Украиналик миллиардер Жеваго Франциянинг экстрадиция иши доирасида судда иштирок этди
Украиналик магнат Константин Жеваго ўн миллионлаб долларларни ўзлаштирганликда айбланиб, унга нисбатан суд бошланди. Судда уни Украинага экстрадиция қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Жевагонинг иши Украина президенти Владимир Зеленский Совет Иттифоқи қулаганидан бери иқтисодиётда ҳукмронлик қилаётган олигархлар қанотларини қирқишга уринаётган пайтга тўғри келди.
Лондонда рўйхатга олинган темир гранулалар ишлаб чиқарувчи Феррехпо компаниясини раҳбари 49 ёшли украиналик миллиардер декабрь ойида Украина сўровига биноан ҳибсга олинган эди. У ҳозирда банкрот бўлган Финанc & Кредит Банкидан 113 миллион долларни ўзлаштиришда айбланган.
Жеваго 1 миллион евро гаров эвазига озод қилинди.
Ўтган ҳафта Украина суди 2015 йилда банкрот деб эълон қилинган банк устидан қарийб 46 миллиард гривна (1,25 миллиард доллар) миқдоридаги товон пули ундиришга ҳукм чиқарди. Суд компенсация учун «Жеваго»нинг Феррехпўдаги акцияларини мусодара қилишга қарор қилди.
Форбес Украине ойлик нашри Жевагонинг бойлигини 2021 йилда 2,4 миллиард долларга, 2022 йил охирида эса 1,4 миллиард долларга баҳолаган.
Бахмут учун жанглар давом этмоқда
Чоршанба куни Днепропетровск вилоятидаги Марганец шаҳри руслар томонидан ўққа тутилди – у ерда икки аёл ўлди, ўнлаб турар-жой биноси вайрон бўлди. Кун давомида Украинанинг кўплаб ҳудудларида, жумладан, Харковда ҳам ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш эълон қилинди.
Асосий жанглар Донбассда бўлиб ўтмоқда: вагнерчилар Бахмут ва унинг атрофида жуда сустлик билан олға силжишмоқда (Пригожин алоҳида стратегик аҳамиятга эга бўлмаган Зализнянское қишлоғини қўлга киритганини эълон қилди).
Бундан ташқари, Америка урушни ўрганиш институти рус қўшинларининг Купянскдан шимоли-шарқда, Харков ва Луганск вилоятларида Сватово-Кременная чизиғи бўйлаб кичик олдинга силжиши, шунингдек, Авдиевка-Донецк линияси бўйлаб давом этаётган Россия ҳужумлари ҳақида ёзади.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, феврал ойида Россия рекорд даражада йўқотишларга учраган ҳолда Украина ҳудудининг атиги 0,039 фоизини эгаллаб олди.
Россия Бахмут шаҳри яқинида кичик ютуқларга эришмоқда. Аммо бу катта йўқотишлар эвазига бўлмоқда, деди юқори даражали АҚШ генерали Марк Милли.
"Ҳозирда Бахмут ва унинг атрофида шиддатли жанглар кетмоқда. Руслар эса кичик тактик ютуқларга эришмоқда, аммо катта талафотлар эвазига. Фронт чизиғининг бошқа қисмларида вазият нисбатан ўзгармай қолмоқда. Ҳар икки томон маневрда сезиларли ютуқларга эришмади. Кўпгина мамлакатлар Украина мудофаасига кўмаклашиш учун ўқ-дори билан таъминлаш ва украин ҳарбийларини ўқитиш бўйича жиддий ҳаракатларни амалга оширмоқда”, - деди бирлашган штаб раҳбари генерал Марк Милли.
Ростов-Донда ФСБ бошқармасига қарашли бино ёнмоқда
Ростов-Дон шаҳри марказида ФСБнинг чегараларни қўриқлаш бошқармаси жойлашган бино ёнмоқда. Бошқарма омборида ҳар 5-10 сонияда ўқ-дорилар портлаяпти, дея хабар қилди 161.ru сайти ҳуқуқ-тартибот идораларида манбасига таяниб.
Ижтимоий тармоқларда эса воқеа жойидан олинган видеолар тарқалмоқда.
Ёнғин чегара бошқармасининг асосий биносида эмас, балки омборида бўлмоқда. Телеграм-каналларга кўра, гувоҳлар “пақиллаган товушлар”ни эшитганларини айтишган.
“Осторожно, новости” нашри ёнғиндан олдин портлаш содир бўлгани ҳақида ёзди.
Baza телеграм-канали омбор ходимларидан икки киши жабрланганини маълум қилмоқда. Бино ертўласида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин.
Mash канали маълумотига кўра, атиги бир киши жабрланган ва оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.
ФВВ ёнғин бўлганини тасдиқлади, тафсилотлар ҳозирча йўқ, деб ёзмоқда Озодликнинг рус хизмати.
Ростов вилояти Украинанинг фаол ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган Донецк ва Луганск вилоятлари билан чегарадош.
Остин Шойгу билан АҚШ дрони уриб туширилган воқеани муҳокама қилди
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан Қора денгиз устида АҚШ дрони уриб туширилишини муҳокама қилди.
Остин ва Сергей Шойгу охирги марта беш ой олдин ўзаро мулоқот қилган эди.
«Россиялик ҳамкасбим, Сергей Шойгу билан телефонда гаплашдим. Аввал ҳам таъкидлаганимдек, йирик давлатлар ўртасида шаффофлик ва мулоқот бўлиши муҳим. Қўшма Штатлар халқаро ҳаво ҳудудида ҳаракат қилишда давом этади. Шундай экан, Россия ҳарбий самолётларини хавфсиз ва профессионал тарзда бошқариши шарт». АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин.
Россия Украинага бостириб кирганидан бери АҚШ ва Россия юқори мудофаа раҳбарлари ўртасида мулоқотлар тўхтаган эди. Урушнинг дастлабки даврида Россия расмийлари АҚШ томонининг мулоқот борасидаги чақирувларидан бош тортди.
Шойгу ва Остин охирги марта ўтган йил октабр ойида гаплашган эди.