Линклар

Шошилинч хабар
09 август 2025, Тошкент вақти: 09:26

24 март Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Cайлов ва уруш хроникаси

Урушнинг 760-куни

Кроcус Cити Холлдаги теракт қурбонлари сони 137 кишига етди.

Украина президенти Владимир Зеленский Путин Красногорскдаги терактда “айбни бошқа бировга ағдариш йўлини қидирмоқда”, деди.

АҚШ президенти Жо Байден бир кун аввал Конгресс томонидан маъқулланган 1,2 триллион долларлик федерал харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини имзолади.

Россия Донецк вилоятида жойлашган Украинада Ивановское, Россияда Красное деб атаб келинган қишлоғини ўз назоратига олганини маълум қилди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Львов вилоятини ўққа тутди.

Авдеевканинг ғарбий томонида жанглар тўхтамаётир.

Украина Қуролли кучлари Севастополдаги “Ямал” ва “Азов” йирик десант кемаларига зарба берганини даъво қилмоқда.

Украина ҳудудининг шиддатли ўққа тутилиши туфайли Польша армияси тунда ўз самолётларини ҳавога кўтарди.

19:20 24.3.2023

Урушга боришни хоҳламаган федерал хизмат майори 6 ярим йилга қамалди

Россияда, Барнаул гарнизони ҳарбий суди Украинага урушга жўнатишларидан қўрқиб, Қозоғистонга қочган Федерал қўриқлаш хизмати майори Михаил Жилинни 6.5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Маълум бўлишича, ўтган йили сентябрда Жилин, ўз раҳбарияти уни Донбассга, гўёки “хизмат сафари”га жўнатмоқчи эканидан хабар топади. Сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, 27 сентябрда у хотини ва болаларини қонуний йўллар билан Қозоғистонга жўнатади. Ўзи эса Россия чегарачилари уни мамлакатдан чиқармаслигидан қўрқиб, ўрмонлар орқали юради ва Қозоғистон чегарачилари томонидан қўлга олинади. Эндиликда уни суд 6 ярим йилга қамашга қарор қилди.

Ўтган йилнинг сентябрида Россияда ҳарбий қисмлар ёки хизматни ўташ жойларини ўзбошимчалик билан тарк этганлик учун жазо чоралари кучайтирилган эди.

Ўшандан бери “қисман сафарбарлик” бўйича ҳарбий хизматдан бўйин товлаган ва Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан бош тортган россиялик ҳарбий хизматчиларга нисбатан юзлаб жиноят иши очилиб, бу ишлар юзасидан ҳозиргача ўнлаб ҳукмлар ўқилди.

19:18 24.3.2023

Қримдан қайтарилган болалар

Ўн етти нафар украин боласи, аннексия қилинган Қримдан Украинага қайтарилди: улар ишғол этилган ҳудудлардан “ёзги оромгоҳларга”, деб олиб чиқиб кетилган ва ярим йил Қримда қолиб кетган.

Болаларнинг айтишича, Қримда уларни Россия гимнини куйлашга мажбур қилишган, ёнларидан топилган сариқ-кўк байроқни ёқиб юборишган. Украинани қўллаб-қувватлашини яширмаган ўқувчиларни калтаклашган.

Болаларнинг сўзларига кўра, оромгоҳда уларга математика, рус тили ва инглиз тилидан дарс ўтишган. Ҳар тонгда уларга Россия гимни садолари остида бадантарбия қилдиришган.

“Бир қиз хонасида Украина байроғини яширинча сақларди. Хавфсизлик бўйича бошлиқ, Астахов дегани уни топиб олди ва ташқарида ҳаммамизни йиғиб, кўз олдимизда ёқди.

“Мамлакатингиз қандай ёнишини томоша қилинглар”, деди. Ҳар куни бизга: “Украина бу террорчилар юрти. Улар одамларни болаларни ўлдиришяпти. Сизлар Украинага керак эмассизлар”, дея қулоғимизга қуйишарди”. , дейди болалардан бири Қримда кечирган кунларини эсларкан. “Украина тарафидаман, деб айтган болани калтаклашарди. Қачон, ким сўрамасин: “Мен Россияни қўллаб-қувватлайман”, деб жавоб бериш керак эди”, дея қўшимча қилади у.

Болаларни қайтаришда ота-оналарга Save Ukraine фонди ёрдам берди.

“Болаларга “Сизларни эвакуация қиляпмиз, ҳаётингизни қутқариб қолдик”, дейишган. Ота-оналар оромгоҳга қўнғироқ қила бошлаганида эса, истасангиз, келиб, болангизни олиб кетинг, деганлар. Чунки бунинг имкони йўқлигини, ҳеч ким фронт чизиғидан ўта олмаслигини билганлар. Фақат битта йўли бор эди: Польша, Беларусь ва Россия орқали Қримга бориш. Қарийб 5 минг километр – бир тарафга. Халқаро жиноят судининг қарори бутун дунёга мужда бўлди. Путин – жиноятчи. Унинг қилган иши ҳарбий жиноят. Бу эвакуация эмас. Бу депортация”, дейди Save Ukraine фонди асосчиси Николай Кулеба.

18:26 23.3.2023

Зеленский Херсонда

Украина президенти Владимир Зеленский 23 март куни жанубий Херсон вилоятига сафар қилди, у ерда маҳаллий инфратузилмани кўздан кечирди ва Россия босқинидан кейин вайрон бўлган “ҳамма нарсани тиклашга” ваъда берди.

"Ўйлайманки, биз минтақадаги ҳамма нарсани жуда тез тиклаймиз. Ўйлайманки, ҳаммаси амалга ошади", - деди Зеленский маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашар экан.

Ўтган йили Украинанинг қарши ҳужуми Россия қўшинларини бир неча ойлик ишғолдан сўнг вилоят пойтахти Херсондан сиқиб чиқарди.

Бир кун олдин Зеленский Бахмут яқинидаги жабха чизиғига борди, қаҳрамон жангчиларни орден ва медаллар билан тақдирлади.

18:22 23.3.2023

FIFA тақиқига қарамай Россия футбол терма жамоаси Эрон билан ўйинга ҳозирлик кўрмоқда

Украинага босқин сабабли FIFA ва UEFA қўйган тақиқга қарамай, Россия 23 март оқшомида Эрон билан халқаро ўртоқлик ўйини ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда.

Ўтган йил феврал ойида Москва Украинага қарши уруш бошлаганидан бери Россия жамоалари Европа ва FIFA мусобақаларидан четлаштирилди.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Россия футбол федерацияси раҳбари Александр Дюков Осиё Футбол Конфедерациясига ўтишни Россия терма жамоаси ва клубларининг халқаро мусобақаларга қайтишига имкон бериши мумкин бўлган вариант сифатида эълон қилган эди.

Россиялик мураббий Валерий Карпин жамоаси учун Эронга қарши ўйин Россиянинг Украинага босқиндан кейинги тўртинчиси бўлади.

Россия терма жамоаси ўтган йили Қирғизистонни мағлуб этган, аммо Тожикистон ва Ўзбекистон билан 0: 0 ҳисобида дуранг ўйнаган.

Эрон жамоасига келсак, 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичидан чиқа олмаган.

Эрон жамоаси Уелс устидан ғалаба қозонган бўлса-да, АҚШ ва Англияга мағлуб бўлганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG