Зеленский: бутун жанубий, шарқий ҳудудларни озод қиладиган кун ҳам келади
Украина президенти Владимир Зеленский ўтган йили рус армиясининг Донетск вилоятидаги театрни бомбардимон қилиши оқибатида ҳалок бўлган аёллар ва болалар хотирасини ёд этди.
Мариуполдаги Донецк вилоят академик драма театри 2022 йил 16 март тонгида ракета ҳужуми натижасида вайрон бўлган эди. Россия шаҳарни қамал қилган пайтда тинч аҳоли театр биносида жон сақлаб келаётган эди.
Киев театр биносини бомбардимон қилишда Россияни айблаган, Россия эса ҳужум украин миллатчилари томонидан қилинганини иддао қилган.
Зеленский ўзининг кундалик видеомурожаатида Россияни бино ичидаги тинч аҳолини атайлаб нишонга олишда айблади:
“Бино ёнидаги «Болалар» ёзуви туширилган белги Россия кимни нишонга олганини аниқ кўрсатади. Бу бунга ўхшаш ҳужумлардан бири холос. Россия буларнинг ҳаммаси учун жавоб беради. Ўтган йилнинг март ойи ўрталарида босқинчилар мамлакатимиз шимолида эди. Кейин улар жанубда бутунлай бошқа позицияларни эгаллаб олди. Биз эса душманни у ерлардан қувиб чиқардик. Худди бошқа шаҳарларни озод қилганимиз каби Мариуполни, бутун жанубий, шарқий ҳудудларни озод қиладиган кун ҳам келади”.
БМТ: геноцид содир этганини тасдиқловчи далиллар ҳозирча топилгани йўқ
Украинада инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари бўйича олиб борилган суриштирувларда Россия армияси мамлакатда геноцид содир этганини тасдиқловчи далиллар ҳозирча топилгани йўқ, дея баёнот берди БМТнинг Украинадаги қонунбузарликларни тергов қилиш бўйича мустақил халқаро комиссияси раҳбари Эрик Мёсе.
“Биз Украинада геноцид бўлганини кўрмадик”, деди Мёсе. Унинг қўшимча қилишича, комиссия далилларни ўрганишда давом этмоқда, чунки “геноцид бўлгани эҳтимолига доир саволлар туғдирадиган айрим жиҳатлар бор”.
Айни чоғда Мёсе, 16 март куни эълон қилинган Россиянинг Украинадаги ҳарбий жиноятларига доир БМТ ҳисоботига изоҳ бераркан, комиссия “Россия томонидан содир этилган хилма-хил ҳарбий жиноятларни аниқлаган”ини урғулади.
Ҳисоботни тайёрлаш чоғида БМТ комиссияси аъзолари Украинанинг 56 аҳоли масканида бўлиб, 348 аёл ва 247 эркак билан савол-жавоб қилишди. Шунингдек, терговчилар Россия ҳарбийлари украинларни сақлаган авахталар ва қийноқхоналарни, оммавий қабрларни кўздан кечиришди.
Ҳисоботда, жумладан, комиссиянинг Россия армияси томонидан Украина аҳоли масканлари қасддан ўққа тутилган, портловчи қуроллар қўлланган ҳолатлар ҳужжатлаштиргани айтилади.
Шунингдек, комиссия Киев, Чернигов,Харьков ҳамда Суми вилоятларининг Россия ишғоли остида бўлган аҳоли масканларида содир этилган қатл қилиш, ноқонуний ҳибсда тутиш, шафқатсиз муомала, жинсий зўрлаш ва жинсий тусдаги бошқа зўравонлик ҳолатларини ҳам ҳужжатлаштирди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Украинанинг ноқонуний ҳибсда сақланиб, Россияга депортация қилинган тинч фуқароларидан кўпчилиги ҳанузгача бедарак йўқолганлар рўйхатида туради.
“Жинсий зўравонликни бошидан кечирганлар орасида барча ёш тоифаларидан бор. Баъзан оила аъзолари, шу жумладан болалар жиноят гувоҳи бўлишга мажбур этилган”, дейилади ҳисоботда.
Украина учун яна 150 “Леопард”
Бугунги ҳолатга кўра тўққизта мамлакат Украинага 150 дан ортиқ Leopard танкларини етказиб беришга розилигини билдирди.
Бу ҳақда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 15 март куни “Рамштайн” форматидаги 10-йиғилиш олдидан маълум қилди.
“Ушбу Мулоқот гуруҳи аъзолари сўнгги уч ойда Украинанинг ўз суверенитетини ҳимоя қилиш имкониятларини оширишида, жумладан танклар ва бошқа зирҳли техникалардан тўққиздан зиёд бригада ташкил этишида лидерликнинг ажойиб намунасини кўрсатдилар”, деди Остин.
“Рамштайн”: Украинага ўқ-дори ва янги турдаги қуролларни етказиб бериш давом этади
Онлайн режимида ўтказилган йиғилишда Украинага ўқ-дори ва янги турдаги қуролларни етказиб бериш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Президент Зеленский “Рамштайн” якунларини сарҳисоб қилар экан, “керакли қарорлар олинди” деди.
Пентагон раҳбари Ллойд Остин эса Россиянинг қуроллари ҳам, дўстлари ҳам тугаб бораётганини айтди:
“Биз Россиянинг нафақат қурол-аслаҳаси, балки дўстлари ҳам тугаб бораётганини кўряпмиз. Аксилпутин коалицияси эса тобора кенгаймоқда. Украина мудофааси бўйича мулоқот гуруҳимиз Киевни қанча керак бўлса, шунча дастаклайди. Швеция 10 та танк беради, Норвегия АҚШ билан биргаликда NASAMS ҲҲМ тизимларини тақдим этади, Нидерландия эса Украинага қурол-аслаҳалар бориши тўхтаб қолмаслиги учун янги шартномалар тузилишини таъминлайди. Словения ҳам Украина учун энг зарур нарсалар рўйхатидаги баъзи бандларни бажаришни зиммасига олди”, деди АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина мудофааси масалалари бўйича мулоқот гуруҳининг “Рамштайн” форматидаги 10-йиғилиши якунларига бағишланган брифингда.
“Ҳозирда Украинага пиёдалар жанговар машиналари ҳамда танклар етказиб берилмоқда, улар тез орада фронтда бўлади. Яхши тайёрланаётган украин аскарлари шарофати билан жанг майдонида навбатдаги муваффақиятли операцияларни кўрамиз”, дея қўшимча қилди Пентагон раҳбари.
Дания Украинага кўмаклашиш учун бир миллиард долларлик фонд ташкил қилади.
Фонднинг биринчи ва энг йирик ёрдами – Украина ҚК учун 5,4 млрд крон (тахминан 763 млн доллар)га қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника сотиб олиш бўлади, дея хабар қилмоқда Би-би-си.
Шунингдек, қарийб 170 млн доллар Украина инфратузилмасини тиклашга, 56 млн долларлик яна бир транш эса бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бундан ташқари, ҳукумат 2024-2027 йилларда Украина армиясига 2022 ва 2023 йилларда берилган техника ва қуролларни янгилаш учун ҳам маблағ ажратмоқчи.
“Рамштайн” форматидаги коалиция Россия агрессиясига қарши курашда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатаётан 40 мамлакатни ўз ичига олади.
Мазкур коалиция 2022 йил 26 апрель куни АҚШнинг Германиядаги “Рамштайн” ҳарбий базасида бўлиб ўтган биринчи саммитда шаклланган.