Русларнинг 2 та Ту-95МС стратегик ракета ташувчиси Япон денгизи узра парвоз қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги 21-март, сешанба куни иккита Ту-95МС стратегик ракета ташувчиси Япон денгизи узра режали парвозни амалга оширганини маълум қилди.
Су-30СМ ва Су-35С қирувчилари бомбардимончи самолётларни етти соатлик жанговар парвоз давомида кузатиб борди.
Парвозлар АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги ва Япония Мудофаа кучлари Япония денгизи узра икки томонлама ҳарбий ҳаво машғулотларини ўтказганидан икки кун ўтиб ўтказилди. Шу куниёқ Япония бош вазири Фумио Кисиданинг Киевга ва Хитой раҳбари Си Цзинпиннинг Москвага ташрифлари амалга оширилди.
Экспертлар бу ҳаракатлар халқаро вазиятнинг янада таранглашишига олиб келишидан хавотир билдирмоқда.
ЕИ Украинага 2 миллиард евролик ўқ-дори беришни режаламоқда
Россия кучлари ўтган сутка давомида Бахмут, Авдивка, Лиман, Маринка ва Шахтёрск шаҳарларига 69 та ҳужум уюштирган.
Украина томонига кўра, Россия кучлари Донецк ва Запороже вилоятларида тинч аҳоли пунктларини ўққа тутмоқда, тинч аҳоли орасида қурбонлар бор.
Бош штабнинг қайд этишича, Херсон вилоятининг ишғол қилинган қисмида Россия кучлари тинч аҳолини Россия паспортини олиш учун зўравонлик қилмоқда.
Озодлик уруш шароитида бундай маълумотларни мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга бўлмаётир.
Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари эса Брюсселда, Украинага 2 миллиард евролик ўқ-дори ва артиллерия снарядларини етказиб беришни муҳокама қилиш учун йиғилди.
«Вақт тиғиз. Кўпроқ артиллерия ўқларини етказиб беришимиз керак», дея таъкидлади иттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррел.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба йиғилишда виртуал иштирок этиб, фронтдаги жорий вазият ҳақида маълумот берди.
Вазир, Киев Россиянинг шарқий фронтда ҳужумини тўхтатиш ва шу баҳорда қарши ҳужумга ҳозирлик кўриш учун ҳар ой 350 минг снаряд керак, деди. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Россиянинг босқини бошланганидан то ҳозиргача Украинага 13 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатди.
Бу учрашув давомида иттифоқ ташқи ишлар вазирлари украиналик болаларни Россияга мажбуран депортация қилгани учун Москвани жавобгарликка тортиш ҳамда Украина экспортини осонлаштириш чораларини кўриши ҳам айтилган.
17 март куни Гаага Халқаро жиноий суди Россия президенти Владимир Путин ва Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Лвова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди.
Россия президенти ХЖСнинг ордери ҳақида изоҳ бермади, бироқ унинг матбуот котиби бу қарорни қонуний аҳамиятга эга эмас, деб баҳолади.
Хитой раҳбари Си Цзинпин Москвага сафар қилмоқда
Цзинпин, Гаага суди Россия президенти Путинни қамоққа олишга ордер берганидан кейин у билан учрашган биринчи давлат раҳбари бўлди.
Россия ҳам, Хитой ҳам ХЖСга аъзо эмас.
«Си Цзинпиннинг айнан ҳозир Москвага ташриф буюриши у Путинни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида жуда муҳим сигнал. Қолаверса, АҚШ ва Ғарбга ўзларининг ҳамжиҳат эканликларини, АҚШ ва Ғарб таъсирига қарши туришда бирлашганликларини кўрсатиш ҳам мақсад қилинган», деди Неw Аmerican Security маркази раҳбари ўринбосари Андреа-Кендал Тейлор.
АҚШ ҳам ХЖСнинг юрисдикциясини ратификация қилмаган. Бироқ президент Жо Байден Путинга қўйилган айбловлар асосли эканига ишонишини айтди.
«У аниқ уруш жиноятларини содир этган», деди Байден.
Вашингтон раҳбарияти, Хитойнинг Россия босқинини қоралашдан бош тортганини урғулаб, Пекиннинг Украинадаги урушда воситачилик қилишига ишонч билдирмаётир.
Хитой ўтган ой Украинада можарони тўхтатишни кўзда тутувчи 12 банддан иборат келишувни таклиф қилганди. Аммо, айни пайтда, Пекин Россияга қурол етказиб беришга тайёрланмоқда, деган хавотирлар бор.
Путинни Мариуполда “Бу кўзбўямачилик!” деб қарши олишди
Владимир Путин 19 март куни кутилмаганда, Украинанинг Россия ишғоли остидаги Мариупол шаҳрига борди.
Кремль, Путин Мариуполда рус ҳарбий қўмондонлиги билан учрашгани ва ташрифдан сўнг Россияга қайтганини акс эттирувчи видеони эълон қилди.
Президент Владимир Путин Мариуполдаги кўпқават уй ҳовлисида аҳоли билан суҳбатлашди. Телеграм-каналлар, бу суҳбат асносида кимдир “Бу кўзбўямачилик!” деб қичқирганига эътибор қаратди.
Кадрларда Путиннинг ҳамроҳлари ўша онда теваракка аланглаб, қўллари билан имо-ишора қилаётгани кўринади. “Вёрстка” нашри видеони ўрганиб, унда акс этган бино “Невский” тураржой мажмуаси ва Путин билан гаплашганлардан бири ростдан ҳам мариуполлик эканини аниқлади.
Гаага суди, Путин Украинанинг ишғол этилган ҳудудлар, хусусан Мариуполдан болаларнинг Россияга ноқонуний депортация қилинишига жавобгар, деб гумон қилмоқда.
Россия армияси Мариуполни 2022 йилнинг майида, узоқ давом этган қамал ва қонли жанглардан сўнг босиб олган. Шаҳар артиллерия зарбаларидан деярли яксон бўлган.
БМТ маълумотига кўра, Мауриуполдаги кўпқаватли турар-жой биноларининг 90 фоизи ва хусусий уйларнинг қарийб 60 фоизи вайрон бўлган ёки шикастланган. Урушга қадар шаҳарда 426 минг аҳоли яшарди, улардан 350 минг киши қочқинга айланди. Россия қамали чоғида камида 25 минг киши ҳалок бўлди.