Медведевдан янги таҳдидли баёнот
Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев Халқаро жиноий суд буйруғи билан Владимир Путинни ҳибсга олишга ҳар қандай давлатнинг уриниши уруш эълон қилиш сифатида қабул қилинишини айтди.
"Тасаввур қилайлик. Бу ҳеч қачон содир бўлмайди, албатта. Аммо шундай бўлса, тасаввур қилайлик, бу вазият амалга ошди - ядровий давлатнинг амалдаги раҳбари, масалан, Германияга келди ва ҳибсга олинди. Нима. Бу? Россия Федерациясига уруш эълон қилиш бу!", - деди Медведев.
Дмитрий Медведев россиялик журналистларга, жумладан ТАСС давлат ахборот агентлигига берган интервюсида Украина унинг таъбирича “Буюк Россия”нинг бир қисми эканлиги ва яқин келажакда Россиянинг Ғарб билан алоқаларини қайта тиклаш истиқболини кўрмаётганини қўшимча қилди.
Украина Норвегиядан саккизта “Леопард 2” танкларини қабул қилиб олди
Норвегия Украинага ваъда қилган Германияда ишлаб чиқарилган саккизта “Леопард 2” жанговар танкларини Киев қабул қилиб олган. Бу ҳақда Норвегия қуролли кучлари эълон қилди.
Бир қанча Ғарб давлатлари Киевга Россиянинг босқинига қарши курашда ёрдам бериш учун замонавий жанговар танклар юборишга ваъда берди.
НАТОнинг бошқа давлатлари, жумладан, Германия, Польша ва Португалия Украинага жами 48 та “Леопард 2” танкини етказиб беришларини айтишган.
Россия билан чегарадош Норвегияда жами 36 та “Леопард 2” танки бор.
Запорожьеда ракета ҳужумидан жабрланганлар сони 34 кишига етди
Запорожьеда турар-жой биноларига ракета урилиши оқибатида бино вайроналари остида қолганларни қутқариш операцияси якунланди, дея билдирди Украина Ички ишлар вазири Игор Клименко.
"Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати қутқарувчилари вайроналар остидан 6 кишини қутқариб, иккита кўп қаватли уйдаги ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлди. 34 киши жабрланди. 29 киши касалхонага ётқизилди, улардан 3 нафари болалар. Афсуски, бир киши шифохонада вафот этди. ”, деб ёзди Facebook саҳифасида Клименко.
Киев вилоятида дрон ҳужумидан ҳалок бўлганлар 9 нафарга етди
Украина Фавқулодда вазиятлар агентлиги Россия кучларининг Киев вилоятидаги Ржишев шаҳрига берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 9 кишига етганини маълум қилди.
Чоршанба куни эрталаб Россия учирган Эронда ишлаб чиқарилган камикадзе дронлари Ржишевдаги касб-ҳунар мактаби ҳудудига урилган. Оқибатда иккита ётоқхона ва уч қаватли ўқув биносининг тўртинчи ва бешинчи қаватлари қисман вайрон бўлган эди.
Олдинроқ етти киши ҳалок бўлгани ва ўн нафар яралангани, жумладан бир бола ҳақида хабар берилган эди.
Давлат Фавқулодда Хизмати 23 март Киев вақти билан соат 09. 00 ҳолатига кўра, 9 киши ҳалок бўлган, етти киши жароҳатланган, вайроналар остидан бир киши чиқариб олингани ҳақида хабар берди.