок бўлгани маълум.
Ўлганларнинг ҳақиқий сони, суриштирувчиларга кўра, бир неча баравар кўп бўлиши мумкин. Қолаверса, бедарак йўқолганлар ва асирга тушганлар сони ҳам номаълум.
“130 мингдан 270 минггача одам ўлган ва ҳалок бўлган. Бу фақат ҳарбийлар”, дейди Conflict Intelligence Team аъзоси Руслан Левиев Россиянинг Украина урушидаги талафотлари ҳақида гапирар экан.
Эрдўғон Анқарада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди
Учрашув олдидан журналистларга интервью берган Лавров агар ғалла ва ўғит экспорти йўлидаги тўсиқлар бартараф этилмаса, Украина ғалласини қуруқлик орқали экспорт қилишга мажбур бўлиши, Москва эса БМТ воситачилигидаги дон келишувидан чиқиши ҳақида огоҳлантирди.
Россия, Украина, Туркия ва БМТ томонидан имзоланган ва икки марта узайтирилган келишув Украинанинг Қора денгиздаги порт шаҳарлари Одесса, Черноморск, Южний/Пивденнийдан озиқ-овқат ва ўғитлар, жумладан аммиакни экспорт қилишга имкон беради.
Донбас шимолида Украина гаубицалардан ўт очмоқда
Украина армияси Лиман яқинидаги ўрмондан туриб душман позицияларини гаубицалардан ўққа тутди.
Лиман шаҳри 2022 йил октабр ойида Украинанинг йирик қарши ҳужуми чоғида Украина қайтариб олинган эди.
27 ёшли ҳарбий командир Виктор ғарб гаубицаларидан фойдаланиш қулай экани, тезкор маневрларни қлишга имкон беришини айтади.
«Бу ўзини ўзи бошқарадиган гаубица, ажойиб машина. Биз тезда ўз позициямизни эгаллаб, нишонга олишимиз ва ўт очишимиз сўнгра эса душман зарба бермасидан олдин дарҳол ортга қайтишимиз мумкин».
Бошқа бир ҳарбий, Александр эса украин ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи янги сафарбар этилган аскарларникидан юқорироқ эканини айтди.
«Бу дивизия рус армиясини ўлдирадиган профессионал жангчилардан иборат. Бу профессионал армия, улар замонавий қуроллар билан жиҳозланган. Улар бошқаларга қараганда кўпроқ ҳаракат қилишмоқда. Янги сафарбар қилинган аскарлар окопда туриб жанг қилса, бу йигитлар ҳафтада етти кун, 24 соат ҳужум қилишга қодир. Улар кутиб ўтириб кутишмайди, улар доим жангга шай».
Унинг қўшимча қилишича, сўнгги кунларда руслар Лиманга артиллерия зарбаларини кучайтирган.
Украина яқин ҳафталар ёки ойлар ичида қарши ҳужум бошлашга умид қилмоқда.
Зеленский мусулмон аскарлари учун ифтор берди
Кеча Украина президенти Киевда бир қанча мусулмон ҳарбийларга ифторлик ташкил қилди.
Зеленский ҳарбийларни медаллар билан тақдирлаганидан сўнг, уларни ифторлик дастурхонига таклиф қилди.
Украина Қуролли кучларида хизмат қилаётган, Россия босқинидан Украинани ҳимоя қилаётган аскарлар ва зобитлар билан Зеленский ифторлик дастурхони атрофида очиқ ва самимий суҳбатлашди.
Зеленский Украинада биринчи марта расмий даражада ифторлик ўтказилаётганини айтди:
«Бугун биз Украина учун янги анъанани бошладик. Мусулмон жангчиларимиз, қаҳрамонларимиз учун расмий даражада ифторлик дастурхонини ёздик. Буни Қрим-татар ташкилоти ва миллати вакиллари ҳамда Украинадаги бутун мусулмон жамияти билан биргаликда ташкил қилдик. Бу билан биз Украина ҳар бир инсонни, ҳар бир жамиятни қадрлашини кўрсатяпмиз”.
У, шунингдек, Россия томонидан босиб олинган Қримдаги вазиятга изоҳ берди, чунки Украина яқин ҳафталар ёки ойлар ичида босиб олинган ҳудудларни қайтариб олиш учун қарши ҳужум бошлаши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда.
«Афсуски, Қрим замини рус истибдоди остида. У ерда ёвузлик ҳукм сурмоқда. Хўрлик, қатағон, қотиллик, уруш. Аммо, ишончим комил ёвузлик йўли бошланган жойда бизни ғалаба кутмоқда. Нафақат Украина учун, балки бутун дунё учун Қримни ғалаба билан деоккупация қилишдан бошқа йўл йўқ».
Қрим татарлари раҳбари Мустафа Жамилов Қримнинг озод бўлишига умид билдирди:
«Мусулмонлар қанчалик фаол эзгулик ва адолат тарафида бўлса, исломнинг халқаро мавқеи шунчалик юқори бўлади. Биз душманлар томонидан босиб олинган барча ҳудудларимизни албатта озод қиламиз, Қрим ҳам озод бўлишига ишонаман».